2021 йил сарҳисоби: Samsung'нинг муваффақияти ҳамда муваффақиятсизлиги нимада?

2021 йил сарҳисоби: Samsung'нинг муваффақияти ҳамда муваффақиятсизлиги нимада?

2021 йилда компонентларнинг етишмовчилиги аксарият компанияларга салбий таъсир ўтказди. Бу ўз навбатида баъзи смартфон ва гаджетларнинг тақдимот санасининг кечикишига ёки қурилмаларнинг умуман тақдим этилмаслигига сабаб бўлди. 

ЎҚИНГ: Яна учта Galaxy смартфони барқарор One UI 4.0 график қобиғига ўтади 

Samsung бу йил ҳам смартфонлар савдосида гегимонликни ҳеч кимга бермади. Компания 2021 йилни Galaxy S21 сериясини тақдим этишдан бошлади. Август ойида эса компания Galaxy Z Fold 3 ва Galaxy Z Flip 3 букламафонлари ҳамда Galaxy Tab S7 сериядаги планшетларини тақдим этди. 

Шунингдек, йил давомида Galaxy A ва Galaxy M сериясида бир қанча смартфонлар, иккита Galaxy Buds қулоқчинлари ҳамда Galaxy Watch 4 серияси сотувга чиқарилди.

Баъзи қурилмалар компанияга катта даромад олиб келган бўлса, баъзилари бу борада муваффақиятсизликка учради. Келинг, яхшиси компаниясининг муваффақият қозонган ҳамда муваффақият қозона олмаган қурилмалари ҳақида сўз юритамиз. 

Муваффақият: Galaxy Z Fold 3 ва Galaxy Z Flip 3 

Galaxy Z Fold 3 ва Galaxy Z Flip 3 йилнинг энг яхши букланувчи смартфонлари бўлди. Янги дизайн, мустаҳкамлик, IPX8 сувдан ҳимоя стандарти ҳамда нархнинг нисбатан пасайиши ушбу қурилмаларга бўлган эътиборни янада оширди.

Бундан ташқари, фақатгина ушбу икки қурилма глобал миқиёсда сотувга чиқди. Хитой компаниялари тақдим этган букламафонлар эса фақатгина Хитой бозори учун ишлаб чиқарилди. 

1000 доллар нархдаги Galaxy Z Flip 3 ҳозирда энг арзон букламафонлардан бири ҳисобланади. 

Samsung келаси йилда ушбу икки смартфоннинг камера ва аккумуляторини яхшилаши зарур. Galaxy Z Fold 3'га ўтган йилги Z Fold'нинг камералари ўрнатилган, Z Flip 3'га эса икки йил аввалги камера сенсори ўрнатилган. Шунингдек, иккала смартфонда ҳам перископ камера мавжуд эмас. 

Samsung кейинги авлод букламафонларининг дисплейини ҳам такомиллаштиришини кутиб қоламиз. 

Муваффақиятсизлик: Galaxy S21 ва S21+ 

Компаниянинг Galaxy S21 Ultra смартфонига катта аҳамият бериши сериядаги бошқа смартфонлар бир четда қолиб кетишига сабаб бўлди. Очиғини айтганда, ҳозирда деярли барча компаниялар сериядаги энг асосий смартфонга аҳамият бермоқда. Бу эса қолган смартфонларга бўлган қизиқишнинг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. 

Galaxy S21 смартфонининг орқа панели шиша эмас, балки пластик билан қопланган. Бундан ташқари, S21 ҳамда S21+ моделлари Ultra'дан фарқли ўлароқ LTPO панели ҳамда перископ камерага эга эмас. Шундай бўлсада, бу икки қурилмани яхши даражадаги флагман смартфон дейиш мумкин. 

Бироқ рақобатчи компанияларнинг смартфонларини S21 ҳамда S21+ билан таққослак, улар нисбатан яхшироқ техник жиҳатларни тақдим этади. 

Муваффақият: Galaxy A ва Galaxy M серияси

Энг оммабоп ва харидоргир смартфонлар Galaxy A ва Galaxy M сериясидаги қурилмалар ҳисобланади. Samsung ҳозирда барча тоифадаги смартфонларни ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг машҳур бренд бўлиб турибди. 

Ушбу серияда Galaxy A03 Core каби энг арзон смартфонлардан тортиб, Galaxy А52s 5G каби ўрта тоифадаги смартфонларни учратиш мумкин. Бундан ташқари, M62 каби смартфонлар катта ҳажмдаги аккумуляторга эгалиги билан ажралиб туради. 

Муваффақиятсизлик: Galaxy Note серияси 

2021 йилда Galaxy Note серияси энди ишлаб чиқарилмаслиги маълум бўлди. Тоғри, ушбу йилда Samsung стилусни қўллаб-қувватловчи S21 Ultra ҳамда Z Fold 3 қурилмаларини тақдим этди. Бироқ иккала смартфонда ҳам Note серияда бўлган стилус учун уя мавжуд эмас эди. 

Samsung катта эҳтимол билан бошқа Note серияда смартфон ишлаб чиқармайди. Маълумотларга кўра, янги Galaxy S22 Ultra'да стилус учун уя бўлади. Бундан ташқари, келаси йилги Z Fold 4 букламафонида ҳам S-Pen учун уя бўлиши айтилмоқда. 

Муваффақият: Galaxy Tab S7+ 

Ушбу қурилма 120Hz янгиланиш частотасида ишловчи 12.4 дюймли AMOLED дисплейи, тўртта AKG динамиклари, Snapdragon 865 5G+ чипи, 10,090 мАс сиғимли аккумулятор ҳамда Samsung DeX функциясига эга. У, шунингдек, S-Pen'ни қўллаб-қувватлайди. 

Tab S7+ қурилмасини 2021 йилда ишлаб чиқарилган энг яхши планшетлардан бири дейиш мумкин. 

Муваффақиятсизлик: Қувватлаш тезлиги 

Бу йилги Galaxy S21 Ultra ёки Galaxy Z Fold 3 каби Samsung'нинг флагман смартфонлари фақатгина 25 ваттда қувват олади ҳолос. Xiaomi, Huawei, vivo, ZTE каби компаниялар 100-120 ваттда қувват олувчи смартфонларни ишлаб чиқараётган бир вақтда Samsung фақатгина 25 ватт билан чекланиб қолаётгани бироз тушунарсиз ҳолат. 

25 ватт 2021 йилда тезкор қувватлаш технологияси ҳисобланмайди. Ҳатто Redmi Note 11 Pro+ каби ўрта тоифадаги смартфонлар 120 ваттда қувват олмоқда. Samsung ўз смартфонларини янада тезкорроқ қувватлаш технологиялари билан жиҳозлаши керак. 

Муваффақият: Galaxy Watch 4 серияси 

Galaxy Watch 4 серияси Google'нинг Wear OS 3 операцион тизимида ишловчи илк аққли соатлардан бири бўлди. Янги тизим янгича интерфейс ва кенг қамровли илова экотизимига эга. 

Смарт соатлар юқори сифатли материаллардан ясалган, шунингдек, улар спорт машғулотларини қайд қилиб борувчи ва юрак уришини назорат қилувчи функция, тана массаси индекси ҳамда қон босимини аниқловчи сенсорга эга. 

Galaxy Watch 4 Classic модели экран атрофидаги айланувчи юмалоқ механизм орқали бошқарилади. Бу ўзига яраша қулайликни яратади. Қурилма LTE тармоғини қўллаб-қувватлайди ҳамда қўнғироқлар жавоб бериш учун мўлжалланган динамикка эга. 

Ҳозирча Samsung Galaxy Watch 4 энг яхши Android смарт соати бўлин турибди. У билан фақатгина Apple'нинг смарт соатлари рақобатлашиши мумкин. 

ЎҚИНГ: Galaxy S22 смартфонининг корпусида ўзгариш бўлади 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!