10 дақиқадаёқ қувватланувчи бу смартфон ўз корпуси рангини ҳам ўзгартира олади!

  •   DiMaX
  •  650
  •  29.06.2021 11:53

10 дақиқадаёқ қувватланувчи бу смартфон ўз корпуси рангини ҳам ўзгартира олади!

Infinix компанияси нақ 160 ваттлик тезкор зарядланувчи дунёдаги илк смартфонни тайёрлаётгани ҳақида ёзган ва унинг «жонли» суратини чиқарган эдик. Барселонада бўлиб ўтаётган Mobile World Congress йиллик анжумани (MWC 2021) доирасида ушбу қурилма намойиш этилди.

ЎҚИНГ: 64 МПлик квадрокамера ва 48 МПлик қўшалоқ олд камерали энг арзон селфифон чиқди

Мазкур девайс Infinix Concept Phone 2021 деб номланган бўлиб, компаниянинг биринчи концептуал смартфонидир. Олд томонидан у замонавий флагманлардан унча фарқ қилмайди: четлари 88 даражада қайрилган 6,67 дюймлик AMOLED-дисплей, Full HD+ формати, олд камера учун тирқиш...

Бироқ смартфоннинг энг қизиқ жиҳати орқа панелидадир: NOW ёхуви туширилган қопқоғи электрохром ва электролюминесцент технологияларини қўллаган ҳолда яратилган. Шунинг шарофати билан у ўз рангини ўзгартира олади, масалан – тилларанг тусли қопқоқ қўнғироқ келганида кўк рангга ўзгаради, қувват олаётганида марказий қисми яшил тус олади ва милт-милт этиб ёниб-ўчиб туради.

ЎҚИНГ: Realme атиги 95 долларлик 5G-смартфонни расман эълон қилди

Concept Phone 2021 моделининг яна бир «фишка»си – нақ 160 ваттлик қувват билан, дунёдаги энг тезкор зарядланиш технологиясига эга эканидир. Ишлаб чиқарувчининг баёнотига кўра, унинг 4000 мА/соатлик аккумуляторини нолдан бошлаб буткул тўлдириш учун атиги 10 дақиқа кифоя қилади. Бундан ташқари, мазкур гаджет симсиз усулда ҳам 50 ваттлик қувват билан заряд олишга қодир.

Infinix шунчаки концепция тақдим этиб қўя қолмасдан, ҳақиқатан ишлайдиган смартфон намунасини яратган. MediaTek Helio G95 процессорли бу смартфон тегишлича 8/128 гигабайтлик тезкор/доимий хотирага эга. Унинг учталик бош камера жамланмасига 64 мегапикселлик асосий сенсор, яна ҳар бири 8 МПлик бўлган кенг бурчакли (кўриш бурчаги 120 даражали) камера ҳамда 5 карралик оптик зумли модул кирган.

Infinix Concept Phone 2021 сотувга чиқарилмайди, аммо ишлаб чиқарувчи унда қўлланган технологияларни ривожлантириши ҳамда келажакда смартфонларига жорий этишини айтмоқда.

ЎҚИНГ: Android-смартфон камерасидан 100 фоиз фойдаланишнинг 10 та усули

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!