108МПлик Redmi Note 10 Pro камераси iPhone 12’никидан зўрми? («жонли» тест видеоси)

  •   DiMaX
  •  2173
  •  15.03.2021 11:26

108МПлик Redmi Note 10 Pro камераси iPhone 12’никидан зўрми? («жонли» тест видеоси)

Xiaomi компаниясининг арзончи бренди Ҳиндистонда тақдим этган ўнинчи авлод фаблетлар оиласига учта модел кирган: стандарт Redmi Note 10 смартфони, унинг Redmi Note 10 Pro версияси ҳамда янада илғор Redmi Note 10 Pro Max. Лекин улар жаҳон бозорига сал бошқачароқ номлар билан чиққан: глобал Redmi Note 10 Pro модели ҳиндча Redmi Note 10 Pro Max билан бир хил.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi Note 10 Pro'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Глобал талқиндаги Redmi Note 10 Pro флагманининг ўзига хосликларидан бири – асосий датчиги 108 мегапикселлик квадрокамерасидир. Redskull номли YouTube-канал муаллифи унинг имкониятларини iPhone 12 камерасиники билан таққослаб кўрсатди. Блогер ҳар иккала гаджетнинг турли сценарийлар бўйича тасвирга олиш имкониятларини синаб кўрган.

Тестер аввало бу смартфонларнинг ўта кенг бурчакли модулларини қиёслаган – улар ҳар иккала девайсда ҳам бир хилда 120 даражалик кўриш бурчагига эга. Лекин амалда iPhone 12 ўз рақибига нисбатан кенгроқ саҳнани қамраб олган. Redmi Note 10 Pro’нинг бу сенсори орқали олинган айрим суратларда эса рангларнинг берилиши америкаликлар флагманидагидан кўра табиийроқ чиққан.

Портрет режимида iPhone 12 орқа фонни хиралаштириш ҳамда рангларни тўғри беришда яққол устунлик қилган. Олд камера орқали расмга туширишда эса Redmi Note 10 Pro барча суратларга дастурий фильтрлар қўллар ва бунинг натижасида юздаги айрим майда деталларни ҳам олиб ташлар экан.

Видеосъёмка масаласига келсак, Redmi флагмани 4K форматида тасвирга тушираётиб, стабилизация функциясини қўллаб-қувватламайди. Олд камера ёрдамида видеога олишда ҳам шу ҳол – Apple смартфонининг қўли баланд.

Влогер хулосада шуни таъкидлайдики, суратга олишда iPhone 12 сифатлироқ, бироқ иккала девайснинг нархларини ўзаро солиштирганда, расмлар сифатидаги фарқ сезилмай кетади.

ЎҚИНГ: Galaxy S21 Ultra янги рейтингда атиги 17-ўрин билан Samsung обрўсини бир пул қилди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!