200 долларлик бу «ўлмас» смартфонни бир ойда икки мартагина қувватлаш кифоя! (+видео)

  •   DiMaX
  •  3087
  •  10.02.2021 18:14

200 долларлик бу «ўлмас» смартфонни бир ойда икки мартагина қувватлаш кифоя! (+видео)

Хитойдаги смартфонсозлардан бўлмиш Blackview компанияси ўзининг мустаҳкам ҳимояланган телефонлари билан танилган. «Қурилмаларни қийновчи» влогер Зак Нельсон унинг проекторли Blackview Max 1 смартфонини 2019 йилнинг энг, энг, энг... смартфонлари рейтингида эътироф этиб ўтган.

ЎҚИНГ: «Қурилмаларни қийновчи» техноблогер 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфонларини эълон қилди (+видео)

Компаниянинг таъкидлашича, унинг навбатдаги смартфони – Blackview BV6600 моделининг аккумуляторини бир ойда икки марта зарядлаш етарли бўлади. бунинг учун қурилмани қандай режимда ишлатиш кераклигини Blackview аниқ айтмаган, лекин кутиш режимида унинг автономлиги салкам 800 соатга (яъни – 33 кунга!) боради, деяпти.

Қизиғи шундаки, батареянинг ток сиғими ҳам рекорд даражада эмас – 8580 мА/соатлик. Афтидан, автономликни оширишда нисбатан ихчам – 5,7 дюймлик экраннинг тежамкорлиги ва дастурий таъминот оптимизацияси муҳим роль ўйнайди.

ЎҚИНГ: Қуввати энг узоқ вақтга етувчи 15 смартфон билан танишинг

Blackview BV6600 смартфони АҚШнинг ҳарбий стандарти – MIL-STD-810G талабларига жавоб беради, шунингдек, унинг корпуси IP69K даражасидаги ҳимояга ҳам эга. Маълумки, ҳозирда оммабоп бўлган IP68 стандартида ҳимояланган гаджетлар 1,5 метргача сув остида ярим соатгача туриб бера олади. IP69K стандартидаги ҳимоя тавсифига кўра, бундай тоифали девайс юқори босим остидаги қайноқ сувда ювишга ҳам ярайди.

Blackview BV6600 корпуси яна тирнаш ва зарбаларга ҳам чидамли, бир ярим метрлик баландликдан қаттиқ юзага тушганда ҳам шикастланмайди.

ЎҚИНГ: OUKITEL F150 чиқди: 8000 мАс батареяли, «ўлдириб бўлмас» смартфон – атиги 110 доллар! (+видео)

Бу смартфонни MediaTek Helio A25 процессори, 4/64 гигабайтлик тезкор/доимий хотира билан таъминлашган.

Blackview BV6600 олд камерасида Sony томонидан ишлаб чиқилган 8 мегапикселлик датчик қўлланган, бош камерасида эса 16 мегапикселлик Samsung модули ишлатилган.

Blackview компанияси AliExpress онлайн бозоридаги ўзининг расмий дўконида бу смартфонини 199.99 долларлик нарх билан сотувга қўйган. Унинг қолган хусусиятлари, расмлари билан танишиш ва буюртма бериш учун мана бу ҳавола орқали ўтиш мумкин.

ЎҚИНГ: Унча-мунчага ўз нархини йўқотмайдиган ўнта смартфон

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!