120Hz дисплей, 108МП камера ҳамда Google хизматларига эга Honor 50 серияси тақдим қилинди

120Hz дисплей, 108МП камера ҳамда Google хизматларига эга Honor 50 серияси тақдим қилинди

Huawei'дан ажралиб чиққан Honor ўзининг Honor 50 сериясини тақдим қилиб, компания тарихида янги саҳифани очди. Honor 50 Pro, Honor 50 ва Honor 50 SE смартфонлари бир йиллик танаффусдан сўнг қадоқдан Google мобил хизматлари пакетига бўлди.

ЎҚИНГ: Honor 50 Pro намойишдан олдин Geekbench тестида, «жонли» видео ва суратларда!

Линейка таркибидаги учала смартфон ҳам 120Hz дисплей, 108МП асосий камера ва 100 ваттгача тезкор қувватлаш имконига эга бўлади.

Honor 50 ва 50 Pro моделлари Qualcomm'нинг Snapdragon 778G чипи билан жиҳозланган илк смартфонлар ҳамдир. Учала модель орасида Honor 50 SE ҳамёнбопроғи бўлиб, шунга мос равишда, MediaTek Dimensity 900 платформасига эга.

Учала смартфон орасида энг яхшиси, табиийки, Pro версиядир. Смартфон 6.72 дюйм 10-битли AMOLED дисплей, FHD+ резолюция ва 120Hz янгиланиш частотасига эга. Ҳапдори шаклидаги тирқиш ичига 32МП асосий ва 12МП ультракенг селфи камералар ўрнатилган. Экраннинг намуна олиш частотаси 300Hz'га тенг, динамик янгиланиш частотаси эса қувват сарфи камайишига ёрдам беради.

Стандарт Honor 50 эса 6.57 дюйм диагоналли экран билан жиҳозланган. Дисплейнинг асосий техник жиҳатлари Pro моделники билан деярли бир хил, лекин стандарт Honor 50 битта 32МП селфи камара билан таъминланган.

Корпуснинг орқа томонига ўтсак, ҳар икки смартфон бир хил — айланасимон иккита камерага эгалигини кўрамиз. Тепадаги камера 108МП резолюцияли, 1/1.52 дюйм катталикдаги линза бўлиб, тўққизта пикселни биттага биннинг қилиш усулидан фойдаланади. Бунга ҳамроҳ камералар эса 8МП ультракенг ҳамда 2МП макро ва сатҳ камераларидир. Honor, шунингдек, бир вақтнинг ўзида ҳам орқа камерадан, ҳам олд камерадан видеолар олувчи Vlog режимини ҳам мақтамоқда.

Ушбу смартфонлар Qualcomm'нинг янги Snapdragon 778G платформасида ишловчи илк қурилмалардир. SD778G чипи Kryo 670 CPU ва Adreno 642L GPU'сига эга бўлиб, бунда унумдорлик Snapdragon 780G чипиникига тенг. Тезкор хотира ҳажми 8 ёки 12ГБга тенг.

ЎҚИНГ: HarmonyOS 2.0’га ўтувчи 35 хил Honor смартфон ва планшетлари

Қурилмалар Android 11 асосидаги magic UI 4.2 интерфейсида ишлайди. Халқаро бозор учун чиқарилган талқинлар қадоқдан Google мобил хизматларига эга бўлиши кутилмоқда. Honor 50 Pro 4,000 мАс аккумулятор ва 100 ватт симли қувватлаш тезлигига эга. Стандарт модель эса 4,300 мАс аккумулятор ва 66 ватт қувватланиш тезлигига эга.

Honor 50 ва Honor 50 Pro 25 июндан бошлаб Хитойда олдиндан сотила бошлайди. Honor 50 422 доллар, Honor 50 Pro эса 578 доллар нархда сотилади. Honor ҳар икки смартфон дунё бўйлаб 40 дан ортиқ мамлакатда сотувга чиқишини тасдиқлаган бўлса-да, глобал сотувлар бошланиш санаси ҳозирча номаълум.

Honor 50 SE

Honor 50 SE смартфони 6.78 дюймли ясси LCD экранга эга бўлиб, янгиланиш частотаси 120Hz'ни ташкил қилади. 16МП селфи камера тирқиши бор. Орқа панелдан 108МП асосий, 8МП ультракенг ва 2МП макро камералар ўрин эгаллаган.

Honor 50 SE MediaTek'нинг Dimensity 900 платформаси билан таъминланган бўлиб, 8/12ГБ оператив хотирага эга.

Смартфон 4,000 мАс аккумулятор ва 66 ватт тезкор қувватланиш имконига эга. Қурилма Android 11 базасидаги Magic UI 4.2 қобиғида ишлайди. Нархи 375 доллардан бошланади. 2 июлдан бошлаб смартфонни Хитойда сотиб олиш мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Honor Play 5 смартфонининг баъзи жиҳатлари маълум бўлди