2017 йилнинг ўнта мобиль тренди

  •   DiMaX
  •  1478
  •  04.04.2017 13:39

2017 йилнинг ўнта мобиль тренди

Кузатувчиларга кўра, 2016 йили жаҳон бўйлаб смартфонлар савдоси жиддий сустлашган. Демак, мобиль қурилмалар бозори бирмунча «тўйинди», энди истеъмолчиларнинг эътиборини тортиш учун ишлаб чиқарувчилар жиддийроқ бош қотиришларига тўғри келади. Бунда эса янги девайсларга янгича – олдингиларида бўлмаган технологияларни жойлаш зарурати туғилмоқда.

Хулласи калом, мутахассисларнинг фикрича, жорий йилда смартфонлар бозорида бизни қандай трендлар кутаётганига бир назар соламиз.

Янгича дизайн

Ўн йиллардан бери смартфонларнинг ташқи кўриниши айтарли ўзгаргани йўқ. Аммо кейинги вақтларда технологиялар мазкур йўналишда ҳам ўзгаришлар қилишга имкон яратади ва бунга интилаётганлар ҳам бор. Масалан, ўтган йили Moto Z ҳамда LG G5 моделлари модулли дизайни билан ҳайратга солди. 2017 йили эса Samsung букланадиган экранли смартфон чиқариши тахмин қилинаётир. Бунда диагонали 5 дюйм дисплейли смартфон ёйилиб, 7 (ёки 8) дюймли планшетга айланади. Бундан ташқари, мазкур компания аллақачон – SID 2016 кўргазмасида худди рулон каби ўралувчи OLED-экранни намойиш этган.

Самарадор чипсетлар

Бу йили мобиль процессорлар 10-нм.лик технологияларга ўтиб олишади. Илғор моделларга Samsung билан ҳамкорликда Qualcomm томонидан ишлаб чиқарилган Snapdragon 835 чипсети қўйилади. Янги Cortex-A73 ядролари Cortex-A72’га нисбатан 30 фоизга самарадорроқ бўлади, бу эса уларнинг энергия самарадорлигини ҳам шунчалик оширади. Айрим ишлаб чиқарувчилар эса ўз флагманлари учун Mediatek Helio X30 чипсетини танлашлари мумкин. У ҳам худди шундай нозик технологик жараён асосида ишланган ва ўнта ядродан иборат.

Виртуал реаллик

Процессорларнинг самарадорлиги виртуал реаллик иловалари учун жуда ҳам керак. Google компанияси картондан ишланган арзон Cardboard’дан янги шлем – пластик ва текстилдан ишланган View’га ўтди. Шунингдек, мобиль қурилмалар учун кучайтирилган VR-движок – Daydream’ни ҳам ишга туширди. Бу йили кўпчилик гаджетлар уни қўллаб-қувватлаши кутилаётир. Ҳозирча эса фақат Pixel ва Pixel XL смартфонлари эгаларигина виртуал реаллик оламига шўнғий олишади.

Тезкор LTE тармоғи

Бу тармоқларда маълумотлар узатиш тезлиги 1 Гбит/cониягача етади. Бу эса, мобиль интернет тезлиги анъанавий симли интернет уланмасидан ҳам ошади, дегани. LTE Category 16 тармоғини қўллаб-қувватлай оладиган илк қурилма Netgear Mobile Router MR1100 бўлиб, у янги Snapdragon X16 чипи асосида яратилган.

USB Type-C

Янги чиқадиган Android-қурилмаларда ҳам micro-USB 2.0 ўрнини энди буткул USB Type-C эгаллаб олади. Бу ўта мослашувчан интерфейс бўлиб, қувватлагичлардан ташқари, унинг ёрдамида мобиль девайсларни монитор, қулоқчин ва ташқи хотира сақлагичларига ҳам улаш имкони мавжуд.

Тезкор қувватлаш

Янги USB Type-C стандарти смартфонларни янада тезроқ қувват олишларига ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, Qualcomm Quick Charge 4.0 технологиясини қўллаб-қувватловчи қурилмалар ҳам чиқиш арафасида. Унинг ёрдамида 5 дақиқа қувватланган аккумулятор нақ 5 соатга етадиган қувват тўплайди.

Симсиз овоз узатиш

Ниҳоят, ҳамиша чалкашиб юрувчи симли қулоқчинлардан қутуладиган пайт ҳам келяпти. Аудио-қулоқчинларга мўлжалланган 3,5 миллиметрлик тирқишдан биринчи бўлиб Apple воз кечди – iPhone 7’да бунақа порт йўқ. Энди бора-бора бошқалар ҳам қулоқчинга овоз узатиш учун Bluetooth ёки USB Type-C интерфейсларидан фойдаланишга ўтадилар.

Bluetooth 5

Вақт синовидан ўтган Bluetooth’нинг тезлиги ва ишончлилиги мазкур технологиянинг яқинда тасдиқланган бешинчи версиясида янада ошди. Унда частоталар диапазони тўрт баробарга кенгайди, тезлиги эса икки каррага  ўсди. Энди кейинги ишлаб чиқариладиган смартфонларга шу технологияни жорий этиш тенденцияси кучаяди.

Хотира ҳажмининг кенгайиши

Балки, смартфон ва планшетларга ўрнатиш мумкин бўлган, бир терабайт ҳажмли SSD’лар ҳам шу йили ишлаб чиқилар. Ҳозирча ички хотиранинг максимал ҳажми 256 ГБни, хотира картаси ҳажми эса – 512 ГБни ташкил этмоқда. Бироқ ўтган йилиёқ SanDisk 1 ТБ ҳажмли SD-карта прототипини намойиш этди. Samsung ҳам шунақа ҳажмли SSD-хотира ишлаб чиқди. Улар V-NAND чиплари асосида ишланган ва икки квадрат сантиметрга яқин катталикка эга.

Қўшалоқ камералар

Иккита модулли – қўшалоқ камералар айрим ишлаб чиқарувчиларнинг флагман моделларида одатий ҳолга айланиб улгурди. 2017 йили уларга Sony ҳам қўшилмоқда. Бундан ташқари, ҳамёнбоп нарх тоифасига мансуб айрим қурилмаларда ҳам шу ҳолга гувоҳ бўлаётирмиз. Бу ечим мобиль суратга олиш сифатини анчагина оширади.

Буларга биринчилар қаторида гувоҳ бўлиш учун эса биздан узоқлашманг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!