Юртимизда илк рақамли банкка лицензия берилди!

  •   DiMaX
  •  962
  •  27.08.2020 09:26

Юртимизда илк рақамли банкка лицензия берилди!

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан биринчи маҳаллий рақамли банк — «Анорбанк» АЖга лицензия берилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги шу ва IT-соҳага оид бошқа янгиликларни эълон қилди.

ЎҚИНГ: Ucell раҳбари Владимир Кравченкодан ўзбек тилини ўрганиш, давлат тилида ишлаш бўйича мастер-класс

Nanodegree грантлари учун якуний имтиҳон 1 сентябрда ўтказилади

Барча One Million Uzbek Coders лойиҳасининг иштирокчиларига эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 сентябрь куни Nanodegree грантлари учун якуний имтиҳон бўлиб ўтади. Шунинг учун барча вазифаларингизни тугатиб, лаборатория ишларини топшириб Udacity Nanodegree гранти учун бўладиган имтиҳондан икки кун олдин сертификатларингизни қўлга киритишга улгуриш лозим.

Якуний имтиҳонни топшириш учун рўйхатдан ўтиш охирги муддати: 2020 йил 29 август.

Udacity Nanodegree гранти ўзи нима? Udacity Nanodegree – «One Million Uzbek Coders» лойиҳаси доирасида бепул тарзда ўқишни давом эттириш учун ажойиб имкониятдир. Udacity дастури доирасидаги Nanodegree курси 3 ой давом этади ва уни муваффаққиятли якунлаганлар нанодипломини (Nanodegree) қўлга киритишлари мумкин. Мазкур диплом йирик IT-компаниялар — Google, AT&T, Autodesk, Cloudera, Salesforce ва бошқа компаниялар томонидан тан олинади.

ЎҚИНГ: Техникумларга ўқишга кириш учун онлайн ариза топшириш бошланди

«Alibaba GET Global Challenge 2020» танловининг Ўзбекистондаги финалчилари аниқланди

Танловда иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон бўйлаб 109 та ариза қабул қилинган. Саралаш якунига кўра, 3 та лойиҳа финал босқичига ўтди:

  • Coozin асосий мақсади Ўзбекистондаги мавжуд ишсиз ва муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатишга қаратилган. Coozin аёллар бандлигини сезиларли ошириш, шунингдек, «боқувчисини йўқотган» хотин-қизларга ёрдам беришни қаратилган;
  • Modme — бу b2b  платформаси бўлиб, ўқув муассасаларига бир вақтнинг ўзида ҳам онлайн, ҳам офлайн ишлашга ёрдам берувчи аралаш таълимни ташкил этишда кўмаклашади.
  • OSTO  — Ўзбекистондаги косметика ва хўжалик товарлари, урфдаги ва замонавий кийим-кечакларга ихтисослашган чакана савдо дўконлари савдо-сотиқ майдончасидир. OSTO  мижозлар учун энг яхши кўринишга эга, ҳамда сифатли хизматларни тақдим этади.

 «Alibaba GET Global Challenge 2020» — бу Alibaba компанияси томонидан бутун дунё ёшлари учун пандемия оқибатларини енгиллатиш ва кундалик ҳаётнинг барча соҳаларида ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган танлов.

Танловнинг мақсади — инклюзив ривожланишга кўмаклашиш, ёшлар ва тадбиркорлар имкониятларини кенгайтириш ва уларни руҳлантириш, шунингдек, ташкилотлар, тармоқлар ва жамиятларнинг рақамли трансформациясини рагʻбатлантиришдан иборат.

Халқаро танловнинг голиби $14 минг мукофотга ҳамда Alibaba бош офисига ташриф буюриш ва унинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.

ЎҚИНГ: AliExpress ҳам блокланиш хавфи остида!

ҚҚСни қоплаш бўйича Telegram-бот ишга тушди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган солиқ тўловчилар учун Telegram-ботни ишга туширди.

Фуқаролар ўз мурожаатларини ва шикоятларини ҳамда таклифларини @qqs_qaytarish_botга юбориши мумкин.

ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) янги қоидага кўра, солиқ тўловчи ҳисобига олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси қарори асосида амалга оширилади.

ЎҚИНГ: Ижтимоий тармоқда реклама учун солиқ тўлайсиз!

Давлат харидлари учун яна бир электрон платформа ишга тушди

Электрон конкурс ва электрон тендерларни ташкил этишга мўлжалланган tender.mf.uz электрон платформаси яратилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунгача электрон конкурс ва электрон тендерларни ташкил этиш бўйича ишларни Ўзбекистон республикаси товар хомашё биржаси олиб борган. Энди эса харидорлар ва таъминотчилар иккита тизимнинг имкониятларини солиштириб ўзи учун қулай электрон платформани танлаши мумкин.

Биринчи маҳаллий рақамли банкка лицензия берилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан биринчи маҳаллий рақамли банк — «Анорбанк» АЖга лицензия берилди.

«Анорбанк» АЖ филиал ва бўлинмаларни очмасдан ўз фаолиятини рақамли шаклда амалга оширади. Яъни, банк хизматлари онлайн тарзда кўрсатилади. Бу эса, ўз навбатида операцион харажатларини камайтиради ва истеъмолчи учун банк маҳсулотларининг нархини пасайтиришга ёрдам беради. Банк ва истеъмолчи ўртасидаги барча масалалар 24 соат ишлайдиган контакт маркази орқали ҳал қилинади.

Банкка ташриф буюришни хоҳлаган истеъмолчилар учун Мирзо Улуғбек туманида мижозлар билан ишлаш маркази хизмат кўрсатади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон «Ақл марказлари»нинг ТОП-15 талиги эълон қилинди