35 долларлик Raspberry Pi 3 мини компьютери савдога чиқарилди

35 долларлик Raspberry Pi 3 мини компьютери савдога чиқарилди

Янги талқиндаги Raspberry Pi 3 мини компьютери савдога чиқарилди. Бундан роппа-роса тўрт йил муқаддам эса илк бор шу турдаги кичик компьютер — Raspberry Pi Model B намойиш этилган эди.

Raspberry Pi 3 нинг аввалги талқинидан энг асосий фарқли жиҳати — унга Wi-Fi ва Bluetooth модулларининг ўрнатилганидир. Бунгача уларни алоҳида сотиб олиш талаб этиларди. Интернетга эса Raspberry Pi Ethernet орқали улана оларди.

Raspberry Pi 3 га 64 бит, 1,2 ГГц частотали ARM Cortex-A53 процессори ўрнатилган (аввалги талқинида процессор частотаси 900 МГц бўлган). Тезкор хотира ҳажми ўзгаришсиз қолди — 1 гигабайт. Шунингдек, компьютерда тўртта USB 2.0 порти, 3,5 миллиметрли аудио чиқиш слоти, HDMI, дисплей ва камераларга уланадиган интерфейслар (DSI ва CSI) мавжуд. Электр таъминоти эса 5 вольтли Micro-USB`ли адаптер орқали амалга оширилади. Бироқ ишлаб чиқарувчи 2,5 А кучланишли токдан фойдаланишни, USB-портни эса Pi 3 га энергия кўпроқ талаб қилинадиган қурилмаларга уланишда қўллашни тавсия этмоқда.

“Қизиқ ҳолат: одамлар Raspberry Pi 2 нинг ишлаши уни ҳақиқий шахсий компьютер деб аташ учун жуда секинлик қилади, дейишди. Эндиликда биз бу чизиқдан ўтдик. Биз энди аниқ айта оламиз: “Ҳа, бу шахсий компьютер”, – деди Raspberry Pi Foundation тижорий бўлими раҳбари Эбен Аптон.

Эътиборлиси, янги намуна нархи ҳам оширилмаган: митти компьютер 35 доллардан савдога чиқарилган.

Raspberry Pi Model В

Raspberry Pi Model В компьютерининг илк нусхаси 2012 йилнинг 29 февраль куни тақдим этилган эди. Шу вақтга қадар компания митти компьютерларнинг 8 миллионтасини сотди. Уларнинг уч миллионтаси Raspberry Pi 2 компьютерларидир. Айни пайтда эса Raspberry Pi`нинг техник хусусиятлари бир-биридан фарқ қиладиган бешта модели мавжуд.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!