20 Мп олд камерали Vivo V5s 296 долларга баҳоланди

20 Мп олд камерали Vivo V5s 296 долларга баҳоланди

Селфи — бугунги куннинг оммавий ва одатий ҳаракатларидан бири бўлиб қолди. Уни кимдир руҳий касаллик ҳам деб эълон қилишга журъат қилди. Наилож, бунинг яхши ёки ёмонлиги хусусидаги хулоса бугунги ахборот технологиялари фойдаланувчиларини қизиқтираётгани йўқ. Ўз-ўзига маҳлиё бўлаётганлардан фойдаланиб, мобил алоқа воситалари ишлаб чиқарувчилари смартфонларнинг олд камерасига урғу қаратишмоқда ва бизнесларини ривожлантиришмоқда.

Жумладан, фотографиянинг бу ривожланиш тенденцияларини инобатга олиб, Хитойнинг Vivo компанияси 28 апрел куни 20 мегапикселли олд камерага эга бўлган V5s смартфонини тақдим қилди. Бу камера учун диафрагмаси f/2.0 бўлган Sony IMX376 сенсори танланган. Шунингдек, махсус светодиодли фоточақноқ унинг имкониятларини янада кенгайтиради. Бош камера учун 13 мегапикселли, апертураси f/2.2 бўлган сенсор танланган.

Vivo V5s гаджети 5,5 дюймли HD (1280х720 пикселли), шунингдек 2.5D эффектига эга Gorilla Glass 3 шишаси билан қопланган экранга эга. Унга МТ6750 процессори ҳамда Mali-T860 видео-картаси ўрнатилган. Смартфоннинг тезкор хотира сиғими 4 гигабайт, шу билан бирга доимий хотира сиғими 64 Гб.

Vivo V5s 3000 мА соат электр токини жамлай оладиган аккумуляторга эга. Смартфон Android 6.0’нинг Funtouch OS 2.6 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади.

Металл корпусли девайс ўлчамлари: 153,8х75,5х7,55 мм, вазни 154 грамм. Ундаги АК4376 — Hi-Fi аудио-чипи юқори сифатли овоз тизими учун масъул. Қолаверса, смартфон бармоқ излари сканерига эга. Янги телефон аппарати 296 доллардан сотувга чиқарилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.