1 кг олтинга эга iPhone 12 Pro ва Galaxy S21 Ultra'лар чиқди!
Айтайлик, 159 минг доллар пулингиз бор ва бу пулга олтин сотиб олмоқчисиз. Аммо олтин ёмбилари 5G алоқасига ёки 5 нм чипларга эга эмас. Тўғрими? Адашасиз, энди олтин ҳам юқоридаги жиҳатларга эга. Чунки Caviar ўзининг Goldphone смартфонларини чиқарди.
ЎҚИНГ: Қорақалпоғистонлик онахонга ўғли олтин iPhone X ҳадя этди (+видео)
Goldphone'ларнинг бири Apple iPhone 12 Pro асосида тайёрланган бўлса, иккинчиси Samsung Galaxy S21 Ultra смартфони асосига қурилган. Ҳар иккала қурилма бир хил миқдорда олтинга эга, лекин Galaxy бироз қимматроқ — 169,000 доллар. Ҳар икки смартфон фақат етти нусхада чиқарилган.
Смартфонлар устини 24 каратли 1,000 грамм олтин қоплаб туради. Ҳақиқий олтин ёмбисини юқорида нархнинг 1/3 ига сотиб олсангиз бўлади, лекин у олтин HDR OLED дисплейга эга бўлмайди-да!
Агар Goldphone сотиб олсангиз, смартфонни оддий силикон ғилофда олиб юрмайсиз. Caviar «ҳашамдор оқ сейф-ғилоф» тайёрлаган. Бу сейф-ғилофни сотиб олсангиз, махсус курьер уни дунёнинг исталган нуқтасидаги уйингизга шахсан етказиб беради.
Қурилмалар ҳақида батафсил маълумотни компаниянинг расмий саҳифасидан топиш мумкин.