13 яшар қиз қўлида смартфон билан ваннахонада ҳалок бўлди

  •   DiMaX
  •  3542
  •  02.02.2018 13:33

13 яшар қиз қўлида смартфон билан ваннахонада ҳалок бўлди

Смартфондан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида кўп гапирилади, ёзилади. Шунга қарамасдан, айримлар хавфсизлик масаласига эътиборсизлик билан қараб, оқибатда ўзлари жабр кўриб қолишади.

ЎҚИНГ: Малайзияда смартфондан ток уриши оқибатида илк ўлим кузатилди

Жумладан, жорий йилнинг 31 январида Россиянинг Москва области Серпухов шаҳрида 13 яшар қиз ваннахонада смартфонини қувватлаш қурилмаси билан ишлатгани оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Тергов маълумотларига қараганда, қиз ўша пайтда уйда онаси билан бирга бўлган. У узайтиргич (удлинитель) орқали қувватлаш ускунасига уланган смартфонини қўлида ушлаганча ваннахонага чўмилишга кириб кетган. Орадан маълум вақт ўтгач, қизининг чиқавермаганидан хавотир олган онаси кириб қараган ва фарзандининг ваннада, сувда жонсиз ҳолда ётганини кўрган. Унинг телефони ҳам сув тубида ётган экан.

Аниқланишича, қизнинг ўлими ток уриши оқибатида юзага келган. Унинг яқинлари энди, ваннахонада смартфондан фойдаланишнинг хавфли эканидан бошқаларни ҳам огоҳлантириш мақсадида ижтимоий тармоқларда кампания ўтказилишидан умид қилишмоқда.

Худди шунга ўхшаш ҳолат дунёнинг турли мамлакатларида аввал ҳам учраган. Шу сабабли, бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик қоидаларига риоя этишингизни сўраймиз.

ЎҚИНГ: iPhone эгаси ғайри оддий равишда ҳаётдан кўз юмди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!