2016 йилнинг энг муаммоли смартфонлари эълон қилинди

2016 йилнинг энг муаммоли смартфонлари эълон қилинди

Blancco халқаро технология компанияси мутахассислари давримизнинг энг муаммоли смартфонлари рейтингини шакллантирдилар. Таҳлиллар носозликларнинг содир бўлиши бўйича iPhone қурилмаларининг Андроид “ақлли” телефонларига ютақзиб қўяётганини кўрсатмоқда.

2016 йилнинг биринчи чорагидаги маълумотларга кўра, турли носозликлар туфайли қайтарилган iPhone телефонлари аввалги йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга кўпайган. 2016 йилнинг иккинчи чорагида эса мазкур кўрсаткич 58 фоизгача ошиб кетган. Мазкур ҳолатда асосан iPhone 6s аппаратида камчиликлар юзага келган. 29 фоиз ҳолатда ушбу мобиль алоқа воситасидаги iOS тизимининг яхши ишламаслиги кузатилган.

2016 йилнинг 1-чорагида фойдаланувчилар томонидан қайтарилган Android смартфонлар кўрсаткичи 44 фоизни ташкил этган бўлса, 2-чоракда бу бир оз пасайиб, 35 фоизни ташкил қилган.
Асосан Samsung смартфонларини қайтариш ҳолатлари кўп кузатилган. Агар Жанубий Кореядан бўлган ушбу компания смартфон бозорида пешқадам экани ҳисобга олинса, буни тушунса бўлади. Хитойлик смартфонлар орасида эса 2016 йилнинг февралида тақдим этилган LeEco Le1S телефони носозликларга “бойлиги” бўйича етакчилик қилган.

Носозлик билан боғлиқ сабаблар

65 фоиз ҳолатда iOS қурилмаларини қайтиб топшириш қурилманинг иловаларни ўқиши билан юзага келган муаммо туфайли қайд этилган. Шунингдек, “Олма” маҳсулотида Wi-Fi модулининг ишламаслиги, наушниклардаги носозлик,маълумотлар узатиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган.

Android тизимидаги смартфонларда эса камеранинг носоз ишлаши, аккумуляторни қувватлашда, сенсор ишламаслиги, динамиклар ва микрофон ишламаслиги кузатилган.

Иловалар билан боғлиқ муаммолар

Экспертлар мазкур иккала операцион тизимларнинг дастурларни ўқиш имкониятини ҳам синаб кўрдилар. Унга кўра iOS-қурилмаларининг 50%ида, Android смартфонларининг 23%ида дастурларни ўқиш билан боғлиқ муаммо юзага келган. iOS тизимида Snapchat, Instagram, Facebook дастурларини ўқишда нисбатан кўпроқ муаммо юзага келган. 2016 йилнинг Android телефонлари эса асосан Google дастурий маҳсулотларини ўқишда қийинчиликка учраган.