37 кун автоном ишловчи, ретро-дизайнли Amazfit Neo смарт-соати чиқди

  •   DiMaX
  •  779
  •  27.08.2020 16:05

37 кун автоном ишловчи, ретро-дизайнли Amazfit Neo смарт-соати чиқди

Xiaomi’нинг турли тақилувчи гаджетларини тайёрлаб берувчи ҳамкори – Huami компанияси ўзининг навбатдаги «ақлли» соатини намойиш этди. Amazfit Neo номини олган мазкур гаджет ўтган асрнинг 80-90-йилларидаги Casio электрон соатлари услубидаги ретро-дизайнга эга.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг оммабоп смарт-соатлар (2020 йилнинг 1-ярми)

Huami Amazfit Neo ўша даврдаги соатлар каби оқ-қора – монохром экранга эга бўлиб, дисплей ҳамиша ёқиқ туради. Унда билдиришномалар ва кирувчи қўнғироқлар ҳақидаги маълумотлар акс этади.

Ақлли соатнинг корпуси 5 атмосфера босимигача бўлган даражада сувдан ҳимояланган. Ён томонида бошқариш учун моддий тугмачалари мавжуд.

Дизайни ретро усулида бўлса-да, Amazfit Neo моделининг «ички дунёси» анча замонавий. Қурилма смартфонга Bluetooth 5.0 интерфейси орқали боғланади, жисмоний фаолликни кузатиб боради, юрак уришларининг частотасини ўлчайди. Шунингдек, фойдаланувчи уйқусининг давомийлиги ва сифатини ҳам мониторинг қилиб боради.

ЎҚИНГ: Huawei иккита камерали ва NFC чипли смарт-соат тақдим этди (+видео)

Мазкур смартвоч вазни 32 грамм, корпусининг ўлчами эса 40,3х41х11,7 миллиметр келади. Amazfit Neo аллақачон $49.99 нарх билан AliExpress онлайн дўконига чиққан. Лекин турли купонлар билан унинг нархи $40 гача тушади.

Amazfit Neo аккумулятори 160 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиб, унинг қуввати стандарт режимда 28 кунгача, «фақат соат» режимида қўллаганда эса 37 кунга етади.

ЎҚИНГ: Huami Amazfit GTR – нақ 74 кунгача қувватлаш талаб этилмайдиган смарт-соат чиқди!