2016 йилда смартфонлар оламида урфга кирадиган 10 технология

2016 йилда смартфонлар оламида урфга кирадиган 10 технология

2016 йилда мобил саноатида қандай технологиялар урфда бўлади? Galagram мазкур саволга жавоб бериш мақсадида жорий йилда смартфонларда қўлланиши трендга айланадиган 10та технология тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди. Улар қуйидагилардан иборат.

  1. Симсиз қувватлаш

Смартфонларни ҳеч қандай симларсиз қувватлаш масаласи 2015 йилдан 2016 йилга ҳам долзарблигича ўтди. Мазкур тенденция жорий йилда ҳам сақланиб қолади. Айни пайтда ишлаб чиқарувчилар катта радиусда симсиз қувватлаш имкониятига эга янги авлод технологиялари устида изланишлар олиб бормоқда.

Аввалги барча технологиялар мазкур муаммонинг ечимини ҳал эта олганича йўқ. Тўғри, смартфонлар USB портларсиз ҳам қувват олишди, бироқ улар махсус гиламча ёки докларга қарамлигича қолмоқда. 2016 йилда смартфонни чўнтагимизда турганида ҳам қувватловчи янги ускуналарни кўришимиз эҳтимоли юқори.

  1. Аудио разъёмнинг йўқолиши

Қулоқчин (наушник)ни смартфонга улайдиган порт — аудио разъём ёки mini jack жуда эски ва вақт синовидан ўтган технология. Бироқ бугунги кунда у ўз хизматини адо этиб бўлди ҳисоб. USB Type-C ёки Lightning портлари осонгина 3,5 миллиметрли аудио чиқиш жойининг ўрнини эгаллайди.

Шундай қилиб, 2016 йилда смартфонларда наушниклар учун мўлжалланган бундай портлар ҳажми кичрайиб, смартфон қопламаси (корпуси)нинг конструкциясига ижобий таъсир кўрсатади. Ускунанинг тепа қисмига блоклар тугмачаси ўрнатилса, пасти карнайлар учун тўла озод этилади.

  1. Иккита дисплей

2016 йилда ҳам смартфонларга иккита экран ўрнатиш тамойили сақланиб қолади. Бундай ускуналар Россиянинг Yota, Хитойнинг Siswoo каби компаниялари томонидан кенг ишлаб чиқарилмоқда.

Бундай технологик ечим бир вақтнинг ўзида ҳам ноодатий, ҳам кўп вазифалилиги билан ажралиб туради. Хусусан, қўшимча дисплей орқали мутолаа қилиш қулай (агар у E-ink бўлса), шунингдек, қўшимча экран батарея қуввати паст бўлганда айниқса қўл келади.

  1. 32 Гб доимий хотира

Иловалар сонининг кўпайиши, фото ва видеотасвирлар сифати ва ҳажмининг ҳам ортиши 2016 йилда смартфонларнинг асосан 32 Гб доимий хотирада тақдим этилишига туртки беради.

Бу ҳолат хотира карталари нархининг оммавий тушиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин.

  1. 4K дисплейлар

Бугунги кунда қарий барча смартфонларга 2К дисплей ўрнатилмоқда. 2016 йилда эса 4К экранлар билан таъминланган смартфонлар урфга киради. Ҳозирча Z5 Premium каби смартфонлар шундай имкониятга эга бўлса, яқин орада Хитой ишлаб чиқарувчилари ҳам шу турдаги дисплейларга асосий урғу қаратиши кутилмоқда.

  1. Force Touch технологияли экранлар

Хабарингиз бўлса керак, Apple компаниясининг сўнги моделдаги iPhone смартфонлари, шунингдек, MacBook ва Apple Watch экранларида бармоқ билан босилган кучни ўлчайдиган ва унга жисмоний жавоб қайтарадиган Force Touch технологияси қўлланилмоқда.

Force Touch смартфондаги турли дастурларда ҳар хил вазифаларни бажариши мумкин. Масалан, экранни кучлироқ босиш билан видеонинг тезлигини ўзгартириш, календарга муҳим сана ва қайдларни киритиш, харитада белги қўйиш мумкин. Шу билан биргаликда, дастур фойдаланувчига бирор вазифа тугалланганида экран орқали тебраниш кўринишидаги хабарни беради.

2016 йилда мазкур технология бошқа смартфонлар ўртасида ҳам урфга киради.

  1. VoLTE

Voice LTE технологияси “овоз”ни GSM эмас, балки кенг полосали LTE тармоғи орқали юборади. Бу эса барча абонентлар VoLte`га уланган бўлса, овоз янада тиниқроқ, алоқада эса узилишлар даражаси камроқ кузатилади.

LTE модем ўрнатилган Хитой смартфонларида жорий йилда мазкур технология трендга айланиши кутилмоқда.

  1. Кўз қорачиғининг IRIS сканерлари

Бугунги кунда бармоқ изи сканери кўплаб смартфонларда қўлланилаётган бўлса, кўз қорачиқлари сканери — буткул янгича технология.

2016 йилда фойдаланувчиларнинг кўз қорачиғини сканердан ўтказиш имкониятига эга илк ана шундай технологиялар смартфонларда қўлланилса ажаб эмас.

  1. Қўшалоқ камералар

Смартфонлардаги қўшалоқ камераларга қай даражада эҳтиёж борлиги шубҳали масала, уларни маркетологларнинг навбатдаги найранги деб ҳам аташ мумкин. Аммо 2016 йилда айни шундай камералар кўплаб смартфонлардан ўрин олиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки шу пайтгача бир қатор ишлаб чиқарувчилар қўшалоқ камерага эга илк маҳсулотларини тақдим этиб улгурди. Huawei Honor 6 Plus смартфони шулар жумласидан.

Бу йилда Nubia ва бошқа кўплаб таниқли ишлаб чиқарувчиларнинг бир қатор янги моделларида ҳам қўшалоқ камераларни учратсангиз ажабланманг.

  1. Li-Fi

Ғаройиб келажак технологияларидан яна бири — Li-Fi (Light Fidelity). Тез орада у биз одатланиб улгураёзган Wi-Fi ўрнини эгаллайди. Мазкур технологиянинг асосий ўзига хослиги шундаки, у ахборотларни Wi-Fi`даги каби радиотўлқинларда эмас, балки кўриниб турадиган ёруғлик нури орқали тарқатади. Li-Fi орқали ахборот узатиш тезлиги анъанавий Wi-Fi`га қараганда 100 баробар тезроқ бўлади. Бу борада ўрнатилган рекорд эса сониясига 224 Гб ни ташкил этади.

Мазкур технология қўлланилган илк смартфон прототипи CES 2014 кўргазмаси доирасида намойиш этилган эди. 2016 йилда эса Li-Fi мобил саноатда ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаши айтилмоқда.

 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!