560 евродан бошланувчи OnePlus 7 ва OnePlus 7 Pro намойиш қилинди (+видео)

  •   DiMaX
  •  932
  •  15.05.2019 12:46

560 евродан бошланувчи OnePlus 7 ва OnePlus 7 Pro намойиш қилинди (+видео)

OnePlus компанияси кеча Лондонда махсус тақдимот маросимини ўтказди. Ишлаб чиқарувчи унда ўз тарихида илк бор иккита янги – OnePlus 7 ва OnePlus 7 Pro смартфонларини намойиш этди.

ЎҚИНГ: ВИДЕО: Сувдан ҳимояланмаган OnePlus 7’ни компания сув тўла челакка солиб кўрсатди!

OnePlus 7 Pro

Энг илғор флагмандан бошлайдиган бўлсак, OnePlus 7 Pro модели дунёда илк бор Fluid AMOLED-матрицали экран билан жиҳозланган. Диагоналига 6.67 дюймлик ушбу дисплей QHD+ форматида тасвир узатади, 90 герцлик кадрлар янгиланишини ҳамда HDR10+ стандартини қўллаб-қувватлайди. Смартфон олд юзасининг 93 фоиздан ошиқроқ қисмини эгаллаган экранга Gorilla Glass 6 ҳимоя шишаси ётқизилган. Аммо корпуси бирорта IP стандарти бўйича сувдан ҳимояланган эмас.

Дисплейда кемтик ёки ўйиқ йўқ – олд камера корпуснинг юқори қиррасидан чиқувчи механизмга ўрнатишган. Селфи-камера 16 мегапикселлик бўлиб, кенг кўриш бурчагига ҳамда f/2.0 диафрагмага эга. Смартфон тушиб кетганида камера шикастланмаслиги учун OnePlus ажойиб ечим қўллаган: бунда камера механизми автоматик тарзда корпус ичига яширинади.

OnePlus 7 Pro, табиийки, замонамизнинг энг зўр Андроид-процессори – Snapdragon 855 базасида ишлайди. Смартфонга суюқликли совитиш тизими жорий этилган, тезкор хотирасига кўра уч вариантда – 6/8/12 гигабайтлик. Доимий хотирасига кўра смартфон икки хил – 128 ва 256 ГБлик модификацияларда таклиф этилади. Флагманда янгича – UFS 3.0 туридаги хотира қўллангани боис, компаниянинг таъкидлашича, иловаларнинг ўрнатилиш тезлиги нақ 5 каррага ошган!

Янги флагман замонавий USB-C (USB 3.1) портига эга, аммо қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик стандарт аудиотирқиши йўқ. 4000 мА/соатлик аккумулятори Warp Charge 30 тезкор қувватлаш технологияси орқали батарея 20 дақиқадаёқ 50 фоизга тўлади. Бироқ кўпчилик замонавий флагманларга жорий этилаётган симсиз қувватлаш технологияси бунда йўқ.

 

ЎҚИНГ: OnePlus асосчиси Apple’га миннатдорчилик билдирди

OnePlus 7 Pro смартфонига Dolby Atmos стереодинамиклари ҳамда янгиланган, 0.21 сонияда ишловчи экраности оптик дактилоскоп билан таъминланган. Уни синаб кўрган журналистлар Galaxy S10’нинг ультратовушли бармоқ изи сканеридан кўра тезроқ ишлашини эътироф этишган.

Флагманнинг бош камераси уч модулли бўлиб, асосий сенсор сифатида 48 мегапикселлик Sony IMX586 ўрнатилган. Иккинчиси 16 МПлик, кенг бурчакли (қамров бурчаги 117 даражалик) объектив бўлса, учинчиси – уч карралик оптик яқинлаштириш функциясига эга, 8 МПлик телеобъективдир. Камерада оптик барқарорлаштириш, суратга олишнинг тунги режими ҳамда уч хил: PDAF, CAF ва Laser AF фокусировка турлари мавжуд. DxOMark мутахассислари аллақачон OnePlus 7 Pro камерасини синаб кўриб, 111 балл беришган; бу – Huawei P30 Pro ва Samsung Galaxy S10 5G камерофонларидан кейинги учинчи ўриндир.

OnePlus 7 Pro энг сўнгги – OxygenOS 9.5 график қобиғи остидаги Android 9 Pie операцион тизими билан тақдим этилган бўлиб, яқин орада Android Q бета-версиясини ҳам қабул қилади.

 ЎҚИНГ: РАСМАН: Android Q учинчи бета-версиясигача янгиланувчи смартфонлар рўйхати

Қуйида OnePlus 7 Pro флагманига бағишлаб тайёрланган видеолавҳани томоша қиламиз:

Энди эса компаниянинг стандарт флагманига навбат келди...

OnePlus 7

Ушбу модел ташқи кўринишидан ўз «аждод»и – OnePlus 6T смартфонига ўхшайди, аммо унга нисбатан «ички дунёси бой». Pro-версиясидаги каби, стандарт флагманга ҳам энг илғор Snapdragon 855 процессори ҳамда Dolby Atmos стереодинамиклари ўрнатилган, аудиотирқиш йўқ.

Номидан ташқари, OnePlus 7 смартфонининг Pro-версиясидан фарқлари ҳам етарлича. Аввало, бош камера қўш модулли: 48 МПлик асосий модули f/1.7 диафрагмали объективга, фазали автофокусга ҳамда оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Иккинчи сенсори 5 мегапикселлик бўлиб, суратга олинаётган саҳна чуқурлигини аниқлашга мўлжалланган.

OnePlus 7 аккумулятори ҳам нисбатан кам сиғимли – 3700 мА/соатлик бўлиб, «атиги» 20 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади. Тезкор хотираси 6 ва 8 гигабайтлик, UFS 3.0 туридаги ички хотираси эса 128 ва 256 гигабайтлик талқинларда таклиф этилади. Стандарт флагманда «оддий» AMOLED-матрицали, диагоналига 6.4 дюймлик дисплей қўлланган ва бармоқ изи унга интеграция қилинган. Экраннинг томчисимон кемтигидаги селфи-камера ҳам 16 мегапикселлик аниқликда.

Шунингдек, тақдимотда компания OnePlus 7 Pro 5G моделини ҳам эълон қилган, аммо унинг тафсилотлари кейинроқ маълум бўлади. Ҳозирча унинг Англия ва Финляндияда, «оддий» Pro-флагмандан камида 100 долларга қиммат нархда савдога чиқарилиши маълум, холос.

Компания стандарт OnePlus 7 флагманини июнь ойида, 560 евродан бошланган нархларда савдога чиқаради. Унинг Pro-версияси эса Европа бозорига 21 майданоқ чиқади ва 700-830 евро нархида сотилади.

ЎҚИНГ: 4G ва 5G’ни амалда ўзаро таққослаб кўришди: кутилмаган натижа!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!