2020 йилнинг энг яхши смартфонлари (GSMArena талқини)

2020 йилнинг энг яхши смартфонлари (GSMArena талқини)

Ҳаммамиз учун оғир бўлган 2020 йил (ахири) ўз якунига етар экан, сарҳисоб вақти келди. GSMArena.com сайти ўз муштарийлари орасида йилнинг энг яхши смартфонлари борасида ўтказган икки босқичли овоз бериш жараёни натижаларини эълон қилди.

Terabayt.uz сайти ушбу рейтингни сизга тақдим этади. Қуйида бир неча категория бўйича энг яхши ва иккинчи энг яхши смартфонлар номини эълон қиламиз. Марҳамат!

2020 йилнинг энг яхши флагмани — Samsung Galaxy Note20 Ultra 5G

Samsung Galaxy Note20 Ultra 5G смартфони катта тафовут билан бошқа рақибларини чангида қолдирди. 2018 йилдаги ғолиб смартфон Note9, 2019 йилги ғолиб эса Note10+ эди. Ғолибларнинг Galaxy Note серияси вакиллари бўлиши тасодиф эмас, сабаби Samsung'нинг бу флагман линейкаси ўзини бозордаги етакчи сифатида исботлаб қўйган. Galaxy Note'ларнинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди, бироқ компания бу асоссиз гап эканини айтиб, ҳаммамизни хушнуд қилди.

Иккинчи энг яхши флагман эса, эҳтимол кутганингиздек, Apple iPhone 12 Pro Max смартфонидир. Ўтган йилги 11 Pro Max ғолибликка эриша олмаганди. Apple'нинг бу йил амалга оширган ўзгаришлари ўз натижасини берди.

...

2020 йилнинг энг яхши флагман қотили — Samsung Galaxy S20 FE 5G

Ушбу рейтинг гўё фантастик роман сюжетига ўхшаб қолди. Бу романда Galaxy смартфони қирол, унинг укаси эса қиролнинг қотили. Samsung Galaxy S20 FE'нинг энг яхши флагман қотили сифатида ғолиб бўлгани смартфон ишқибозлари учун Snapdragon vs Exynos масаласи қанчалар муҳим эканининг ёрқин намунасидир. Ёки ушбу модель шунчаки зўр смартфон бўлгани учун ғолиб бўлган.

Иккинчи ўрин билан чекланган қурилма эса OnePlus 8T смартфонидир. OnePlus 8 Pro энг яхши флагманлар қаторига кира олмаган бўлса-да, 8T «қотил» сифатида иккинчиликни банд этди.

...

2020 йилнинг энг яхши камерафони — Huawei Mate 40 Pro

Huawei яхши камерали смартфонлар бозорида еткачи экани боис Huawei Mate 40 Pro'нинг ушбу категория етакчисига айланганига ажабланмаса ҳам бўлади. Sony'нинг камералари, Leica'нинг ноу-ҳауи ва Huawei'нинг муҳандислиги жамланмаси ғолиб комбинацияни ҳосил қилган. Лекин, афсуски, глобал сиёсат сабаб Mate смартфонлари асл потенциали даражасида оммалаша олмади.

Samsung Galaxy Note20 Ultra 5G смартфони ҳар томонлама зўр флагман бўлиш билан бирга, 2020 йилнинг энг яхши камерали смартфонларидан бири бўлди. Samsung'нинг флагмани купертиноликларнинг iPhone 12 Pro Max'ни кичик ҳисобда ортда қолдириб, иккинчи марта iPhone устидан ғалаба қозонди.

...

2020 йилнинг энг яхши ўрта тоифа қурилмаси — Poco X3 NFC

Якунига етиб бораётган йил бошида Poco компанияси Xiaomi'дан ажралиб чиққанини эълон қилиб, Poco X3 NFC смартфони билан ўрта тоифа қурилмалар бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Ўтган йили энг яхши ўрта нархли смартфон Redmi Note модели бўлганди.

Иккинчи энг яхши ўрта тоифа смартфон эса Samsung Galaxy A51 (оригинал 4G верияси) бўлди. Ўтган йили худди шу ўрин Galaxy A70'га насиб этганди.

...

2020 йилнинг энг зўр ҳамёнбоп 5G смартфони — OnePlus Nord

Nord смартфонини чиқариш билан OnePlus таваккалга қўл урганди, бироқ бу ўзининг ижобий натижасини берди. OnePlus Nord компания ҳозиргача чиқарган иккинчи ҳамёнбоп смартфон бўлишига қарамай, йиллик рейтингга кира олди.

Xiaomi Mi 10T Lite 5G смартфони кичик фарқ билан иккинчи энг яхши ҳамёнбоп 5G смартфон бўлди. Mi 10T Lite 5G овоз беришнинг дастлабки босқичида Mi 10 Lite 5G («T»сиз) ни осонликча енгиб, Galaxy А51 5G'ни ҳам йўлда қолдирган.

...

2020 йилнинг энг яхши ўйин ва новатор смартфонлари

Йилнинг энг яхши ўйин смартфони номи Asus ROG Phone 3 ZS661KS'га насиб қилган бўлса, LG Wing 5G 2020 йилнинг новатор (янгилик қилувчи) смартфони деб танланди.

...

ЎҚИНГ: Роскачество рейтинги: энг зўр смартфон – бултурги флагман, энг қиммати эса атиги 4-ўринда!