«100 та фойдали илова ишлаб чиқмоқчиман» – Сардор Талъатов

  •   DiMaX
  •  304
  •  18.03.2021 12:02

«100 та фойдали илова ишлаб чиқмоқчиман» – Сардор Талъатов

Xabar.uz нашри «Among youth» лойиҳаси доирасида самарқандлик Сардор Талъатов билан интервью уюштирди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Амити университети талабаси бўлган бу йигит дастурлаш билан жиддий шуғулланади, мақсадлари эса янада жиддий.

ЎҚИНГ: Европада ишлаётган ўзбек дастурчиси: «Германиядаги имкониятлар, Тошкентдаги муаммолар...»

Бошида ҳамма қатори ўйинларга қизиққанман

8-9 ёшларимда отам ноутбук олиб берган. Кўпгина тенгдошларим қатори компьютер ўйинларига жуда қизиқардим. Бироқ, ноутбугимда биттаям ўйин эди... Шу сабабли асосан Word, Excel ва Power Point дастурларини эрмак қилиб ўтириб, уларнинг қандай имкониятлари бўлса, барчасини синаб кўришга улгургандим. Болаликдан компьютердан эмин-эркин фойдаланишни ўргандим, қариндошлар, таниш-билишларнинг ҳужжат ишларини қилиб бера бошладим.

Адашмасам, ёзги таътилларнинг бирида ўша вақтдаги машҳур ўйинларидан бири GTA иловасини компьютеримга юклаб олдим. Маълум муддат ўша ўйинни дўстларим билан меъёрдан ортиқ даражада ўйнаб юрдик. Аммо орадан кўп ўтмай буни ота-онам билиб қолишди ва ноутбугимдан бир неча ойга айрилдим. Кейинроқ мактаб бошланиб, комьютеримни яна қайтариб беришган. «Жазо»дан, албатта, тўғри хулоса чиқарганман.

Кичкиналигимдан ўз компьютерим бўлгани ва унга жуда қизиқанлигим сабабли мактабнинг юқори синфларида, айниқса, информатика фанидан аълочи ўқувчи бўлганман. Ҳатто информатика фанидан «Билимлар беллашуви» ва фан олимпиадалари танловларида шаҳар, вилоят босқичларида биринчи ўринни эгаллаганман. Бунда ўша вақтдаги фан ўқитувчимиз Муҳайё опа Маҳмудованинг хизматлари катта. Мактабни битириш пайтида фан олимпиадаси қоида ва талабига мувофиқ Pascal, Delphi, (HTML) каби дастурлаш тилларини мукаммал ўзлаштирганман. Шулар орқали дастурлаш оламига кириб келдим.

ЎҚИНГ: Ойлиги 30 млн сўмдан ошиқ веб-дизайнер: «IT'ни ривожлантиролсак, АЭС ҳам керак бўлмай қолади» (+видео)

Нотўғри қарор қабул қилмаганимга амин бўляпман

Абитуриентлик вақтим, кунларнинг бирида, телевидение орқали Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи ҳақидаги кўрсатув эфирга узатилаётганини кўриб қолдим. Унда айтилишича, Тошкентда Ҳиндистоннинг Амити университети очиларкан. Мен қизиқиб қолдим. Дарҳол интернет орқали Амити университети тўғрисида маълумотлар қидира бошладим. Университетнинг рейтинги, битирувчилари қилган ишлар ва эришган ютуқлари мени ушбу университетга етаклади. Астойдил тайёргарлик кўрдим ва 2019 йил университетга қабул қилиндим.

Амити университетида ўқишни бошлаб, очиғи, нотўғри қарор қабул қилмаганимга амин бўляпман. Чунки олийгоҳимиздаги муҳит бошқача, яъни раҳбарият вакиллари, ўқитувчилар талабалар билан ҳамиша дўстона муносабатда бўлишади. Улардан бирор нимани сўрашга, қандайдир муаммонгиз бўлса айтишга тортинмайсиз. Янги университет бўлганлиги учун шароитлари ҳақида айтмасам ҳам бўлаверади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда дастурчилар қанча маош олиши эълон қилинди

ОАВда IT-чиқишларни кўпайтириш керак

Ҳозирги кунда дастурлаш соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, ҳудудларимизда IT-парклар очилаётганидан ёш дастурчи сифатида чиндан хурсандман. Бироқ ҳар бир вилоятда IT-паркни очган билан соҳа ўз-ўзидан ривожланиб қолмайди. Бунинг учун аввало одамларимизнинг онгида дастурлаш борасидаги тасаввурларини шакллантириш ва ривожлантириш керак. Кузатишларим бўйича, ахборот технологиялари бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарлича эмас. ОАВда мақолалар, медиа-контентлар сон ва сифатини ошириш лозим. Албатта, интернет қамрови ва тезлигини ҳам.

100 та фойдали илова ишлаб чиқмоқчиман

Шу кунга қадар бир нечта дастурий маҳсулотни муваффақиятли амалга оширдим. Хусусан, ҳуқуқий мавзудаги ва шоир-ёзувчилар ҳаётига бағишланган интерактив мобил иловалар яратишда иштирок этдим. Ҳозирги кунда туризм йўналиши бўйича мобил илова яратиш ишларини олиб боряпман. Ушбу мобил илова Ўзбекистондаги барча туристик манзиллар, сайёҳлар учун қулай манзиллар ва фойдаланувчилар учун бир қатор таркибий қисмларни ўз ичига олади.

Албатта, булар билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Яқин 5 йилда камида 100 та фойдали ва оммабоп мобил илова ишлаб чиқмоқчиман.

Бакалавр босқичини якунлаб, магистратурани АҚШда ўқимоқчиман. Бу Қўшма Штатларда ишлаб тажриба орттиришимда ҳам қўл келади. Кейин Ўзбекистонга, ўзим туғилиб ўсган Самарқандга қайтиб, ёшларга дастурлашни ўргатмоқчиман.

ЎҚИНГ: Турли платформалар учун қайси дастурлаш тиллари ишлатилади?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!