31 март: бугун iPhone SE халқаро бозорга ташриф буюрди

31 март: бугун iPhone SE халқаро бозорга ташриф буюрди

 

31 март куни АҚШ ва Германия бозорларида жорий йилнинг 21 март куни Apple компанияси томонидан намойиш қилинган iPhone SE смартфони сотила бошланди.

АҚШда қурилманинг 16 ГБ ички хотирага эга талқини 399 доллар (солиқ тўловисиз), 64 ГБ варианти эса 499 доллардан сотувга чиқарилди. Европа бозорида эса смартфон бир оз қимматроқ — 489 евро (556 АҚШ доллар) ҳамда 589 евро (670 АҚШ доллари)дан савдога киритилди.

МДҲ минтақасида iPhone SE 5 апрель куни Россия ҳудудида бозорга чиқарилади. Унинг 16 ГБ талқини Россияда 37 990 рубль (тахминан 550 доллар атрофида) ҳамда 64 ГБ варианти 47 990 рубль (700 доллар)дан сотувга чиқарилиши хабар қилинмоқда.

Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, iPhone SE ўз даврида жуда оммалашган 4 дюймли iPhone 5s смартфонининг кучли имкониятлар билан “қайта туғилиши”дир.

У 1136×640 пиксель сиғимига эга 4 дюймли дисплей, Apple A9 процессор ( M9 ён процессори билан бирга), 2 ГБ оператив хотира, 12 мегапикселли 4K-видео ёзадиган ҳамда Live Photos – «жонли сурат» олиш имконига эга бош камера, 1,2 МП олд камера билан таъминланган.

Смартфон қувват тоши – аккумулятор 3G алоқа тармоғида қурилган 14 соатлик суҳбатга, 13 соатлик видео томоша қилишга бардош беради.

Айни дамда унга “дунёдаги энг ихчам кучли смартфон” деган ном берилган. The Verge нашри смартфон имкониятига  10 дан 8,7 балл берган.

Экспертлар смартфонда 1,2 Мп олд камеранинг татбиқ қилинганини, унда iPhone 6s’да мавжуд 3D Touch технологиясининг жорий қилинмаганини, гаджетнинг 16 ГБ ички хотираси 4K-сиғимли видео ёзиш хусусиятига эга телефон учун камлик қилишини айтиб, компанияни танқид остига олишмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!