165 доллардан бошланувчи Redmi Note 10, Note 10 Pro ва Note 10 Pro Max тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  5837
  •  05.03.2021 12:13

165 доллардан бошланувчи Redmi Note 10, Note 10 Pro ва Note 10 Pro Max тақдим этилди!

 OPPO корпорациясининг арзончи суббренди 4 март куни Realme GT русумли тақдим этганидан хабарингиз бор. Realme брендининг ушбу суперфлагмани Qualcomm компаниясининг энг қудратли – Snapdragon 888 процессорига эга энг арзон смартфон сифатида майдонга тушди. Бу орада унинг асосий рақиби – Redmi ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ – шу куннинг ўзида янги телефонлари намойишини ўтказди.

ЎҚИНГ: Redmi Note 10 тақдимотидан олдин уни 10 дақиқалик анбоксинг видеосида батафсил томоша қиламиз!

Xiaomi компаниясининг арзончи бренди тайёрлаган ўнинчи авлод фаблетлар оиласига учта модел кирган: стандарт Redmi Note 10 смартфони, унинг Redmi Note 10 Pro версияси ҳамда янада илғор Redmi Note 10 Pro Max. Улар билан танишувни соддароғидан бошлаймиз.

Redmi Note 10 пластик корпусда бўлиб, 6.43 дюймлик дисплей билан таъминланган; қизиғи – бу мазкур туркумнинг олдинги вакилларидаги каби IPS эмас, балки AMOLED-матрицадир. Унда тасвир аниқлиги FHD+ форматида, кадр янгиланиш частотаси 60 Гц ва максимал ёрқинлиги 1100 нит.

Redmi Note 10 самарадорлигига Qualcomm Snapdragon 678 процессори ҳамда 4 ёки 6 гигабайтлик тезкор хотира масъул. Смартфонни доимий хотираси 64 ва 128 гигабайтлик вариантларда таклиф этишади; яна microSD форматли хотира картаси учун ҳам жой бор.

Фаблетнинг дисплейидаги диаметри 3.43 миллиметрлик тирқишга 13 мегапикселлик селфи-камера ўрнатилган. Redmi Note 10 бош камераси эса тўртталик: 48 МП + 8 МП (кенг бурчакли) + 2 МП (макрокамера) + 2 МП (чуқурлик сенсори).

Гаджетнинг корпусида замонавий USB-C порти ҳам, анъанавий қулоқчин тирқиши ҳам мавжуд. 5000 мА/соатлик батареяси 33 ваттлик усулда тезкор қувват олади.

Смартфонни пульт сифатида ишлатиш мумкин – унда инфрақизил порт бор. Бармоқ изи сканери эса корпуснинг ён қиррасига ўрнатилган. Redmi Note 10 энг янги – Android 11 операцион тизим базасидаги MIUI 12 график қобиғи билан чиқарилмоқда.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли ўнта энг кучли смартфон (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)

Redmi Note 10 Pro ҳамда Redmi Note 10 Pro Max моделларига келсак, улар бир хил техник хусусиятларга эга, фарқи фақат бош камерадаги асосий модулда, холос. Булардан биринчисининг квадрокамерасида қуйидаги сенсорлар қўлланган: 64 МП (Samsung GW3) + 8 МП (кенг бурчакли) + 5 МП (макрокамера) + 2 МП (чуқурлик сенсори). Иккинчисида эса асосий датчик тарзида 108 мегапикселлик Samsung HM2 модули ишлатилган, қолган ҳамма жиатлари шеригидаги билан бир хил.

Бу иккала фаблетнинг ҳам корпуси шишадан ишланган ва IP52 стандартига кўра муҳофаза этилган. AMOLED-матрицали экран ўлчами 6.67 дюймлик, тасвир узатиши FHD+ форматида, янгиланиш частотаси ҳам юқорироқ – 120 герцлик.

Redmi Note 10 Pro ҳамда унинг Max-версияси Qualcomm Snapdragon 732G чипсети асосида тайёрланган, яъни улар 5G тармоғини қўллаб-қувватламайди. Смартфонларни 6/8 гигабайтлик тезкор ва 64/128 гигабайтлик ички хотира билан таъминлашган, яна иккита SIM-карта слотидан ташқари microSD хотира картаси учун ҳам алоҳида уяча ажратишган.

Фаблетларни стереодинамик билан жиҳозлашган, яна корпусининг ён қиррасига дактилоскоп ўрнатишган. Аккумулятор ток сиғими базавий моделдагидан сал каттароқ – 5020 мА/соатлик, тезкор қувват олиши эса бир хил – 33 ваттлик.

Нархини қаранг, нархини...

Xiaomi компанияси Redmi Note 10, Note 10 Pro ҳамда Note 10 Pro Max моделларининг Ҳиндистондаги савдосини тегишлича 16, 17 ва 18 мартда бошлайди. «Филлар ўлкаси»да уларнинг нархлари қуйидагича:

Redmi Note 10 4/64 ГБ — $165

Redmi Note 10 6/128 ГБ — $192

Redmi Note 10 Pro 6/64 ГБ — $220

Redmi Note 10 Pro 6/128 ГБ — $234

Redmi Note 10 Pro 8/128 ГБ — $261

Redmi Note 10 Pro Max 6/64 ГБ — $261

Redmi Note 10 Pro Max 6/128 ГБ — $275

Redmi Note 10 Pro Max 8/128 ГБ — $302

MIUI 12 график қобиғи остидаги Android 11 тизими билан таъминланган ушбу учта смартфоннинг бирортасида ҳам контактсиз тўловлар учун NFC модули йўқ. Фаблетларнинг илк намойиши Ҳиндистонда бўлиб ўтган ва улар маҳаллий бозорга мўлжаллан; глобал версияларига бу модул қўшилган бўлиб, улар ҳақида алоҳида хабар берамиз.

ЎҚИНГ: Энг зўр Android-флагманлар рейтингига Redmi K40 ҳамда K40 Pro ҳам кирди, Mi 11 эса яна пастлади! (AnTuTu, 2021 йил февраль)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!