38 дақиқадаёқ қувватланиб улгурувчи, ҳамёнбоп Huawei Nova 8i сотувга чиқди

  •   DiMaX
  •  626
  •  07.07.2021 10:38

38 дақиқадаёқ қувватланиб улгурувчи, ҳамёнбоп Huawei Nova 8i сотувга чиқди

Huawei компаниясининг Nova 8 модели май ойида AnTuTu бенчмаркига кўра ўрта нархли ўнта энг кучли смартфон рейтингига кирган. Ишлаб чиқарувчи энди ушбу туркумнинг янги вакилини глобал версияда намойиш этиб, сотувга ҳам чиқарди.

ЎҚИНГ: Эгасини рози қилган ўнта смартфон (Antutu рейтинги, 2021 йил июнь)

Хитойлик техногигантнинг глобал бозордаги янги смартфони Huawei Nova 8i деб номланган бўлиб, дизайни Mate 30 Pro флагманини эслатади. Уни диагоналига 6.67 дюймлик IPS-экран билан таъминлашган. Кадр янгиланиш частотаси 60 герц бўлган дисплейнинг тирқишига 16 МПлик селфи-камера ўрнатилган.

Nova 8i бош камерасида асосий модул 64 мегапикселлик бўлса, иккинчи – кенг бурчакли объектив билан тақдим этилган сенсорнинг аниқлиги 8 МПга тенг. Квадрокамера жамланмасига яна ҳар бири 2МПлик саҳна чуқурлиги датчиги ҳамда макромодул ҳам кирган.

Huawei Nova 8i модели Qualcomm Snapdragon 662 процессори базасида тайёрланган ва 8/128 гигабайтлик тезкор/ички хотира билан таъминланган. Унинг аккумулятори 4300 мА/соатлик сиғимга ва 66 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга. Бунинг натижасида смартфонни нолдан бошлаб тўлиқ зарядлаш учун атиги 38 дақиқа вақт кифоя қилади.

Гаджетни қадоқданоқ Android 11 операцион тизими устига қурилган EMUI 11 график қобиғи билан таклиф этишмоқда, лекин унда Google сервислари йўқ. Улар ўрнига Huawei иловалари ҳамда AppGallery каталоги ўрнатилган.

Huawei Nova 8i моделини аллақачон Малайзияда, тахминан 312 АҚШ долларига тенг нархда сота бошлашган. Унинг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Энг равон ишловчи мобил операцион тизим ва смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2021 йил июнь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!