25 яшар Amazon солномаси

25 яшар Amazon солномаси

“Amazon муваффақиятли компания бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бизнинг фаолият туримиз жуда ҳам мураккаб“. Бу сўзлар 1999 йилда, Amazon яратилганидан 5 йил ўтиб, компания асосчиси Жефф Безос айтган сўзлардир. Безоснинг ўзи ҳам Amazon истиқболига шубҳа билан қарагани жуда ҳам ҳайратланарлидир.

Бугунга келиб, асос солинганидан 25 йил ўтгач, Amazon бутун дунёдаги энг қиммат компаниялардан, Безос эса энг бой кишилардандир. Аввалига китобларнинг онлайн савдосига ихтисослашган Америка компанияси, ҳозирги келиб пуллик аъзолик тизими, дўконлари ва онлайн харид қилинган маҳсулотни мижозга бир соат ичида етказиб берувчи хусусий ақлли технологияларига эга глобал гигантга айланиб улгурди.

Хўш, Amazon империясининг юзага келиши қандай бўлди?

Amazon'нинг қанчалик инновацион бўлганлигини компаниянинг молиявий ҳисоботидан бир қарашдаёқ билиш мумкин. Ўтган йили Amazon 1 триллион АҚШ долларига баҳоланиб, Apple'дан кейинги иккинчи энг қиммат хусусий компания бўлди. Бозор баҳоси юқорилиги бўйича эса Microsoft'дан кейинги иккинчи ўринни эгаллади. Компания муваффақиятини унинг йиллик даромадларида ҳам кўриш мумкин.

Жорий йил охирига қадар савдолар рекорд даражадаги 275,06 млрд долларга етиши, 2020 йилда эса 320 млрддан ошиши прогноз қилинмоқда.

Amazon'нинг юксалиши компаниянинг глобал миқёсда кенгайиши ва кўплаб тармоқ маҳсулотларини ҳам қамраб олиши билан бўлди. Видео стриминг хизматлари ва қурилмалари, булутли хизматлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг йўлга қўйилиши/сотилиши Безоснинг компаниясига Facebook, Apple, Google ва Netflix каби техногигантлар билан технология борасида рақобатга киришиш имконини берди.

Ваҳоланки, юқорида ҳам таъкидланганидек, компания фаолиятини китоб савдоси билан бошлаган.

1995 йил: Amazon ўз фаолиятини китобларнинг онлайн савдоси билан бошлади

“Тўрт йил аввал китоблар сотишни бошлаганимизда ҳамма бизга: “Сизлар фақат компьютерни тушунасизлар, китоб сотишни эса умуман билмайсизлар“, деган эди. Бу ҳақиқат эди“, деб айтганди ёш Безос 1999 йилда.

Ўша даврда компаниянинг катта ҳажмдаги омбори борлиги Amazon'нинг бу соҳада етакчига айланиши, ҳаттоки, китобларнинг онлайн бўлмаган савдоси билан шуғулланувчи моддий дўконларни ҳам ортда қолдиришини таъминлади.

Кейинроқ, электрон китоблар ҳам яратила бошлади. Amazon бундай китоблар савдосида ҳам биринчиликни қўлга олди.

1999 йил: Amazon бутун дунёдаги энг катта онлайн шоппинг платформасига айланди

90 йиллар охирига келиб, Amazon бошқа маҳсулотларни ҳам сотишга қарор қилиб, мусиқий товарлар ва DVD дисклар савдосини ҳам йўлга қўйди.

Тез орада Безоснинг империяси янада кенгайиб, электроника маҳсулотлари, ўйинчоқлар ва ошхона анжомларини ҳам сота бошлади. Компаниянинг АҚШдаги омборлари сони ўсиб бориши билан онлайн “пештахта“лардан янги-янги товар турлари жой ола бошлаб, Amazon'нинг истеъмолчилар орасида яна ҳам оммалашувига олиб келди.

Шундай қилиб, Amazon кейинги йилларда ҳам машҳурликда давом этиб, ўн йил ичида АҚШ ва дунёдаги энг катта онлайн сотувлар компанияси мақомига эришди.

2005 йил: Amazon Prime аъзолик хизмати яратилди

2000 йилда учинчи томонларнинг ўз маҳсулотларини Amazon'да сотишига имкон берувчи Amazon Marketplace платформаси яратилди. Шундан сўнг, компания ўзининг содиқ мижозлари учун етказиб бериш хизматини тезлаштиришига эҳтиёж сезилди.

Шу мақсадда 2005 йилда танланган харидларни тезроқ етказиб беришга қаратилган Amazon Prime хизмати яратилди. Бу ташаббус барча турдаги товарлар бозори чаққон бўлишини таъминлади.

Айни дамда 100 миллиондан ортиқ мижоз ушбу пуллик хизматга аъзо бўлган. Amazon Prime орқали, шунингдек, мусиқа ва видео стриминг хизмати ҳам тақдим қилинади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирда бу хизмат дунёдаги иккинчи энг оммабоп пуллик аъзолик хизмати саналади.

2007 йил: Amazon ўзининг илк истеъмол товари — Kindle'ни яратди

Amazon “ўзлиги“ни унутгани йўқ. Электрон китоблар оммалашиб бораётган 2007 йилда Безос электрон китобларни онлайн қидириш ва юклаб олиш имконини берувчи Kindle девайсини яратиб, e-китоблар соҳасида ҳам глобал миқёсдаги етакчига айланди.

Компаниянинг Ақлли қурилмалар бўлими сезиларли даражада кенгайиб бориб, 2010 йилдан бошлаб Apple ва Google каби рақиблар билан кучли рақобатга киришди.

Бироқ Amazon'нинг бошқа техногигантлардан ажралиб турувчи жиҳати шуки, у биринчи бўлиб ақлли қурилма яратган компаниядир: компания Echo speaker'ига Amazon'нинг ўзи яратган Аlexa номли сунъий онг тизими ўрнатилган.

Жаноб Безос асос солган компания ҳозирда смарт девайслар сотувчи АҚШдаги учинчи энг катта ташкилотга айланган.

Amazon'нинг истиқболи фақатгина интернетда товарлар сотиш билан чегараланиб қоладиганга ўхшамайди.

2018 йилнинг иккинчи ярми Amazon учун мураккаб кечиб, компания бозор баҳоси яна 1 триллион доллардан тушиб кетди.

Эндиликда компаниядагилар хизматлар қамровини кенгайтириш ва ҳаттоки, жойларда ўз дўконларни очишни режалаштирмоқда.

25 йилдан сўнг Amazon қандай компанияга айланади? Бу саволга жавобни вақт ҳукмига қўйиб бериш керак.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг қиммат бренд номи маълум қилинди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.