4,5 минг долларлик iPhone X тақдим қилинди

4,5 минг долларлик iPhone X тақдим қилинди

Россиянинг Caviar компанияси турли смартфон брендларини қиммат ва ҳашамдор талқинларини яратиши билан яхши танилган. Мазкур компания iPhone X флагманининг эксклюзив версиясини тақдим қилди. Бу талқин қуёш батареясидан қувват олади.

Смартфон Tesla приставкаси ёрдамида қуёш нуридан қувват олади. Компаниянинг қайд этишича, бу технология Николой Тесла, Стив Жобс ҳамда Элон Маск томонидан илгари сурилган ва ишлаб чиқарилган.

Қуёш батареяси мобил алоқа қурилмасининг орқа панелига бириктирилган. У шунчаки смартфонни қувватламайди, шу билан бирга уни кутилмаган зарбалардан ҳимоя қилади. Углерод толасидан тайёрланган қувват ишлаб чиқарувчи қурилма ғоятда пишиқ.

Қора рангдаги корпусга турли геометрик шакллар туширилган ҳамда титан металлининг қотишмаси билан қопланган. Шунингдек, орқа панел 24 каратли олтиндан тайёрланган жозибадор ромлар билан янада диққатни тортади. iPhone X бундай ёндашувли дизайнда янада ҳашамдор кўринади.

Ҳозирча ишлаб чиқарувчи iPhone X смартфонини мазкур қуёш батареяси орқали қанча вақт мобайнида қувватлаш кераклигини айтмаган.

Маълум қилинишича, iPhone X Tesla номли бу телефон модели чекланган тиражда ишлаб чиқарилади. Унинг ҳар бир намунаси рақамланган бўлади. Жаҳон миқёсида бор-йўғи 99 дона шундай смартфон сотувга чиқарилади. Агар талаб кўп бўлса, компания 999 донагача ишлаб чиқаришни режа қилган.

Ҳозирча Caviar сотувга чиқиш вақти ҳақида ҳеч нима демаган. Нархлар эса маълум: 64 гигабайтли хотирага эга iPhone X Tesla 4500 АҚШ долларидан, 256 гигабайтли талқин эса 4800 АҚШ долларидан сотилади.

2017 йилда тақдим қилинган флагман олд панелини тўлиқ эгаллаб олган 5,8 дюймли экран айни пайтда жаҳоннинг энг яхши смартфон дисплейи ҳисобланади. Смартфоннинг яна бир ўзига хослиги - TrueDepth технологияси. TrueDepth камераси FaceID технологияси, "Портрет режим"ида суратга олиш, "Портрет ёруғлиги" ва "Аниможи" каби замонавий функцияларга хизмат қилади. Оптик барқарорлаштириш ва студия сифатида суратга олувчи янгича "Портрет режими", 12 мегапикселли қўш сенсорлар ҳар бир кадрни энг мақбул усулда қайта ишлайди.

Ўқинг: Флагманлар кушандаси -- OnePlus 6 тақдим қилинди

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.