2019 йилнинг энг омадсиз миллиардерлари: Amazon раҳбари ва бошқалар!

  •   DiMaX
  •  998
  •  23.12.2019 10:44

2019 йилнинг энг омадсиз миллиардерлари: Amazon раҳбари ва бошқалар!

Bloomberg Billionaires Index аввалроқ эълон қилган миллиардерлар рўйхатида Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс биринчи ўринга чиқиб олган эди. Пентагон билан шартномани у илиб кетгач, Amazon бўш қўл билан қолиб, унинг акциялари деярли 2 фоизга арзонлашган, раҳбари Жефф Безос сармояси эса 108,7 миллиард долларгача камайган.

ЎҚИНГ: Пентагон билан шартнома тузиб, Билл Гейтс яна дунёнинг энг бой кишисига айланди!

Умуман, Жефф Безос учун 2019 йил баракасиз келди; тағин йил якунида Forbes журнали уни энг омадсиз миллиардерлардан бири, деб атади! Amazon раҳбари ўтган йили сайёранинг энг бой ва омадли бизнесмени эди, бироқ бу йил рафиқаси билан ажрашганида, унинг сармояси 13 миллиард долларга (!) камайди. 25 йиллик никоҳдан сўнг ажрашган собиқ рафиқаси номига у ўзига тегишли Amazon акцияларининг 25 фоизини ўтказиб берган. Натижада Маккензи Безос сайёранинг энг бадавлат хонимига айланган, Жефф эса омадсизлар антирейтингида етакчилар қаторига кирган...

Forbes версиясига кўра энг омадсиз миллиардерлар рўйхатига яна қуйидагилар кирган:

  1. Азим Премджи – Ҳиндистоннинг энг бадавлат кишиларидан бири, ахборот технологиялари соҳасидаги Wipro компаниясининг бош директори. Унинг ҳозирги бойлиги 7,2 миллиард долларга тенг, 2019 йилда 14,1 миллиард доллар йўқотган. Шуниси ҳам борки, у ўзига тегишли нақ 7,5 миллиард долларлик Wipro акцияларини хайрия ишларига сарфлаган.
  2. Жефф Безос – Amazon асосчиси ва бош директори. Ҳозирги бойлиги – 109,7 миллиард доллар, бу йил 13,1 миллиард долларидан айрилган.
  3. Субҳаш Чандра – Ҳиндистондаги Essel медиахолдинги бош директори. Сармояси – 660 миллион (миллиард эмас) доллар, 2019 йилги камомади – 3,4 миллиард (миллион эмас) доллар. Унинг иккита компанияси акциялари 40 фоизга арзонлашган.
  4. Трэвис Каланик – Uber’нинг собиқ бош директори. Маблағи – 2,8 миллиард доллар, бу йил йўқотгани – 3,1 миллиард доллар. Uber акциялари учдан бир қисмигача арзонлашган, Каланик эса 2 миллиард долларлик акцияларини сотган ва ҳар бир сотганида солиқларни тўлаган.
  5. Янь Чжи – Zall Smart Commerce Group эгаси. Ҳозирги сармояси – 2,1 миллиард доллар, 2019 йилнинг ўзида 3 миллиард долларидан мосуво бўлган. Ёзда унинг компанияси даромадлари 74 фоизга пасайиб кетгач, акцияларининг нархлари кескин тушган.

Айтиш керакки, бир йил аввал энг омадсиз миллиардерлар антирейтингида Facebook раҳбари Марк Цукерберг етакчи эди. 2019 йилга келиб у 22,1 миллиард долларга бойиган ва ҳозирда сармояси 72 миллиард долларни ташкил этади.

ЎҚИНГ: Энг қиммат брендлар ўнталиги: Facebook нега ундан чиқиб кетди?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!