2018 йил, август: Хитойда «бестселлер» смартфон аниқланди

2018 йил, август: Хитойда «бестселлер» смартфон аниқланди

2018 йилнинг иккинчи молиявий чорагида якунига етгач, маркетинг тадқиқотлари муассасалари смартфон савдосига оид янги статистик маълумотларни тақдим этишга киришиб кетдилар. Нуфузли Counterpoint Research компанияси жаҳоннинг йирик смартфон ишлаб чиқарувчи ва сотувчи мамлакати бўлмиш Хитойда энг яхши сотилаётган смартфонларини аниқлади. Бу галги ҳисобот ўзига хос усулда шакллантирилди: етказиб берувчилар энг талаб юқори смартфон моделларини айтишди, улар харидорлар эътиборига ҳавола қилинди ҳамда сўров ўтказилди, сўнгги босқичда эса экспертлар моделлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Бестселлер, яъни энг кўп сотилаётган модел ўз-ўзидан нархи илғор жиҳатларига мос келадиган смартфон бўлиб чиқади. Хитойликларнинг фикрига кўра, Oppo R15 айни пайтда энг яхши сотилаётган девайс. Хитой смартфон бозорида сотилган смартфонлар орасида унинг улуши 5% ни ташкил қилади. Юзлаб моделлар борлиги ҳисобга олинса, бу - яхши натижа.

Oppo айни пайтда Хитой бозорида етакчи смартфон сотувчиларидан бири саналади. Бунинг учун компания қатор самарали маркетинг воситаларидан фойдаланмоқда. Oppo R15 натижаси ҳам тўсатдан содир бўлгани йўқ. Бунгача ҳам Oppo R9 ҳамда R11 моделлари миллионлаб хитойликларнинг ҳурматини қозонган.

Қисқа изоҳ: Oppo R15 дизайн масаласида ҳар жиҳатдан iPhone X'га ўхшаб кетади. Унинг аппарат таъминоти учун 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 670 процессор ўрнатилган. Смартфон Quick Charge 4 тезкор қувватлаш технологиясига эга бўлгани ҳам ўзига хос жиҳатларидан биридир.

Oppo R15 моделининг металлдан ишланган орқа панели фирманинг бошқа смартфонларидан деярли фарқ қилмайди. Бош камера қўш сенсорли. Oppo R15 $500 доллардан сотилмоқда.

Яхши сотилаётган моделлар бўйича кейинги ўринда Vivo X21 турибди, унинг сўнгги чоракда қайд этилган бозордаги улуши 4%.

Кейинги икки ўринни айфонлар эгаллаб турибди: iPhone X, iPhone 8 Plus. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам 3% дан улушга эгалик қилади.

Навбатдаги ўрин соҳиби бўлган Honor 7C ҳам 3% улуш билан етакчилар қаторига қўшилган.

Таҳлилчиларнинг алоҳида таъкидлашларига кўра, харидорлар Oppo ҳамда Vivo брендларининг флагманларини ўйлаб ҳам ўтирмасдан харид қилишни афзал кўришмоқда.

Етакчи брендлар қаторида эса Huawei компаниясини кўриш мумкин. Бу ишлаб чиқарувчи ўрта нархли яхши девайслар тайёрлайдиган Honor суббренди натижалари эвазига ҳам бу чоракда сотилган жами смартфонларнинг 26% ига эгалик қилмоқда. Қолган натижалар қуйидагича: Oppo — 19%, Vivo — 18%, Xiaomi — 13% ҳамда Apple 9%.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!