«1UZ Бухгалтерия. Мини» миллий дастури бепул версияси тақдимоти ўтказилди

«1UZ Бухгалтерия. Мини» миллий дастури бепул версияси тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва BePro Norma томонидан бухгалтерия ҳисоботини юритиш учун мўлжалланган «1UZ Бухгалтерия. Мини» миллий дастурининг бепул версияси тақдимоти ўтказилди. Бу энди фаолиятини бошлаган тадбиркорлар, бухгалтерлар, талабалар ва ўқув марказлари учун палата ва BePro Norma компанияси туҳфаси бўлди. Бу ҳақда Daryo.uz ёзмоқда.

Республикани ривожлантиришда кичик бизнес секторининг аҳамиятидан келиб чиқиб, шунингдек, бухгалтерия соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун дастурий ечимларни яратиш борасида BePro Norma тўплаган тажрибани ҳисобга олган ҳолда, компания иқтисодиётнинг мазкур сектори ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилди. Ушбу мақсадда компания тадбиркорлар, бухгалтерлар, талабалар эътиборига мутлақо бепул тақдим этиладиган «1UZ Бухгалтерия. Мини» дастурий таъминотини таклиф қилди.

Бугунги кунда ҳар қандай корхона бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришга катта эҳтиёж сезади. Замонавий бухгалтерия дастурлари маълумотлар базасини яратиш ва унинг асосида турли мураккабликдаги бухгалтерия ҳисоботларини шакллантириш имконини беради, ҳисобда хатога йўл қўймасликда, иш вақтини тежашда, зарур ахборотни тезкор равишда олишда ёрдам беради. Дастурни танлашда у қайси корхонага — кичик, ўрта ёки йирик корхонага мўлжалланганини ҳисобга олиш, унинг қай соҳага тегишлилигига эътибор қаратиш зарур.

Ўзбекистонда хорижлик ишлаб чиқувчилар яратган дастурлар ва унинг модуллари кенг танилган. Бироқ айрим маҳаллий компаниялар ва дастурчилар ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқаётганликларидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Бундай ҳолларда лицензия ҳақида сўз юритилмаслиги табиий, бу вазиятда қонун бузилади, янгилаш ва сервис хизмати кўрсатиш имконияти бўлмайди, шунингдек, функционаллик чекланади.

Кичик бизнес учун мўлжалланган «1UZ Бухгалтерия. Мини» маҳаллий дастури эса Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мослаштирилибгина қолмай, балки унинг асосида яратилган. Ундан фойдаланиш осон, ўзбек ёки рус тилларидаги қулай интерфейсга эга, имкониятлари бўйича хорижий аналогларидан деярли қолишмайди, ўз функционалини такомиллаштирган ҳолда мунтазам ривожланмоқда.

«1UZ» ишлаб чиқувчилари нафақат бухгалтерияни автоматлаштириш, балки сервис хизмати кўрсатиш, ўз вақтида янгилаш ва ҳисоботлар тақвимининг мавжудлиги, бевосита мулоқот орқали маслаҳат бериш каби муаммоларнинг ечимини ҳам тақдим этади. Мазкур дастурнинг тўлақонли юкланувчи бепул версияси тадбиркорларга унинг афзалликларини кўриш ҳамда сифатли лицензион дастур соҳибига айланиш ва ишлаб чиқувчи билан ҳамкорликни давом эттириш хусусида якуний қарор қабул қилиш имконини беради.

«1UZ Бухгалтерия. Мини» дастурини http://www.1uz.uz/mini ҳаволаси орқали бепул юклаб олиш мумкин. Дастур ҳақидаги батафсил маълумот учун http://1uz.uz/uz/ сайти ва (+998 71) 230-21-12 телефон рақамларига мурожаат этинг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!