1Password иловасида барча паролларни вақтинча ўчириш имконияти пайдо бўлди

  •   DiMaX
  •  1011
  •  25.05.2017 11:54

1Password иловасида барча паролларни вақтинча ўчириш имконияти пайдо бўлди

Оммабоп пароллар менежери – 1Password иловасида энди янги имконият пайдо бўлди. Энди битта тугмани босиш билан махфий маълумотларни ўчириб туриш мумкин бўлди. «Саёҳатлар режими» деб аталувчи бу функция фойдаланувчининг маълумотларини сафарлар чоғида, масалан, хорижга чиққанда ҳимоялашга мўлжалланган.

1Password сизнинг шахсий маълумотларингизни муҳофаза этади. Агарда бирор зарур сабаб билан телефонингизни бировга бериб туришга тўғри келиб қолса, паролларингиз ва тўлов маълумотларингиз хавф остида қолиши мумкин. Бунақа вазиятларда «Саёҳатлар режими» битта муаммони ҳал этади: у пароллар сақланувчи ҳимоягоҳни ҳимояланган қилиб белгилаб қўяди.

Агарда янги режим браузер орқали ёқилса, унда шундай белгига эга барча ҳимоягоҳлар аккаунтингизга боғланган қурилмалардан ўчириб қўйилади. Бирорта телефонда ёки планшетда паролларингиз қолмайди, шу сабабли уларни кимдир кўриши ва фойдаланиши имкони нолга тенглашади. «Саёҳатлар режими» ўчирилганидан кейин эса яширилган барча пароллар яна девайсларда пайдо бўлади.

Айтиб ўтиш керакки, киритилган бу янгиликнинг битта ноқулай томони ҳам бор. Гап шундаки, уни фаоллаштирган пайтингизда айрим маълумотларингизни ўзингиз ҳам кўра олмайсиз. Шу сабабли, агарда хорижга чиқадиган бўлсангиз, энг керакли паролларингизни сақлаш учун телефонингизда алоҳида ҳимоягоҳ яратиб олганингиз маъқул.

1Password иловасини iOS ҳамда Android тизимли қурилмалар учун юклаб олиб, бир ой мобайнида бепул версиясини ишлатиш мумкин, кейин эса 1Password.com сайтида обунани расмийлаштиришингиз керак бўлади. «Саёҳатлар режими» ҳам фақатгина 1Password обуначиларига тақдим этилади. Шахсий обуна нархи ойига 3 АҚШ долларини, беш киши учун оилавий обуна нархи эса ойига 5 долларни ташкил этади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.