5 юлдузли Amazon Echo аудиотизимлар оиласи “ақлли гаджет”лар билан бойиди

5 юлдузли Amazon Echo аудиотизимлар оиласи “ақлли гаджет”лар билан бойиди

Атрофимизни ўраб олган “ақлли” буюмлар орасида ҳаёт янада қулайлашиб бораётгандек. “Ақлли телефон”, “ақлли уй”, “ақлли кийим” ва ҳоказо. Булар орасида нега энди “ақлли овоз узаткич” бўлмаслиги керак?

Онлайн савдо-сотиқдан ташқари смартфон, дрон яна бошқа электрон қурилмаларга бағишланган лойиҳалари билан танилиб бораётган Amazon’нинг Echo аудио узатиш қурилмалари оиласи 2014 йилдан буён 5 юлдузли даражадаги портатив акустика тизим сифатида харидоргир қурилмалар қаторидан ўрин олиб келмоқда.

Amazon компанияси мазкур қурилмалар сонини яна 2 та қурилма – Amazon Tap Bluetooth-колонкаси ҳамда унинг ёрдамчиси, жажжи талқини Echo Dot овозли буйруқларни қабул қилиш мосламалари билан бойитди.

Бир қарашда Amazon Echo’нинг бошқа мобиль акустик тизимлардан фарқи йўқдек: оддий тикка шаклдаги, бир нечта тугмачали, жажжи бочкача кўринишдаги қурилма. Аммо овозли буйруқ тизимига эга колонка билан энди суҳбатлашиш, ундан маълумотларни сўраш мумкин. Уларда ўрнатилган 300 дан зиёд қобилият ундан турли йўналишларда маълумот олиш имконини беради.

Мисол учун, у аниқ вақтни айтиши, будильникни режалаштириши, режалаштирилган ишларни ёзиб олиш ва эслатиб туриши,  овқат тайёрлашда маслаҳат бериши, пиццага буюртма бериши ёки об-ҳаво маълумотларини айтиши мумкин.

Уни Wi-Fi ёрдамида ҳам бошқа қурилмаларга улаш, ўзимизга қулай жойга қўйсак ҳам бўлади. 450 грамм вазнли Amazon Tap қурилмаси Alexa операцион тизимига эга, уни “уйғотиш” учун микрофонга чертиш кифоя.

У Amazon Music Library мусиқий жавонидан мусиқаларни эшиттиради ва онлайн радиоларга мустақил уланади. Ундаги Dolby стандартидаги овоз кучайтиргичлар аудиони 360 даража кенгликда тинглаш имконини беради.

Қурилмани тўла қувватлантириб, 9 соат мобайнида мунтазам ёки 3 ҳафта ўртача режимда фойдаланиш мумкин.  Amazon компанияси қурилмани $130 АҚШ доллардан шу ойнинг сўнгида сотувга чиқаради.

Echo Dot эса Amazon Tap’нинг “укаси”, яъни ҳоккей шайбасидан сал каттароқ ҳажмдаги ихчам талқини. Чўнтакда кўтариб юрса бўладиган қурилма ёрдамида фойдаланувчилар ўзларининг аудио қулочқинларини Echo тизимига улашлари мумкин. Унинг нархи $90 доллар.

Яхши томони қурилмалар жуда сезгир эшитиш қобилиятига эга ва буйруқларни шовқин-сурон ичида ҳам ажратиб, олис масофадан ҳам қабул қилиш технологияси билан таъминланган.

Шунингдек, махсус иловаларни юклаш орқали бу гаджетлар ёрдамида бошқа электрон қурилмаларни, мисол учун уйни иситиш тизимини ҳам бошқариш, қарсак ёрдамида чироқни ўчириб-ёқиш мумкин. Аммо бу икки “қариндош”ни бир хонада ишлатиб бўлмайди.

Янги қурилмалар инсоннинг ақлий салоҳиятини ҳам ошириши мумкин. Унинг маълумотлар базаси Wikipedia ва бошқа тармоқ ресурсларига уланган бўлиб, сўзларни тўғри ёзилишини ўргатиши, тарих ва бошқа фанлардан сабоқ беради.