2017 йил 1-чорагидаги энг оммабоп смартфонлар эълон қилинди

  •   DiMaX
  •  1575
  •  12.05.2017 11:13

2017 йил 1-чорагидаги энг оммабоп смартфонлар эълон қилинди

Юқори ўринларни, кутилганидек, Apple маҳсулотлари эгаллади. Аммо Android-смартфонлар орасидан ғолибларни кўпчилик тахмин ҳам қилмаган бўлса керак…

Strategy Analytics компанияси турли статистик маълумотларни тўплаш ва таҳлил этиш билан шуғулланади. Унинг яқинда эълон қилган ҳисоботи мобил бозорга бағишланган бўлиб, жорий йилнинг илк чорагида смартфонлар савдоси статистикаси келтирилган.

Смартфон модели 2016 йилнинг 1-чорагида жаҳон бўйлаб сотилиши, миллион дона 2017 йилнинг 1-чорагида жаҳон бўйлаб сотилиши, миллион дона
Apple iPhone 7 0,0 21,5
Apple iPhone 7 Plus 0,0 17,4
Oppo R9s 0,0 8,9
Samsung Galaxy J3 (2016) 3,0 6,1
Samsung Galaxy J5 (2016) 0,0 5,0
Қолган смартфонлар 330,1 294,4
Жами 333,1 353,3

Юқори поғоналарни, кўриб турганингиздек, iPhone 7 ва унинг «плюсли» талқини эгаллаб олган; бунга ажабланмаса ҳам бўлади.

Аммо рўйхатнинг учинчи бандини эгаллаган смартфон номи сизни ҳам ҳайратга солган бўлса керак. Ахир, мобил қурилмалар саноати етакчиларидан бўлган Samsung ёки LG’нинг бирор модели эмас, балки унчалик танилмаган Oppo R9s деган гаджет Android-смартфонлар орасида биринчи бўлиб турибди-да!

Бироқ мазкур девайснинг рейтинги юқори бўлишини айрим таҳлилчилар аввалдан тахмин қилишган ва сайтимизда ҳам бу борада маълумотлар бериб келганмиз. Жумладан, у ҳақдаги илк хабарлар 2016 йил октябрь ойи бошларидан тарқалганди. Металл корпусли Oppo R9s ва Oppo R9s Plus моделлари 19 октябрда расман намойиш этилди. Орадан кўп ўтмасдан, у Хитойнинг ўзида энг кўп сотилиб, ишлаб чиқарувчини ҳам бу борада пешқадамга айлантирди. Таъкидланишича, бунга сабаб – унинг хусусиятлари ва нархи орасидаги мутаносибликдадир.

Oppo R9s моделига Qualcomm Snapdragon 625 процессори ўрнатилган; унинг тезкор хотираси 4 ГБ, ички хотираси эса 64 ГБга тенг. Самарадорлиги бўйича ўрта синфга мансуб, аммо йиғилиш сифати, ташқи кўриниши ҳамда корпусининг материали борасида флагманлардан асло қолишмайди. Айнан шулар боис у Осиёда энг кўп сотиладиган телефонлардан бирига айланди. Натижада Oppo R9s умумжаҳон рейтингида бошқа барча «гуглофон»ларни ортда қолдириб, Apple’нинг иккита флагманидан кейинги – учинчи ўринни забт этди.

Дунё бўйича етакчиликка зўр бериб интилаётган Samsung’га келсак, унга фақат тўртинчи ва бешинчи поғоналар насиб этди. Эҳтимол, бунинг сабаби Galaxy Note 7 моделларининг ёниб кетиши сабабли қайтариб олинганлиги ҳамда Galaxy S8 флагманининг ўта кеч тақдим этилганлиги бўлса керак. Ахир, компаниянинг мазкур рейтингда жой эгаллаган иккита қурилмаси айтарли янги ҳам, самарадорлиги бўйича етакчи ҳам эмас-да.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!