5 нанометрлик Snapdragon 888 Plus намойиш этилди – флагманлар учун энг зўр процессор!

  •   DiMaX
  •  262
  •  29.06.2021 09:36

5 нанометрлик Snapdragon 888 Plus намойиш этилди – флагманлар учун энг зўр процессор!

Qualcomm компанияси Snapdragon 888 Pro русумли чипсети тайёрлаётгани, унинг базасида биринчи бўлиб Honor, Xiaomi ёки Lenovo смартфон чиқариши ҳақида хабарлар юрарди. Америкалик чипсоз кеча – 28 июнь куни чиндан ҳам флагман процессорини намойиш этди, аммо унинг номи бошқачароқ экан.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 Pro бенчмаркда: унинг «оддий» Snapdragon 888 флагманидан фарқи нимада?

Qualcomm’нинг янги флагман платформаси Snapdragon 888 Plus деб номланган бўлиб, 5 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган. Унинг ўз «аждод»и – Snapdragon 888 русумли флагман чипсетдан иккита фарқи бор экан.

Фарқлардан биринчиси Cortex-X1 «суперъядро»сининг такт частотаси билан боғлиқ: уни 2,84 гигагерцдан 2,995 гигагерцгача кўтаришган (Qualcomm бу бирликни яхлитлаб 3,0 ГГц демоқда). Иккинчиси эса – чипсет жамланмасидаги (сунъий онг вазифаларининг тезлигига жавобгар бўлган) Qualcomm AI Engine блогининг самарадорлиги оширилган. Snapdragon 888 моделида унинг самарадорлиги 26 TOPS (teraOps per second – сониясига неча триллион операция бажаришини кўрсатувчи бирлик) бўлса, Snapdragon 888 Plus самарадорлиги 32 TOPS’га етган.

Qualcomm Snapdragon 888 Plus платформасининг қолган барча хусусиятлари Snapdragon 888 моделиники билан бир хил. Яъни, унинг таркибида Adreno 660 график тезлатгичи, Spectra 580 рақамли сигнал процессори, Snapdragon X60 5G модеми ҳамда FastConnect 6900 алоқа модули мавжуд. Янги чипсет смартфонларнинг Quick Charge 5 технологияси асосида тезкор қувват олишини таъминлайди.

Янги 5G-процессор базасидаги смартфонлар жорий йилнинг иккинчи ярмидан намойиш этила бошлайди. Бундай флагманларни Asus, Honor, Motorola, Vivo ҳамда Xiaomi аллақачон тайёрлашмоқда.

ЎҚИНГ: Honor ҳам, Xiaomi ҳам «дамини олаверсин» – Snapdragon 895 чипли илк смартфонни бошқаси чиқармоқчи!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!