14 январда «жанозаси ўқилган» Windows 7 ҳақида 7 факт

  •   DiMaX
  •  3352
  •  15.01.2020 13:42

14 январда «жанозаси ўқилган» Windows 7 ҳақида 7 факт

Microsoft корпорацияси куни кеча – 2020 йилнинг 14 январида расман эълон қилишича, у энди Windows 7’нинг истеъмолчиларга мўлжалланган версияси учун апдейтлар чиқармайди. Бу эса бир пайтлар ўта оммабоп бўлган ушбу операцион тизимнинг «ўлган»ини англатади.

ЎҚИНГ: Windows 7 ҳамда Windows XP’да жиддий хавф бор – тезда янгилаб олинг!

Компания аввалроқ бу тизимни қўллаб-қувватлашни тугатиш ҳамда унинг учун пулли янгиланишни жорий этиш режасини эълон қилганди. У ҳатто кишиларни янги Windows’га ўтишга мажбурлашнинг антиқа йўлини қўллашга ўтганди. Аммо 2020 йилнинг 3 ноябрига белгиланган АҚШ президенти сайлови муносабати билан, Windows 7 фойдаланувчиларига бир қулайлик тақдим этганди.

Умуман олганда, Windows 7 тизимли компьютер ва ноутбуклар ҳали ишлашда давом этаверади, аммо уларда тизимнинг ўзи янгиланмайди, хавфсизлик патчлари чиқарилмайди ва бора-бора ушбу тизим учун янги дастурлар чиқмай қолади. Шу сабабли ҳам Microsoft унинг фойдаланувчиларига Windows 10’га янгиланиб олишни қаттиқ тавсия қилмоқда.

ЎҚИНГ: Windows 10’га қарши Windows 7: қай бири хавфсизроқ?

Қуйида эса тарихга айланиб бораётган Windows 7 тизими ҳақидаги еттита факт билан танишамиз.

  1. Windows 7 операцион тизимини яратиш устида 2500 киши ишлаган

Microsoft корпорацияси Win7 устида иш бошлаганида, хато қилишга ҳаққи йўқлигини англаб турарди – яқиндагина чиққан Windows Vista тизими «хом»лиги сабабли танқидларга дучор бўлган. Шу боисдан ҳам Windows 7 ундаги хатоликларни тўғрилаши ва компаниянинг тушиб кетган нуфузини кўтариб бериши лозим эди.

Бунинг учун IT-гигант икки ярим минглик ходимларини бу ишга жалб этган – ҳар ҳолда, оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра. Microsoft ҳар бири 100 кишилик 25 та гуруҳ ташкил этган, улар қаторида дастурчилар, тестерлар ва менежерлар бўлган. Ҳар бир юзталик гуруҳ ўзига қарашли қисм устида ишлаган: бирлари ядрони тайёрлаган, бошқалари интерфейс билан шуғулланган...

  1. Windows 7 ҳали сотувга чиқмай туриб Гарри Поттердан ҳам машҳур эди

Ундан олдинги «чала» чиққан тизим ўрнига Microsoft зўрини ваъда қилди ва халқ бунга ишониб кутди. Англиядаги Amazon онлайн дўконида Win7 учун саккиз соатда олдиндан берилган буюртмалар сони Vista тизимининг бурча аввалдан сотишлари сонидан ошиб кетган! Бугина эмас – Amazon UK тарихида энг кўп олдиндан буюртма қилинган товар айни шу Windows 7 бўлган ва оммабоплиги бўйича ҳатто Гарри Поттер ҳақидаги сўнгги китобдан ҳам ошиб кетган.

ЎҚИНГ: «Гарри Поттер»даги сеҳрли сўзларни Google реалликка айлантирди

  1. Win7 деярли 11 йил умр кўрди

Vista’нинг муваффақиятсиз дебютилан икки йил ўтибоқ – 2009 йилнинг 22 октябрида Windows 7 тақдим этилган. Унда қайта ишланган Aero-интерфейс, сенсорли қурилмалар учун мультитач, виртуал қаттиқ дисклар қўллови кабилар бор эди. Лекин энг асосийси – операцион тизим барқарор ишлар ва олдинги дастурлару драйверлар унга бемалол тушар эди.

  1. Биринчи йили Win7 сониясига 7,6 донадан сотилган

Олдиндан буюртма беришларнинг динамикаси ушбу операцион тизимнинг муваффақиятидан дарак берарди, аммо очиқ сотувга чиққанидан сўнг убарча рекордларни синдирди. Windows 7 бир йилнинг ўзидаёқ 240 миллион нусхадан ортиқ сотилди ва бу ҳар сонияга 7,6 донадан тўғри келади! Таққослаш учун келтириб ўтамиз: ундан кейинги Windows 8 операцион тизимининг 260 миллион нусхада сотилиши учун уч йил вақт керак бўлган.

  1. Унга фақат Windows 10 бас келди, шундаям 2019 йилда!

Windows 8 операцион тизими ҳам, унинг Windows 8.1 талқини ҳам Windows 7 каби оммалаша олмади. Ушбу афсонавий операцион тизимни қувиб ўтишга фақат Windows 10 муваффақ бўлди. Шундаям унинг бу ғалабаси 2019 йилга тўғри келди – Windows 7 ўз тақдимотидан ўн йил ўтибгина енгилди. Ўтган йили дунё бозорида ўнинчи авлод Windows улуши 39 фоизни ташкил этган бўлса, еттинчиси ҳиссасига 36 фоиз тўғри келган.

ЎҚИНГ: Билл Гейтс нега бу қизга нақ 37 килограмм совға жўнатди? (+видео)

  1. 200 миллион киши ҳалиям Windows 7 ишлатяпти

Бугунги кунда жаҳон бўйлаб фойдаланувчилар компьютерларининг тахминан 12 фоизи Windows 7 операцион тизими бошқаруви остида ишламоқда, бу эса тахминан 200 миллионта қурилма, деганидир. Бизнес-секторда эса унинг улуши анча юқори – ўтган йилги маълумотларга кўра, корхона-ташкилотларнинг тахминан ярми ҳали ундан воз кечмаган.

  1. Сайловлар ва корпоратив мижозлар шарофати билан Windows 7 ҳали яшайверади

Қўполроқ қилиб айтганда, Windows 7 «жанозаси ўқилган» бўлса-да, уни буткул «дафн этиш»га ҳали эрта: шахсий компьютерларда бу тизим қўллаб-қувватланмаса-да, бизнес сегментида ҳали тўлақонли фаолият юритади. Бунинг биринчи сабаби, юқорида ёзганимиздек, АҚШдаги президентлик сайлови билан боғлиқ; иккинчидан, Microsoft ўзининг корпоратив мижозлари учун Windows 7 тизимини 2023 йилгача қўллаб-қувватлашда давом этади.

ЎҚИНГ: 2019 йили «раҳматли» бўлган саккизта технология (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.