16 МПлик селфи-камерали Moto X4 тақдимот санасига оз қолди!

  •   DiMaX
  •  951
  •  30.08.2017 11:49

16 МПлик селфи-камерали Moto X4 тақдимот санасига оз қолди!

Motorola бренди остида ишлаб чиқариладиган навбатдаги смартфон – Moto X4 моделининг қачон намойиш этилиши аниқланди. Компаниянинг Филиппин учун очилган Facebook саҳифасида маълум қилинишича, девайснинг релизи шу йилнинг 2 сентябрида бўлиб ўтади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Moto X4 «ўрта даражадаги флагман» бўлади. Унинг AMOLED-дисплейи ўлчами диагоналига 5,2 дюймни ташкил этади, экран Full HD (1920 х 1080 пикселли) сифатга ҳамда Corning Gorilla Glass ҳимоя ойнасига эга.

Бармоқ изи сканери билан жиҳозланган ушбу гаджет IP68 стандарти бўйича чанг ва сувдан ҳимояга эга эканлиги ҳам айтилаётир. Камера масаласида эса компания ўзига хос ёндашув қилган. Moto X4’нинг асосий камераси 12+8 мегапикселлик иккита объективга эга. Селфилар учун эса унга нақ 16 мегапикселли олд камера ўрнатилган.

Смартфон ўзаро сал фарқлари бўлган тўртта халқаро версияда ишлаб чиқарилади. Уларнинг барчасида саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 630 процессори ҳамда Adreno 508 график тезлатгичи асосида ишлайди. Европа, Шимолий ва Жанубий Америка учун чиқарилган талқинларда смартфон 3 ГБ тезкор ҳамда 32 ГБ ички флеш-хотирага эга. Осиё ва Тинч океани минтақаси учун эса Moto X4’нинг 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий флеш-хотирага эга вариантлари тақдим этилади.

Moto X4’нинг аккумулятори 3000 мА/соат сиғимга эга ҳамда Turbo Charging технологиясини қўллаб-қувватловчи бўлиши айтилаётир. Унинг иккита SIM-карта слоти мавжуд, 4G VoLTE стандартини қўллаб-қувватлайди. Симсиз алоқа борасида эса Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 4.2, GPS ва ГЛОНАСС интерфейсларини санаб ўтиш мумкин.

Смартфонинг ўлчамлари 148,35 x 73,4 x 7,99 миллиметрни, вазни эса 163 граммни ташкил этади. У Android 7.1 Nougat операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.