23 августда тақдим этиладиган 10 ГБ «оперативка»ли илк смартфонни «жонли» суратлар ва видеода кўрамиз!

  •   DiMaX
  •  2273
  •  16.08.2018 11:57

23 августда тақдим этиладиган 10 ГБ «оперативка»ли илк смартфонни «жонли» суратлар ва видеода кўрамиз!

Vivo турли илғор технологияларга бой смартфонлари билан ҳаммани ҳайрон қолдириб келаётганидан хабарингиз бор. Ушбу компания кейинги ҳафтага – 23 август кунига матбуот анжумани белгилаган.

ЎҚИНГ: Apple ва Samsung уддалай олмаган технологияни Vivo амалга оширди

Хитойдаги манбаларнинг таъкидлашича, Vivo ушбу тадбирида тезкор хотираси ҳажми нақ 10 гигабайтга тенг бўлган дунёдаги биринчи смартфонни расман тақдим этади.

Тахминларга кўра, бу ерда гап Vivo X23 смартфони ҳақида кетмоқда. Шу кунларда интернетда унинг «жонли» суратлари ҳам тарқалди.

Мазкур девайснинг дисплейи тепасида томчисимон (аниқроғи – тескари томчи шаклидаги) «кемтик» бор. Аввалроқ «сизиб чиққан» хабарларга қараганда, Vivo X23 моделига якка кристалли Snapdragon 670 ёки Snapdragon 710 процессори ўрнатилади. Аммо смартфонга бу чиплардан бири билан бунчалик катта ҳажмли тезкор хотира ўрнатишдан бирор маъно чиқмайди. Эҳтимол, компания ушбу моделнинг Snapdragon 845 процессорли илғор версиясини ҳам тақдим этар.

ЎҚИНГ: Vivo’нинг яна бир рекордчи – 10/512 гигабайтлик смартфони тайёр!

Шунингдек, янги гаджет диагоналига 6,4 дюймлик экран билан жиҳозланиши ҳам маълум. Унинг дисплейига эса, табиийки, бармоқ изи сканери ҳам интеграция қилинади.

Vivo X23’нинг қўш модулли бош камераси уч каррали оптик зумга эга бўлиши ҳам айтилаётир.

Шунингдек, IT. TECH канали мазкур смартфоннинг концепти видеосини ҳам эълон қилган. Мана, уларнинг тасаввурида Vivo X23 қуйидаги дизайн ва хусусиятларга эга бўлади:

Нима бўлганда ҳам, тақдимотгача оз вақт қолди – бу орада Vivo X23 ҳақида янги маълумотлар, унинг сурат ва видеолари чиқиб қолса керак. Улардан биринчилар қаторида бохабар бўлиб бориш учун биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Хитойдаги энг оммабоп смартфонлар рейтинги: Galaxy S9 иккинчи ўринда, iPhone X эса жудаям пастда...

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!