15 сентябрь куни Apple нималарни кўрсатяпти, нималарни – йўқ?

  •   DiMaX
  •  691
  •  14.09.2020 09:58

15 сентябрь куни Apple нималарни кўрсатяпти, нималарни – йўқ?

Apple бу йил кузги тақдимот маросимини 15 сентябрь куни, Apple Park кампусида ўтказишини эълон қилган. Купертинолик корпорация ўша тадбирида айнан нималарни намойиш этишини айтмаяпти, фанатлар эса энг кўп тўртта моделдаги iPhone 12 смартфонларини кутишаётган эди. Лекин...

ЎҚИНГ: 15 сентябрда iPhone 12’ларни кутиб хомтама бўлманг!

Янги айфонларнинг бу тадбирда тақдим этилмаслиги – мухлислар учун нохуш ҳолат бўлса-да, Apple’нинг ўзи учун бунақа эмас. Зеро, мазкур компания бошқа тур маҳсулотлари билан ҳам етакчиликка дадил интилиб ва эришиб келмоқда.

Шундай қилиб, эртанги Apple Event тадбирида компания қуйидаги маҳсулотларини намойиш қилиши аниқ:

  1. Apple Watch Series 6 – купертиноликлар ақлли соатларининг янги авлоди янда юқори самарадорликка эга, интернет тезлиги юқори бўлади. Шунингдек, мазкур аксессуар қондаги кислород миқдорини ҳам аниқлай олади. Бундан ташқари, компания смартвочнинг арзон версиясини ҳам тайёрлаган.
  2. Янги авлод iPad Air – миш-мишларга қараганда, у iPad Pro’га ўхшаш бўлиб, Touch ID сенсори қурилмани ёқиш-ўчириш тугмачасида жойлашган.
  3. Операцион тизимнинг янги – iOS 14 версияси. Унда гаджетларни автомобил қулфи учун калит сифатида ишлатиш функцияси, iMessage иловасида гуруҳли чатлар ҳамда янгиланган Siri бўлади.

ЎҚИНГ: AirPods Studio симсиз қулоқчини тайёр: нарх ва хусусиятлари

Apple Event тадбирида тақдим этилиши аниқ бўлмаган маҳсулотлар рўйхати эса қуйидагича:

  1. iPhone 12 – компания бу серияда учта ўлчамда жами тўртта моделдаги айфон тайёрлаган. Мухлисларнинг улардан энг кўп кутаётгани – 5G стандартини қўллаб-қувватлашидир. Бироқ, гап-сўзларга кўра, мазкур технология айфонларнинг фақат катта моделларида бўлади, шунда ҳам у фақат АҚШ, Жанубий Корея ва Японияда ишлайди. Бундан ташқари, бу янги смартфонлар лидар сенсорига эга бўлиб, у тўлдирилган борлиқ технологияси билан ишловчи сервисларда қўлланади. Дарвоқе, Apple Event маросимининг таклифномаси AR-сурат кўринишида тайёрланганига асосланиб, айримлар унда iPhone 12’лар барибир тақдим этилишини тахмин қилишмоқда.
  2. AirPods Studio – купертинолик техногигантнинг биринчи тўлиқ ўлчамли (қулоққа тиқиб қўйиладиган эмас) симсиз қулоқчини. Биз унинг нарх ва хусусиятларини эълон қилганмиз.
  3. Apple One – компаниянинг Apple TV+, Music, News+, Arcade ва бошқа сервисларига ягона обуна хизмати. Компаниянинг кейинги йиллардаги стратегиясига қараганда, бу – жорий куздаги энг муҳим релизлардан биридир.

Умуман олганда, ўтган йил кузги тақдимотдан буён Apple ўз эътиборини девайсларга эмас, балки кўпроқ онлайн сервисларга қаратиб келмоқда. Бунинг ҳам сабаби бор, албатта: кейинги йилларда компаниянинг даромадида iPhone’ларнинг улуши анча пасайган. 2015 йилнинг учинчи чорагида Apple фойдасининг 63,2% қисми смартфонлар сотувидан тушган бўлса, жорий йилнинг 3-кварталида мазкур кўрсаткич 44,2 фоизни ташкил этган. Сервисларнинг ҳиссаси эса худди шу даврда 10% дан 22% гача ўсиб чиққан.

Асосий эътиборни моддий девайслардан онлайн сервисларга кўчиргани коронавирус пандемияси шароитида ҳам Apple бизнесининг пасаймаслигига шароит яратиб берди. Жорий йилнинг учинчи чоргида эса у ҳатто рекорд кўрсаткич қайд этди – ўтган йилгидан 11 фоизга кўп, яъни $59,7 млрд даромад кўрди.

Янгиликларни Terabayt.uz билан бирга кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Энди бор-йўғи 350 долларга яп-янги iPhone олиш мумкин бўлади!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!