2021 йилнинг энг кутилаётган 10 смартфони

2021 йилнинг энг кутилаётган 10 смартфони

Янги йил бошида ҳаммамиз 2021 йил ўтган йилгидан яхшироқ бўлишини кутмоқдамиз. Технооламда ҳам ушбу йилда талай янгиликлар, шу жумладан, янги моделдаги смартфонлар бизни кутиб турибди.

Қимматбаҳо смартфонлар, масалан, iPhone 13'дан тортиб, ноёб дизайн ечимига эга LG Rollable бўлган қурилмалар 2021 йилда олам юзини кўриши кутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу йил ҳар кимнинг дидига мос смартфонлар тақдим қилинажак. Қуйида мана шу смартфонларнинг энг интиқиб кутилаётган 10 таси билан қисқача танишамиз.

ЎҚИНГ: 2021 йилда Samsung'дан кутаётган 5 нарсамиз

Ушбу рўйхатдаги смартфонлар кучли ёки ҳеч бўлмаса, қизиқарли, ноодатий ва инновацион бўлади.

Samsung Galaxy S21 линейкаси

Samsung Galaxy S20 Ultra

Samsung Galaxy S21 смартфони ва унинг шариклари: Samsung Galaxy S21 Plus ва Samsung Galaxy S21 Ultra'ларни йилнинг энг интиқиб кутилаётган Android смартфонлари десак муболаға бўлмас. Бу смартфонлар ўзини узоқ куттириб қўймайди, чунки, олдин ҳам хабар берганимиздек, Samsung уларни келаси пайшанба куни, яъни 14 январда тақдим қилади.

Хўш, бу смартфонлардан нимани кутсак бўлади? Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, бу флагманлар энг замонавий чип ва юқори даражадаги унумдорликка эга бўлади, сабаби Samsung уларни Snapdragon 888 ёки Эхйнос 2100 чипсетлари билан жиҳозламоқда. Ҳар икки платформа ҳам йилнинг энг қудратли чипларидан бўлиши эҳтимоли юқори.

Galaxy S21 Ultra'нинг энг ўзига хос жиҳати S Pen стилусининг қўллаб-қувватланилиши бўлади. S21 Ultra, шунингдек, 10х оптик зумга эга бўлиши ҳам мумкин. Samsung янги флагманларини юқори техник жиҳатларга эга камералар билан жиҳозлагани айтилмоқда.

iPhone 13 линейкаси

Apple iPhone 12 Pro Max

iPhone 13 смартфонлари чиқишини кутаётганлар сони Samsung Galaxy S21'ларни кутаётганлардан-да кўп бўлса керак. Лекин бу смартфонларни узоқроқ кутишга тўғри келади, чунки улар энг эртаси сентябрда тақдим қилинади.

Миш-мишларга қулоқ тутсак, ушбу янги iPhone'лар анчайин такомиллашган, жумладан, 1 терабайт доимий хотира, экраности бармоқ изи сканери ва кичикроқ ҳошияларга эга бўлади. iPhone'ларга перископ камера қўшилиши мумкинлиги ҳақида ҳам гаплар бор. Бу эса оптик зум оширилишига хизмат қилади.

iPhone 13'лар тақдим қилинишига ҳали анча бор. Шунинг учун ҳам, бу миш-мишлар рост ёки ёлғон эканлиги ҳозирча номаълум. Лекин бир нарса аниқки, iPhone 13'лар, албатта, кучли бўлади. Apple, худди iPhone 12'лар сингари, тўртта: iPhone 13 mini, iPhone 13, iPhone 13 Pro ва iPhone 13 Pro Max моделларини тақдим қилса керак.

OnePlus 9 линейкаси

OnePlus 8 Pro

OnePlus 9 смартфонлари март ёки апрель ойида тақдим қилиниб, Samsung Galaxy S21'ларда мавжуд замонавий жиҳатларни нисбтан арзон нархда тақдим қилади.

Ушбу линейка доирасида OnePlus 9, OnePlus 9 Pro ва OnePlus 9E моделлари бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Қурилмаларнинг техник жиҳатларига келсак, учала модель ҳам премиум Snapdragon 888 чипида ишлаб, юқори янгиланиш частотасига эга экран билан жиҳозланиши мумкин. OnePlus'лар ҳақида ҳозирча кўп маълумот бор эмас, лекин сиздирилган маълумотларга қараганда, OnePlus 9 48МП асосий, 48МП ультракенг ва яна қандайдир учинчи камерага эга бўлади. Смартфон 8ГБ тезкор, 128ГБ доимий хотира билан жиҳозланади. OnePlus 9 pro эса ушбу оиланинг чанг ва сувдан IP68 номиналида ҳимояланган ягона вакили бўлиши эҳтимол.

Samsung Galaxy Z Fold 3

Samsung Galaxy Z Fold 2

Samsung Galaxy Z Fold 3 смартфони ушбу рўйхатдаги бошқа қурилмалардек оммалашмаса-да, бошқаларга қараганда анчайин ўзгача ва қизиқарли қурилма бўлади.

Катта букланадиган экранга эга бўлишдан ташқари, Samsung Galaxy Z Fold 3 S Pen ручкасини қўллаб-қувватлаши ҳам айтилмоқда.

Ҳозирги хабарларга кўра, смартфон июнь ойида тақдим қилиниши мумкин. Лекин баъзи манбалар Samsung қурилмани йилнинг иккинчи ярмида тақдим қилишини айтяпти.

LG Rollable

LG Rollable аслида чиқадими-йўқми, буни ҳали билмаймиз. Лекин LG ҳақиқатан ҳам рулон ҳолига келувчи экран тайёрлаётгани ва бу дисплей 2021 йилда тақдим қилиниши ҳақида далиллар бор.

Патенга асосланиб тахмин қилиш мумкинки, ушбу қурилма фойдаланувчига экраннинг ўнг ва чап томонларини кенгайтириш имконини беради, лекин экран букланмасдан балким рулон ҳолатига келгани, барча механизмлар корпус остига яширилгани боис, LG Rollable экран кенгаймаган ҳолида бошқа оддий смартфонлар каби кўринишга эга бўлади. Сиздирилган бошқа бир маълумотга кўра, экран 6.8 дан 7.4 дюймгача кенгайиши мумкин.

LG Rollable жуда ҳам футурустик смартфон ҳисобланади ва у ҳақида ҳозирча кўп маълумотга эга эмасмиз. Бу смартфон 2021 йилда тақдим қилинмаслиги эҳтимоли юқори, лекин тақдим қилинса ҳам, жуда қиммат бўлади.

ЎҚИНГ: Технология олами: 2021 йилда бизни нималар кутмоқда?

Oppo Find X3 линейкаси

Oppo Find X2 Pro

Oppo компанияси Samsung ёки OnePlus сингари машҳур бренд эмас, лекин сўнгги йилларда компания етакчи рақиблари билан бемалол беллаша оладиган смартфонлар ишлаб чиқармоқда. Oppo Find X3 мана шундай смартфонларнинг навбатдагиси бўлиши мумкин.

Find X3 ҳатто ўтган йилги энг таниқли флагманлардан ҳам қизиқроқ ва инновативроқ бўлиши мумкин. Чунки миш-мишларга қараганда, Oppo Find X3 Pro смартфони худди микроскопдек ишлай оладиган макро камера ва 25 карра зумга эга бўлади.

Бу модель, шунингдек, смартфоннинг ҳам олд томонидан, ҳам орқа томонидан ишлай оладиган NFC билан ҳам жиҳозланиши айтилмоқда.

Техник жиҳатларга келсак, смартфонлар 3K резолюция, юқори янгиланиш частотасига эга экран, тезкор қувватланиш ва кўпгина камера билан жиҳозланади. Бу флагманларни узоқ кутишингизга ҳожат йўқ, сабаби улар тез орада тақдим қилинади.

Nokia 10

Nokia 9 PureView

Nokia 10 смартфонини анчадан бери кутамиз. Смартфон ҳақидаги илк миш-мишлар тарқалганидан кейин унинг номланиши ҳақида ҳам қатор гаплар тарқалган. Аввалига, бу қурилма Nokia 9.1 номи билан чиқиши айтилган бўлса, кейинроқ Nokia 9.2 ёки 9.3 деб номланиши ҳақида гаплар тарқалган. Энди эса ушбу модель Nokia 10 деб номланиши кутилмоқда.

Бироқ Nokia 10 тақдим қилинадиган йил айнан 2021 йил бўладими-йўқми, буниси ҳозирча номаълум. Ҳозиргача тарқалган маълумотларга қараганда, Nokia 10 сафир шишали дисплей, зангламас пўлатдан ишланган ром ва Snapdragon 888 чипига эга бўлади. Бундан чиқди, қурилма жуда ҳам премиум смартфон бўлади.

Бошқа миш-мишларга кўра, Nokia 10'нинг камера жамланмаси Nokia 9 PureView'нинг пентакамерали модулидан тубдан фарқланади; қайси жиҳатлари билан фарқланиши эса бизга ҳозирча қоронғу.

iPhone SE 3

Apple iPhone SE (2020)

iPhone 13 линейкаси тақдим этилиши аниқ. Лекин Apple'дагиларнинг iPhone SE 3 смартфонини тақдим этиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ҳозирга қадар, iPhone SE 3 ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Агар қурилма 2021 йилда тақдим қилинса, у (iPhone 12'лар билан бир хил) A14 Bionic чипида ишлаши эҳтимоли юқори.

Ҳатто iPhone SE Plus смартфони чиқиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда, аммо бу iPhone SE 3'нинг шунчаки бошқача номи бўлиши ҳам мумкин. Смартфон 5.5 ёки 6.1 дюйм экранга эга бўлади, лекин iPhone SE (2020) каби ҳамёнбоплигича қолаверади. iPhone SE 3'да моддий уй экран тугмаси сақлаб қолинадими-йўқми, буниси ҳозирча аниқ эмас.

Samsung Galaxy Note 21 линейкаси

Samsung Galaxy Note 20 Ultra

Samsung ўзининг Galaxy Note смартфонларини ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди, лекин компания бу гапларни рад этди. Galaxy Note 21 ҳақида ҳозирча кўп нарсани билмаймиз, лекин флагман S Pen, катта экран ва юқори даражадаги унумдорликка эга бўлишини кутсак бўлади. Note 21'лар августда тақдим қилинади.

Sony Xperia 1 III Compact

Sony Xperia 1 II

Sony Xperia 1 III  билан бир қаторда Сонй ўзининг Sony Xperia 1 III  Compact смартфонини тақдим қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Кўпчиликка бу смартфон ёқса керак, чунки у ҳам ихчам, ҳам кучли бўлади.

Миш-мишларга қулоқ оссак, бу қурилма 5.5 дюйм экран ва ўрта тоифанинг юқори категориясидаги чип билан жиҳозланиши эҳтимоли бор. Sony'нинг ҳар икки смартфони йилнинг биринчи ярмида тақдим қилиниши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: 2021 йилги Android'лар борасида 10 башорат

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!