3D-принтерда чоп этилган самолёт Антарктидадаги разведка ишларида қатнашади

3D-принтерда чоп этилган самолёт Антарктидадаги разведка ишларида қатнашади

Буюк Британия ҳарбий-ҳаво кучлари Антарктидада муз разведкасини олиб бориш учун SULSA (Southampton University Laser Sintered Aircraft) учувчисиз парвоз ускунасини синовдан ўтказишни бошлади.

Дрон тўрт йил муқаддам саутгемптонлик британ муҳандислари томонидан яратилган эди. Ўша вақтда у 3D-принтерда чоп этилган дунёдаги илк учувчисиз парвоз қурилмаси мақомига сазовор бўлганди. Ускуна деталларини тайёрлашда лазерли қиздириш натижасида яхлитлаш технологиясидан фойдаланилган ҳолда EOSINT P730 қаватма-қават синтезлаш тизими қўлланилган.

Бутун бошли самолёт дақиқалар ичида ҳеч қандай қўшимча жиҳоз ёки бириктирувчи деталларсиз терилади. Дроннинг узунлиги қанотлари билан 2 метрчани ташкил этса, тезлиги соатига 160 километрга чиқади. Электромоторни қувватлаш учун аккумуляторлар блоки хизмат қилади, унинг жами оғирлиги эса бор-йўғи 3 килограммни ташкил этади.

Муз разведкасини бажариш вақтида ускуна тахминан 100 км/соат тезликда парвоз қилади. SULSA`да автопилот бўлишига қарамасдан, бу ҳолатда оператор лэптоп ёрдамида масофадан бошқарувни амалга оширади. Дрон камерасидан олинган тасвирлар реал вақт режмида пультга етказиб турилади.

SULSA`нинг автоном парвози давомийлиги 30 дақиқа атрофида. Вазифа уддаланганидан сўнг дрон белгиланган жойга қўнади ва ўша ердан кема жамоаси уни олиб кетади. Тасдиқланишича, бу каби дронлар ёрдамида амалга оширилган муз разведкаси анъанавий усулларга қараганда анча арзонга тушади. Дарвоқе, ҳар бир учувчисиз бошқариладиган ускуна нархи 10 минг доллар атрофидани ташкил этади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!