2021 йилнинг энг кутилаётган 5 смартфони

2021 йилнинг энг кутилаётган 5 смартфони

Смартфон ишқибозлари Apple, Samsung, Google ва Microsoft компанияларининг янги смартфонларини интиқлик билан кутмоқда.

ЎҚИНГ: 2021 йилнинг энг кутилаётган 10 смартфони

Келинг, қуйида ҳаммамиз кутаётган бешта смартфон ҳақида, жумладан, уларнинг камераси ва бошқа жиҳатлари борасидаги такомиллашувлари атрофидаги миш-мишларга тўхталиб ўтамиз.

Apple iPhone 13

Apple'дан бошласак. Сентябрь ойи ҳар галгидек флагман iPhone'лар намойиши билан ҳаяжонли бўлади. Бу йил эса iPhone 13'ларни қарши оламиз. Худди iPhone 12 линейкаси каби бу йил ҳам янги iPhone'лар оиласида бир неча смартфон бўлишини, хусусан, стандарт ва Pro версия, умид қиламизки, ҳамёнбопроқ iPhone 13 mini ҳам бўлишини кутмоқдамиз.

Янги iPhone'ларда моддий жиҳатдан катта ўзгариш кутилмаяпти, лекин бу йил жуда чиройли Sunset Gold рангли iPhone чиқарилиши айтилмоқда. Бундан ташқари, экран юқорисидаги ҳошия ингичкароқ бўлиши айтилмоқда.

Apple янги iPhone 13 линейкаси таркибида Sunset Gold рангли смартфон чиқариши мумкин

@RendersbyIan

Камералар ҳам сезиларли даражада янгиланиши ҳақида гаплар юрибди, айниқса, кенг бурчакли камераларнинг тунги режимда тасвирга олиш имконияти яхшиланиши, зум тизими ҳам такомиллашиши айтилмоқда. Зум имкониятининг ошиши жуда яхши янгилик бўлар эди. Ҳозирги iPhone 12 Pro Max'нинг 2.5х зуми Galaxy S21 Ultra олдида ип эша олмайди.

iPhone'лар камерасининг энг муҳим жиҳати бўлган видео имконияти ҳам такомиллашиши мумкин. Масалан, юқори сифатли ProRes видео ёзиш функцияси пайдо бўлиши портрет режими учун фон блури ва тасвир рангини оширувчи бир неча фильтрлар жамланмаси ҳам жорий қилиниши ҳақида хабарла бор. Умуман олиб қараганда, янги iPhone'лардаги энг катта ўзгариш камераларда кузатилса керак.

iPhone 13, шунингдек, iOS 15'нинг ниҳоясига етказилган талқинида ишлаши керак.

Samsung Galaxy S22 Ultra

Samsung'нинг Galaxy S22 серияси чиқишини келаси йили февраль ёки мартда кутиш тўғри бўлади. Мазкур флагман линейкаси ҳақида ҳозирча миш-мишлар кўп эмас. Ҳозирда асосий эътибор Galaxy Z Fold3 ва Z Flip3 смартфонларига қаратилмоқда. Ҳолбуки, бир неча рендерлар пайдо бўлиб, Samsung'нинг янги авлод флагманларида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бермоқда.

Samsung Galaxy S22 Ultra эканлиги таъкидланаётган мазкур рендерда смартфон каттароқ — 200 мегапикселлик камерага эга эканини кўриш мумкин

LetsGoDigital билан ҳамкорликда яратилган Technizo концепти

 

iPhone'даги каби, S22'да ҳам асосий ўзгариш, асосан, камераларда кузатилиши айтилмоқда. Ҳозиргача пайдо бўлган рендерлар 200 мегапикселлик камерани кўрсатмоқда. Бу смартфонга ҳозиргача жорий қилинган энг катта резолюция бўлиб, Galaxy S21 Ultra'нинг 30х ва 10х зум имкониятини анчайин ошириши керак.

Зум ҳақида гапирар эканмиз, S22 Ultra 3х ёки 10х оптик зум ўринга давомий оптик зумга эга бўлиши айтилмоқда.

Камерадан бошқа жиҳатлар борасида катта янгиланиш ва ўзгаришларни кутмаяпмиз.

Google Pixel 6

Google'нинг Pixel 6 линейкаси ҳақида миш-мишлар ой бошидан тарқала бошлади. Смартфон янгича дизайнга эга бўлади. Анъанадан қочган ҳолда, Google бу гал базавий ва XL модель эмас, Pixel 6 ва Pixel 6 Pro номли моделларни тақдим этиши айтилмоқда. Pixel 6 Pro телефото камерага эга бўлади.

Pixel 6 сезиларли камера янгиланишларига эга бўлади, жумладан, яхшиланган тасвир сенсори 150% кўпроқ ёруғликни ўтказишга қодир бўлади. Ёруғликнинг кўп бўлиши тасвир сифати ҳам юқори бўлишини англатади, айниқса, паст ёритилган шароитларда. Pro модель ҳам 4х оптик зум билан жиҳозланиши айтилмоқда.

Ҳолбуки, энг катта янгиликлардан бири шу бўладики, Qualcomm чипларидан ишлатиш ўрнига Google ўзининг махсус Tensor платформасидан фойдаланади. Google ОАВга янги SoC'нинг қудратини кўрсатди. Tensor нутқни таниш, жонли таржима ва фотография борасида такомиллашувларга эга бўлади. Компания смартфоннинг Жонли Субтитр ва Таржимон Режимини кўрсатиб, французча презентациянинг тезлик билан инглиз тилига таржима қилинганини намойиш қилди. Фото демонстрацияда эса бир неча расмлар бирлаштирилиб, битта тиниқ сурат ҳосил қилинди.

Pixel 6, шунингдек, Android 12'да ишловчи илк смартфонлардан ҳам бўлади. Pixel смартфонларида Android 12 сиз уй экранига қўйган обойингиз рангига мослаб бутун интерфейс темасини ўзгартира олади.

Samsung Galaxy S21 FE

Galaxy S22 сериясини орзиқиб кутаётганлар Galaxy S21 сериясининг ҳали тақдим этилмаган смартфонини унутиб қўймасликлари керак. Гап Galaxy S21 FE смартфони ҳақида кетяпти. Ўтган йилги S20 FE смартфони S20 учлигидан сезиларли даражада арзонроқ чиққанига қарамай, техник кўрсаткичлари жиҳатидан ушбу смартфон Galaxy S20'дан қолишмас эди. Шу йилнинг куз фаслида тақдим қилинадиган ҳамда кучли техник жиҳатларни ўзида бирлаштирадиган Galaxy S21 FE смартфони S21 сериясидаги қурилмаларнинг арзонроқ муқобили бўлади.

Айрим маълумотларга кўра, Galaxy S21 FE 6.4 дюймли дисплей, такомиллашган 32МП асосий камера, тезкор қувватланиш имконияти ҳамда экраности бармоқ изи сканерига эга бўлади.

Смартфоннинг қанча нархда сотувга чиқиши аниқ эмас. Ўтган йилги S20 FE 699 доллардан сотила бошлаган, яьни ушбу смартфон Galaxy S20'га қараганда 300 доллар арзонроқ сотувга чиққан. Бу йилги Galaxy S21 799 доллардан сотила бошлаганини ҳисобга олсак, S21 FE тахминан ундан 100 доллар арзонроқ нархда сотувга чиқиши мумкин.

Microsoft Surface Duo 2

Microsoft Surface Duo — бу икки экранли ғайриоддий қурилма. Ўтган йили тақдим этилган ноодатий дизайндаги ушбу девайс ноқулай дастурий таъминотга эгалиги ҳамда иккита экранда ишлай оладиган иловаларнинг етишмаслиги сабаб, унинг дебюти муваффақиятсиз бўлган.

Хўш, унинг янгиланган версиясидан нима кутиш мумкин? Маълумотларга кўра, янги Surface Duo 2 қурилмасининг орқа панелида учта камера бўлади. Шунингдек, қурилма 5G ҳамда юқори техник кўрсаткичларга эга бўлади.

Такомиллашган камера ҳамда маълумот алмашинишдаги тезлик икки экранли қурилманинг биринчи авлодида бўлган муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради, бироқ Microsoft ушбу икки экранли қурилма билан яхши ишловчи дастурий таъминотни яратиши керак бўлади.

Букланувчи смартфонлар борган сари оммалашиб бормоқда. Microsoft эса Samsung'нинг Z Fold ҳамда Motorola'нинг Razor серияларидан ажралиб турувчи Surface Duo буклнувчи қурилмаларини тақдим этишни давом этмоқда.

ЎҚИНГ: 2021 йилда Samsung'дан кутаётган 5 нарсамиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.