Янгича стандартдаги Super SIM-карта чиқди – энди флешканинг кераги йўқ!

  •   DiMaX
  •  4364
  •  23.12.2019 14:55

Янгича стандартдаги Super SIM-карта чиқди – энди флешканинг кераги йўқ!

Ҳозирда аксарият флагманлар MicroSD форматли хотира картасидан маҳрум этилган, айрим смартфонларда эса бу флешка иккинчи SIM-карта ўрнига қўйилади. Super SIM номли – янгича стандартдаги карталар эса ушбу муаммони бирйўла бартараф этиши билан бирга, 5G тармоғини ҳам қўллаб-қувватлайди.

ЎҚИНГ: SIM-карталардаги олтинни ажратиб олиш мумкинми?

Super SIM карталарни Хитойнинг China Unicom уяли алоқа оператори тажриба тариқасида Гуанчжоу шаҳрида жорий этди. Улар бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайди, хакерлик ҳужумларидан ишончли ҳимояланган ва MicroSD ўрнини босади – катта ҳажмли хотираси ҳам бор.

Янги стандартдаги SIM-карталар 32, 64 ва 128 гигабайтлик хотира билан чиқарилмоқда. Super SIM’даги маълумотлар шифрланган ҳолатда сақланади ва «булутли» сақлагич билан синхронлаша олади.

Super SIM-карталар жуда қулай: смартфонни алмаштирганда файлларни кўчириб ўтказишнинг ҳам ҳожати йўқ, SIM-картани янги қурилмага қўйишнинг ўзи етарли. Шунингдек, улар бегона бировнинг қўлига тушса ҳам, ичидаги файлларни кўра олмайди. Чунки файллар ўқилиши учун смартфонда махсус паролни териш керак бўлади.

ЎҚИНГ: Исталган телефон ҳимоясини SIM-карта орқали бузиш йўли топилди – биттагина SMS кифоя экан!

Айтиш керакки, ҳозирда амалда бўлган оддий SIM-картанинг ўзида 512 килобайтгача хотира мавжуд. Бу эса атиги созламаларни, контактларни ва бир нечта SMS-хабарларни сақлаш учунгина етарли жойдир. «Бағри кенг» Super SIM эса, табиийки, оддийсидан бирмунча қиммат ҳам туради: хотира ҳажмига қараб 150 юандан 550 юангача (тахминан 22 – 79 АҚШ доллари).

Гуанчжоу шаҳридаги тажрибадан сўнг China Unicom бу карталарни 5Gжорий этилган бошқа шаҳарларида ҳам сотувга чиқаришни режалаштирган. Афсуски, Super SIM-карта ҳозирда амалда бўлган телефонларнинг слотига тушмайди, унинг учун махсус қурилма керак. Операторнинг ўзи янги стандартдаги карталарни қўйиш мумкин бўлган иккита моделдаги смартфонни сотувга чиқарган.

China Unicom янгича форматдаги Super SIM-карталарнинг оммалашувидан умид қиляпти. Шунда смартфонсозлар янги стандартдаги слотга эга қурилмалар ҳам чиқара бошлашади.

ЎҚИНГ: Telegram’да жиддий хатолик: барча шахсий маълумот ва ёзишмаларингизни SIM-картанинг янги эгаси кўра олади!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!