24 мегапикселли селфи-камерага эга смартфон чиқди!

  •   DiMaX
  •  1666
  •  07.09.2017 17:40

24 мегапикселли селфи-камерага эга смартфон чиқди!

Хитойнинг Vivo компанияси Мумбайда ўзининг янги смартфони –  Vivo V7+ моделини намойиш этди. Асосан автопортрет ишқибозларига мўлжалланган мазкур қурилма ҳақида ишлаб чиқарувчининг сайтида маълумот берилган.

Ушбу девайс илғор селфи-камера билан жиҳозланган бўлиб, нақ 24 мегапикселли, f/2.0 апертурасига ва ёруғлик-диодли чақноққа эга. Моделнинг асосий – орқа панелдаги камераси эса 16 мегапикселлидир.

Илғор селфи-камерасидан ташқари, Vivo V7+ қурилмаси ромсиз дисплейи билан ҳам ҳайратга солади. Экран олд панелнинг 84,4 фоиз қисмини эгаллайди. Смартфон диагонали 5,99 дюймли, 720 x 1440 пикселли IPS-дисплейга эга. Томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган экранга Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси ўрнатилган.

Vivo V7+’нинг аппарат қисмига келадиган бўлсак, унинг «юраги» – саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 450 процессоридир. Гаджетнинг ишлаш тезкорлигида 4 гигабайтлик тезкор хотиранинг ўрни катта. Унинг 64 гигабайт сиғимли флеш-хотирасини эса 256 гигабайтгача сиғимли microSD карта билан кенгайтириш мумкин.

Ушбу қурилмага иккита SIM-карта қўйиб ишлатиш мумкин, хотира картаси учун эса алоҳида слот ажратилган. Смартфон 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 4.2, GPS ҳамда ГЛОНАСС симсиз тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Қўшимчасига Vivo V7+’да бармоқ изи сканери, FM-радио ҳамда қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрлик тирқиш мавжуд.

Селфисеварлар смартфонининг корпуси ўлчамлари 155,87 x 75,74 x 7,7 миллиметрни ташкил этади, вазни эса 160 граммга тенг. Аккумулятори ҳам чакки эмас – 3225 мА/соат сиғимга эга. Vivo V7+ Android операцион тизимининг 7.1 – Nougat талқини асосидаги Funtouch OS 3.2 қобиғида ишлайди.

Хабарларга кўра, смартфон Ҳиндистонда 15 сентябрдан, тахминан 343 АҚШ доллари нархида сотувга чиқади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.