3.65 долларлик смартфон ҳақидаги илк муносабат салбий бўлди

3.65 долларлик смартфон ҳақидаги илк муносабат салбий бўлди

2015 йилда асос солинган Ҳиндистоннинг Ringing Bells компанияси томонидан оммавий сотувга чиқарилиши режалаштирилаётган, 251 рупия (3.65 АҚШ доллари)га баҳоланган энг арзон Freedom 251 смартфонида аниқланган камчиликлар ҳақида Hindustan times нашри хабар тарқатган. Смартфон намойишидан аввал унинг нишона талқини ОАВга тақдим этилган эди.

“Ringing Bells компаниясининг қурилмаси – Freedom 251, эҳтимол, дунёнинг энг арзон “ақлли телефони”дир, лекин бу унинг камчиликларига кўз юмиш учун асос бўла олмайди. Унинг iPhone’дан кўчирилган ташқи ва ички дизайни, хусусан иловаларнинг логолари бир хил”, дейилади нашрда.

Шунингдек, унда қўнғироқларни амалга ошириш, иловалардан фойдаланишда ҳам носозликларга дуч келинган. 3G алоқа тармоғида фойдаланишга мўлжалланган гаджетдаги камчиликлар юзасидан газетанинг мурожаатига компания вакили жавоб беришдан бош тортган.

Android Lollipop 5.1 операцион тизимида ишлайдиган арзон смартфон 4 дюймли qHD IPS туридаги дисплей, 1.3 Ггц частотада ишлайдиган 8 ядроли процессор, 1ГБ тезкор хотира, 8ГБ ички ва 32ГБ ташқи хотира карталари, 3.2МП бош ва 0.3МП олд камера, 1450 мАс электр сиғими мавжуд қувват тошига эга.

Ҳиндистон Хитойдан кейин дунёнинг энг улкан смартфон бозори ҳисобланади. Бу ердаги маҳаллий ва хитойлик гаджет ишлаб чиқарувчи компаниялар ўртасидаги рақобат туфайли бир-биридан арзон ва сифатли қурилмалар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Арзон смартфон лойиҳаси Ҳиндистон бош вазири томонидан илгари сурилаётган “Make in India” (Ҳиндистонда тайёрланган) ва “Рақамли Ҳиндистон” ташаббусларига кўра амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар Ringing Bells компанияси 4G тармоғида ишлайдиган Ҳиндистондаги энг арзон – 2,999 рупия (43 АҚШ доллари) турадиган смартфонни сотувга чиқарган эди.

Чўнтакбоп мобиль қурилмага ҳиндистонликлар 18 февралдан бошлаб онлайн буюртма беришлари мумкин.