160 долларлик Mi Play чиқди – томчисимон «кемтик»ли илк «хитойча iPhone», Helio P35 чипли илк смартфон! (+«жонли» видео)

  •   DiMaX
  •  5638
  •  24.12.2018 16:05

160 долларлик Mi Play чиқди – томчисимон «кемтик»ли илк «хитойча iPhone», Helio P35 чипли илк смартфон! (+«жонли» видео)

Кутилганидек, бугун – 2018 йилнинг 24 декабрида Xiaomi компанияси Хитойда янги смартфони – Mi Play’ни расман намойиш этди. Бу – компаниянинг экрани ярим доира шаклидаги кичик «ўйиқ»ли илк моделидир.

ЎҚИНГ: «ЖОНЛИ» ВИДЕО: Ҳали намойиш қилинмаган Xiaomi Mi Play’ни илк бор фокусда кўрамиз!

Xiaomi Mi Play диагоналига 5.84 дюймлик, томонлари ўзаро 19:9 нисбатли экран билан жиҳозланган. Тепа қисми ўртасида томчисимон «кемтик»ли дисплейнинг тасвир аниқлиги 2280x1080 пикселга тенг (Full HD+ форматли). Корпусининг ўлчамлари Xiaomi’нинг 5.15 дюймлик экранга эга Mi Note 3 моделига тенг келади – 147,76х71,89х7,8 миллиметр, вазни эса – 150 грамм.

Mi Play моделининг «электрон юраги» – 12 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган Helio P35 процессоридир. MediaTek томонидан тақдим этилган мазкур янги чипсет 2.3 ГГц.гача такт частотасида ишловчи саккизта Cortex-A53 ядросини ҳамда IMG PowerVR GE8320 график чипини ўз ичига олади. Қурилмада икки карра тезлаштирувчи CPU/GPU Turbo технологияси татбиқ этилган. AnTuTu бенчмаркида бу чип Snapdragon 625 процессоридан ўзиб кетган, аммо ўйинларда рақибининг қўли баланд келади.

Xiaomi ушбу смартфонини тезкор/доимий хотираси ҳажмига кўра фақат бир хил – 4/64 гигабайтлик конфигурацияда тақдим этган. Унга яна 256 гигабайтгача ҳажмли microSD-карта қўйиш мумкин, фақат иккинчи SIM-карта ўрнига. Смартфон энг сўнгги – MIUI 10 график қобиғи остидаги Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини базасида ишлайди ва 4G VoLTE технологиясини қўллаб-қувватлайди.

ЎҚИНГ: Xiaomi барча Android-смартфонлар учун Mint браузерини тақдим этди: тезкор, тежамкор, хавфсиз ва рекламасиз!

Ёшларбоп Mi Play смартфонининг бош камераси қўшалоқ бўлиб, унинг асосий модули 12 мегапикселлик, иккинчиси эса 2 мегапикселлик сенсордан иборат. Портрет режимида орқа фонни хиралаштириб (боке эффекти билан) суратга олиш, HDR-режим ва электрон барқарорлаштириш каби имкониятлар мавжуд.

Селфи-камера эса 8 мегапикселлик якка датчикка эга бўлса-да, MIUI 10 тизимидаги дастурий ечимлар орқали портрет режимида суратга олишга қодир. Шунингдек, гарчи орқа қопқоқда бармоқ изи сканери ҳам мавжуд бўлса-да, Xiaomi дастурчилари мазкур модел олд камерасига юз сканери орқали қурилмани қулфдан чиқариш функциясини ҳам қўшишган.

Xiaomi Mi Play орқа панели Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишасидан ишланган, у мовий-бинафшаранг ҳамда қизил-тилларанг тусли вариантларда жуда ёрқин жило беради, қора рангли корпус эса бирмунча жиддийроқ кўринади.

Ушбу телефон икки диапазонли Wi-Fi 802.11 a/b/g/n адаптери, GPS + ГЛОНАСС датчиги ҳамда Bluetooth 4.2 модули билан жиҳозланган, лекин NFC чипи йўқ. Аккумулятори 3000 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиб, Micro-USB порти орқали қувватланади, анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: Xiaomi энг арзон – Redmi Go смартфонини рўйхатдан ўтказди!

Яқинда биз Mi Play ижросидаги фокус видеосини эълон қилган эдик, қуйидаги лавҳада ҳам унинг ишлаётган ҳолатини «жонли» тарзда томоша қилишингиз мумкин:

Xiaomi Mi Play учун Хитойда 1099 юань миқдорида нарх белгиланган, бу эса 160 АҚШ долларига тенг. Шу нарх ичига бир йилгача ҳар ойда 10 ГБ интернет-трафик ҳам киритилган, табиийки – фақатгина маҳаллий бозор учун. Умуман, бу моделнинг «Осмон ости салтанати»дан ташқарида расмий савдога чиқарилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. «Хитойча Apple» аллақачон жаҳон бозорида сотаётган турли смартфонларини эса 809 000 сўмдан бошланувчи нархларда харид қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Mi 8 Pro ҳам Terashop.uz’га етиб келди, Xiaomi смартфонлари арзонлашди (2018 йил 12 декабрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!