4 000 долларгача грантлар, FoBot роботи – Москвадаги ёш робототехник билан суҳбат

  •   DiMaX
  •  351
  •  09.07.2021 14:59

4 000 долларгача грантлар, FoBot роботи – Москвадаги ёш робототехник билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар»нинг бу галги суҳбатдоши – Россиянинг Москва давлат технология университети магистранти Султонбек Эркинов, деб ёзади Xabar.uz нашри. У Тошкент шаҳрида туғилган, 2018 йил Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети бакалавр босқичини тамомлаган.

ЎҚИНГ: Бир йил ичида университетни тугатган 11 ёшли болакай киборгга айланишни режалаштирмоқда!

Биринчи роботимни 2014 йил ясаганман

Зиёли оилада туғилиб вояга етганман. Мактабни битирганимдан сўнг Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежига қабул қилиндим. Мактаб вақтларидан бошлаб техника соҳасига қизиқиш уйғонган. Бунга яна бир сабаб сифатида бобомнинг айнан техника соҳасида фаолият юритгани ва профессор эканликларини айтишим мумкин. Ҳар доим уларнинг олдиларига дарслардан кейин бориб электр қурилмалардан турли хил схемалар ясар эдим. Масалан, светофор, сигнализация, пианино ва шу кабилар.

Коллежни битирганимдан сўнг Кореядаги университетларга тайёрландим ва тақдир тақозоси билан Кореяга эмас, Ўзбекистондаги олийгоҳга топширишга қарор қилдим. 2014 йил Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетига биринчи ўринда давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиндим. Талабалик йилларида ҳам яхши ўқишга, ўз устимда ишлашга интилдим. Масалан, биринчи роботимни 2014 йил ясаганман.

Шунингдек, республика ҳамда халқаро миқёсдаги турли танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгалладим.

ЎҚИНГ: «100 та фойдали илова ишлаб чиқмоқчиман» – Сардор Талъатов

 «Deviser» номли электрон конструктор ишлаб чиқдим

Болалигимдан бирор нарса ихтиро қилмоқчи бўлсам ёки ясамоқчи бўлсам, асосан бир хил муаммоларга дуч келар эдим. Яъни оддий кичик қурилмалар бир жойда сотилмаслиги ёки умуман топилмаслиги ва энг асосийси ўша қурилмалар ҳақида маълумотлар ўзбек тилида йўқлиги эди. Кўп керакли қурилмалар Хитой ёки Россиядан буюртма қилиш ва уни анча вақт кутиш зарур бўлган.

Бундай ҳолатлар мотивациямни сўндирарди. Лекин онам руҳиятимни кўтарар ва керакли қурилмаларни имкон қадар топиб берарди. Мазкур муаммоларни ечиш мақсадида 2015 йил «Deviser» номли электрон конструктор ишлаб чиқдим. Электрон конструктор юқорида айтиб ўтган ҳар иккала муаммони ҳам ечади. Ихтиро устида 1 йилдан ортиқ устозларим кўмагида иш олиб бордим.

Бу конструкторда ўрганиш учун ўқув қўлланма 3 та ўзбек, рус, инглиз тилларида 150 дан ортиқ элементлар ва 20 хилдан ортиқ схема қурилмалар ясаш имконияти мавжуд. 2019 йил мазкур лойиҳамга Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 272 млн сўм ажратилган. Ҳозир лойиҳа муваффақиятли ишлаб турибди. 2016 йилда ўзимнинг «ООО DEVISER» номли фирмамни очдим ва 2019 йилгача 600 нафардан кўп ўқувчига робототехникадан дарс бериб келдик. Ўзим ҳам дарс берар эдим. 2019 йили эса Москва давлат технология университетига ўқишга кирдим ва Россияга учиб келдим.

ЎҚИНГ: Европада ишлаётган ўзбек дастурчиси: «Германиядаги имкониятлар, Тошкентдаги муаммолар...»

Дафтарини ёзишга бериб турмайди

Магистратура учун Россияни танлашимдан мақсад мамлакатда робототехника соҳаси анча ривожланган. Қолаверса, бу ерда интеллектуал робот чиқарадиган «Promobot» номли катта компания бор. Ўқиш давомида компанияда стажировка ўташ, уларнинг тажрибасини яқиндан ўрганиш ниятим бор эди.

Лекин, афсуски, компания мен ўқиб яшаётган шаҳар Москвадан 700 км узоқда жойлашган экан.

Ўқиш бу ерда Ўзбекистондаги таълимга нисбатан анча қатъий. Бу ерда университетга ҳамма хоҳлаган кийимини кийиб келади. Шу билан бирга, барча дарсларда иштирок этишга ҳаракат қилади. Маърузаларни керак бўлса, нуқта, вергулгача ёзиб олади. Чунки сессия имтиҳонлари жуда қийин ва ўтилган мавзулардан саволлар албатта тушади. Яна олийгоҳда кўпчилик бизга ўхшаб дафтарини курсдошига кўчиртиришга бериб турмайди.

ЎҚИНГ: «Қачонгача Илон Маскнинг ракеталарига қараб ўтирамиз?» – космосга стратостат учирган ўзбек йигити ҳикояси

Роботлар хизматларини оммалаштириш зарур

Мутахассислигимнинг дунёдаги аҳамияти жуда катта. Боиси ҳозирги кунда робототехника ҳар бир соҳага кириб келган. Мисол учун, ошпазлик, ҳайдовчилик, сартарошлик, етказиб бериш хизматларини роботлар бажара бошлади.

Робот яратишнинг асосий мақсадларидан бири – одамларнинг юмушини енгил қилиш ва осонлаштириш. Масалан, тоғ-кон саноатида одамлар оғир меҳнатлар қилишади. Аксарият ҳолларда оғир шароитлар ортидан бахтсиз ҳодисалар рўй бериб туради. Бунинг олдини олиш учун оғир саноат ишларида роботлар хизматидан самарали фойдаланиш керак.

Нафақат конларда, балки инсоннинг соғлигига зарар етказадиган кимёвий заводларда ҳам роботлар хизматларини оммалаштириш зарур.

ЎҚИНГ: «Чиқинди қутиси боласи» – гўдаклигидаёқ ташлаб кетилган миллионер дастурчи ҳикояси

Ҳаракатланувчи кучук робот ясаш бўлди

Магистратурадаги илмий иш мавзуим: «4 оёқли ҳаракатланувчи кучук робот ясаш» бўлди.

Ернинг жуда катта қисмида балонли, яъни ғилдиракли транспорт ёки роботлар учун босиб ўтолмайдиган тўсиқлар мавжуд. Масалан, қиялик, жарлик, чуқурлик ёки жуда баланд бўлган жойларга ғидиракли транспортларнинг чиқиши имконсиз. Шунинг учун мен қадам ташлайдиган робот ясашга қарор қилдим. Нега айнан 4 оёқли эканлигига қизиқишингиз мумкин. Сабаби шундаки, қанча оёқлар сони кам бўлса, роботда шунча мувозанат сақлаш қийин бўлади. Масалан, икки оёқли одам ёки робот битта оёғини кўтариб турса, унинг йиқилиш мумкин бўлган томонлари 4 та: олдинга, орқага, ўнгга, чапга бўлади. Агар 4 оёқли робот иккита олди оёғини кўтарган тақдирда ҳам, у фақат иккита томонга йиқилиш эҳтимоли бўлиши мумкин.

Шу мавзуни танлашимга яна бир туртки бўлган томони «Boston Dynamics» компаниясининг технология ва роботларидан руҳланишим бўлди. Чунки уларда робот кучуклар ва ҳатто робот одамлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шу компаниянинг SpotMini номли роботи жуда ёққан. Ва мен ҳам ўз роботимни яратдим. Унинг номи FoBot.

ЎҚИНГ: Иш ўринларини телероботлар эгаллаб олади(ми?)

Диплом бериш билан чегараланишади

Саволингиздан келиб чиқиб, биринчи навбатда, Россиянинг таълим тизимини ва танловларни ўтказишдаги шаффофлик кабиларни юртимизда татбиқ қилишни айтишим мумкин.

Шунингдек бу ерда лойиҳаларингиз ва ихтироларингиз учун етарли миқдорда, аниқроғи, ўртача 2 000 АҚШ долларидан 4 000 АҚШ долларигача молиявий грантлар берилади. У хоҳ мактаб ўқувчиси бўлсин, хоҳ университет талабаси, умуман, барча учун тенг имконият берилади. Ўзбекистонда эса асосан ихтирочиларга диплом бериш билан чегараланишади.

Келажакда жаҳон стандартига жавоб бера оладиган FoBot роботларини Ўзбекистонда ишлаб чиқармоқчиман.

Шунингдек, имконияти чекланган болаларга ақлли кўзойнак, протез қўллар, соқов ва карлар учун махсус мимикани таний оладиган қурилмалар ишлаб чиқариш ниятим бор.

ЎҚИНГ: Фаррош, қоровул, чой тарқатувчи... Ўзбекистонда кимлар IT-мутахассисдан ИККИ КАРРА КЎП маош олади?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!