1000 дан ортиқ таниқли шахслар гигант сунъий интеллект лойиҳаларини тўхтатиб туриш учун очиқ хатни имзоладилар

1000 дан ортиқ таниқли шахслар гигант сунъий интеллект лойиҳаларини тўхтатиб туриш учун очиқ хатни имзоладилар

Технологиялар оламида 2023 йилни шубҳасиз "сунъий интеллект ва нейротармоқлар" йили деб номлаш мумкин, чунки жорий йил бошидан бери ChatGPT, Midjourney ва шу каби бошқа СИ платформалар Интернетда деярли ҳар куни катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир томондан бундай технологияларнинг ривожланиши инсониятнинг катта ютуғи бўлса, бошқа бир томондан бу жуда катта хавф бўлиши ҳам мумкин – 1000 дан ортиқ таниқли шахслар сунъий интеллект лойиҳаларининг тез суръатда ривожланиши жамиятга чуқур салбий таъсир етказишини қўрқуви остида ушбу тажрибаларни вақтинчалик тўхтатиб туришни талаб қиладиган очиқ хатга имзо қўйишди.

Маълум бўлишича, очиқ хат "Ҳаёт келажаги" номли нотижорат институт томонидан жойланган ва унга Tesla, SpaceX ва Twitter компаниялари раҳбари, миллиардер Илон Маск ҳам имзо қўйган. Шунингдек, очиқ хатга имзо қўйганлар рўйхатида Apple компанияси асосчиларидан бири Стив Возняк, Pinterest асосчиларидан бири Иван Шарп, Skype асосчиларидан бири Яан Таллин билан бирга Stability раҳбари, Getty Images раҳбари, Microsoft компаниясидан 10 дан ортиқ дастур ишлаб чиқувчилари ва кўплаб машҳур университетлар профессорларини ҳам кўриш мумкин.

Очиқ хатда ёзилишича, сунъий интеллект лабораториялари ҳозирда ҳеч ким, ҳатто уларнинг яратувчилари ҳам тушуна олмайдиган, башорат қила олмайдиган ёки ишончли тарзда бошқара олмайдиган "рақамли миялар"ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича назоратдан ташқари "пойга"да турибди.

"Шунинг учун биз барча СИ лабораторияларини GPT-4 дан кучлироқ сунъий интеллект тизимларини тайёрлашни дарҳол камида 6 ойга тўхтатиб туришга чақирамиз. Бу тўхталиш ҳаммага очиқ бўлиши (яъни элон қилиниши) ва буни текшириш мумкин бўлиши, ҳамда, барча асосий иштирокчиларни ўз ичига олиши керак. Агар бундай пауза зудлик билан амалга оширмайдиган бўлса, ҳукуматлар бунга аралашишлари ва мораторий жорий этишлари керак", – дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, OpenAI томонидан ChatGPT сунъий интеллект чатботининг ишга туширилиши Google, Microsoft каби техногигантларни ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун хавфсизлик ва ахлоқ билан боғлиқ ташвишларни четга суриб қўйган ҳолда "ҳозироқ етказиб бер ва кейинроқ тузат" ёндашувига асосланган ҳолда СИ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга шошириб қўйган. Ҳозирда 1400 га яқин имзолар қўйилган очиқ хат эса уларга қанчалик таъсир қилади, буни вақт кўрсатади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!