2015 йилда «UZ» ҳудудидаги  веб-сайтларга 500га яқин ҳаккерлик ҳужуми кузатилди

2015 йилда «UZ» ҳудудидаги  веб-сайтларга 500га яқин ҳаккерлик ҳужуми кузатилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг Интернет тармоғида хуружларнинг олдини олиш бўлими томонидан 2015 йилда «UZ» ҳудудидаги  веб-сайтларга уюштирилган 493 та ҳужумлар қайд қилинган. Марказ мутахассислари томонидан мазкур хуружлар билан боғлиқ 40 та нохуш ҳолат бартараф этилган. Бу ҳақида Infocom.UZ журнали Марказнинг 2015 йилдаги фаолиятига  бағишланган материалда эълон қилган.

Ахборот хуружи амалга оширилган миллий веб-сайтларнинг 95 тасида, яъни 19,2 фоизида бош саҳифани ўзгартириш (deface) ҳолати аниқланган. Ҳаккерлар ҳужумига учраган 389 та веб-сайт, яъни зарар кўрган жами сайтларнинг 78,9 фоизида уларнинг файлларидан фойдаланиш тизими блоклаб қўйилган. Қолган веб-саҳифалар эса фишинг, веб-сайт контентининг ўзгартирилиши, номувофиқ веб-манзилларнинг жойлаштирилиши каби ахборот хуружларига учраган.

Марказ экспертлари томонидан ҳаккерлар “қурбони”га айланган сайтлар таҳлил қилинганида, уларнинг 68 фоизи WordPress (CMS), 26 фоизи  Joomla! (CMS), 5 фоизи  Drupal (CMS) каби қолип – тайёр, яъни дастурчилар томонидан кўчирилган контент бошқарув тизимида яратилгани маълум бўлган.

Материалда қайд этилишича, веб-сайтни хуружлардан ҳимоя қилишда контент бошқарув тизимини янгилаб бориш ва ҳимоя дастурий таъминот маҳсулотларидан фойдаланиш, контентнинг зарарланганини аниқлаш юзасидан мунтазам мониторинг олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Эслатиб ўтамиз, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, марказ зиммасига давлат органлари ахборот тизимлари ва ресурслари хавфсизлигини таъминлаш, ахборот таҳдидларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, «электрон ҳукумат» тизими ахборот хавфсизлигини такомиллаштириш масалалари билан шуғулланиш юклатилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!