16000 мА/соатлик аккумуляторга эга Energizer Power Max P16K Pro’нинг илк суратлари

  •   DiMaX
  •  2007
  •  27.02.2018 11:49

16000 мА/соатлик аккумуляторга эга Energizer Power Max P16K Pro’нинг илк суратлари

Energizer компанияси асосан турли аккумуляторлар, қувват ташувчилар ишлаб чиқариши билан танилган. Аммо бу йил у барчани дунёдаги энг сиғимдор батареяга эга смартфони билан лол қолдиришга аҳд қилди.

ЎҚИНГ: Бунақаси бўлмаган: нақ 16000 мА/соатлик аккумуляторга эга смартфон!

MWC 2018 анжуманида иштирок этаётган Energizer компанияси стендида унинг мана шу – Power Max P16K Pro русумли смартфони прототипи намойиш этилмоқда. Афсуски, бу фақат прототип, кўргазмада уни ҳатто ёқиб ҳам кўрсатишмаган.

Мазкур девайснинг асосий ўзига хослиги – 16000 мА/соат сиғимга эга батареясидир. Маълум қилинишича, USB Type-C орқали унинг қувватга тўлдирилиши учун 90 дақиқа керак бўлади.

Бироқ унинг тўла қуввати билан девайс қанча муддат ишлай олиши, яъни смартфоннинг автономлик муддати аниқ айтилмаган. Тахминларга кўра, Power Max P16K Pro битта тўла қувват билан кутиш режимида 40 кунгача, фаол қўлланишда эса узлуксиз 2 сутка ишлайдиган бўлади.

Афсуски, шундай «бағрикенг» батареяга эга смартфонга битта нарса етишмаяпти: у бошқа гаджетларни қувватлаш учун повербанк вазифасини ўтай олмайди. Ҳолбуки, бошқа смартфонсозларнинг сиғимдор аккумуляторга эга бўлган айрим телефонларида шундай функция мавжуд.

ЎҚИНГ: Батареяси бақувват смартфонлар

Қурилма экранининг ўлчами диагоналига 5,99 дюймни, дисплейининг пикселлар сиғими эса 2160х1080 пикселни ташкил этади.

Смартфоннинг «электрон юраги» сифатида MediaTek Helio P25 процессори хизмат қилади. Тезкор хотираси 6 ГБ, доимий флеш-хотираси эса 128 ГБ ҳажмга эга.

Power Max P16K Pro’нинг яна бир кучли томони – ҳар иккала камераси ҳам иккитадан модулга эга. Асосий камера 16 ва 13 мегапикселли, селфи-камера эса – 13 ҳамда 5 мегапикселли датчикларни ўз ичига олган. Орқа панелда қўшалоқ камеранинг ёнида фоточақноқ, остида эса бармоқ изи сканери жойлашган.

Анжуманда смартфоннинг ўлчамлари ва вазнини аниқлаш имкони бўлмаган, ишлаб чиқарувчи томонидан ҳам бунақа маълумотлар берилмаган. iPhone X билан солиштириш натижасига кўра, Energizer Power Max P16K Pro қалинлиги 15 миллиметр, вазни эса 300-350 грамм атрофида.

Тадбирда бу гаджетни қўлига олиб кўрган журналистларнинг таъкидлашларига кўра, Power Max P16K Pro корпусининг шакли қулайлиги сабабли, унинг баҳайбатлиги ва оғирлиги унча сезилмайди.

Айтиб ўтиш керакки, Energizer компанияси MWC 2018 анжуманида намойиш этган гаджет Power Max P16K Pro смартфонининг ўзи эмас, балки прототипидир. Унинг тўлақонли расмий тақдимоти қачон бўлиши, шунингдек, нархи ҳам ҳозирча номаълум. Афтидан, бу смартфонни Energizer битта мақсадда – бренднинг бошқа маҳсулотларига, компаниянинг ўзига кўпроқ эътиборни жалб этиш учун яратган бўлса керак.

ЎҚИНГ: Ромсиз Oukitel K10 энг сиғимдор – нақ 11000 мА/соатлик аккумуляторга эга! (+видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!