5G: 1000 марта тезкор мобиль алоқани қарши олинг

5G: 1000 марта тезкор мобиль алоқани қарши олинг

Сиз суратда кўриб турган Мартин Купер илк маротаба Motorola русумидаги симсиз телефон орқали мобиль алоқа ўрнатган 1973 йилдан 27 йил ўтиб, яъни 2000 йиллардан бошлаб тақдим этилган 3G алоқа технологияси фойдаланувчиларга мобиль восита орқали интернетнинг веб-қидирув хизматидан фойдаланиш имконини берди.

Бугун эса инсонлар фақатгина мобиль интернет билан кифояланиб қолишаётгани йўқ. Бугун алоқа технологияси орқали саноатни бошқариш, тезкор маълумот алмашишга асосланган ҳайдовчисиз машиналар, дронларни бошқариш, “ақлли” уй ҳамда шаҳарларни бунёд этиш эҳтиёжи пайдо бўлган. Бунга эса 5G тармоғисиз эришиб бўлмайди. Мобиль технологиясининг янги тўлқини туб ўзгаришларни ваъда қилмоқда.

Кимда қачон?

Мобиль технологиянинг келажаги деярли инсоният турмуш тарзининг остонасида турибди. Ericsson ва China Mobile компаниялари август ойида илк маротаба ушбу технологияни синовдан ўтказдилар.  Хитойнинг Шанхай шаҳридаги кўчалардан бирида, Англиянинг Гилдфорд шаҳрида синов тариқасида илк 5G алоқа тармоғининг синов антенналари  ўрнатилган. Канада, Литва, Эстония каби давлатларда ҳам муваффақиятли изланишлар олиб борилмоқда.

Жанубий Корея ҳукумати мамлакатда 2018 йилда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинлари чоғида 5G тармоғини оммавий ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Япония эса ўзи мезбонлик қиладиган Ёзги Олимпия ўйинлари арафасида, яъни 2020 йилдан бошлаб мазкур технологияга ўтмоқчи. 2021 йилдан бошлаб эса янги технология АҚШ, Буюк Британия, Шведция, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитойда жорий қилинади.

Юқори тезликдаги маълумот алмашиш мумкин бўлган оптик толали алоқа тармоғини яратаётган Google ҳам 5G’га қизиқиш билдирмоқда. Компания 2014 йилда “миллиметрли тўлқин” (mmWave) номли спектр полосаси 3 ГГц.дан юқори радиочастотадан фойдаланган ҳолда арзон ва тезкор коммуникация хизматларини ривожлантираётган Alpental Technologies стартапини сотиб олган.

5G: имконият ва талаблар

Маълумот алмашишнинг янги – 5G технологиясининг катта имкониятлар билан кириб келиши кутилмоқда. Агар сиз мобиль алоқанинг 4G тармоғидан фойдаланаётган бўлсангиз, 5G технологияси сизга бу тезликдан 1000 баробар тезкорроқ маълумот алмашишни туҳфа этади. Назарий жиҳатдан 5G тармоғи 33 тагача HD сиғимли фильмларни бир сония ичида юклаб олиш имкониятини яратади. 5G симсиз тармоғи медиа ва телекомпанияларга фильм ва видео маҳсулотларни юқори сиғимда узатиш имкониятини яратади. 4К сиғимли видеоларни онлайн режимда томоша қилиш мумкин бўлади.

Strategy Analytics компаниясининг таҳлиллари янги алоқа тармоғи 2018 йилдан татбиқ этилишини кўрсатмоқда. 5G беқарор алоқа, алоқа узилиши ва тармоққа уланиш секинлиги, аккумуляторнинг тез тугаб қолиши каби муаммоларга чек қўяди.  Биринчи навбатда, 5G’ни қўллаб-қувватлайдиган смартфон ва мобиль алоқа воситаларига бўлган талаб ошиб кетади. Strategy Analytics’нинг башоратига кўра, 2022 йилда жаҳон бўйлаб ҳар йили 10 миллион дона ушбу тармоқда ишлайдиган смартфон сотилади.

5G технологиясида секундига 10 гигабайтгача бўлган маълумотни алмашиш мумкин. Тадқиқотлар 2025 йилга қадар алоқа тармоқларининг маълумот сиғими бугунгидан 1000 баробаргача каттароқ бўлиши кераклигини кўрсатмоқда.

IoT, яъни ташқи сенсор ва датчиклар билан таъминланган ва улар орқали маълумот олиб ўзаро алоқага киришувчи буюмлар тармоғини яратувчи компаниялар учун катта ҳажмдаги трафик зарур бўлмаса ҳам, қурилмадаги аккумулятор узоқ вақт ишлаши учун у тезкор маълумот алмашиш тармоғига эҳтиёж сезади.

Apple, IBM ва Samsung каби йирик ахборот технологиялари компаниялари учун ҳам 5G янги даромад манбаи бўлади. Улар энди нафақат мобиль алоқа воситалари, балки интернет буюмлари тармоғи учун оммавий равишда янги турдаги датчик ва сенсорлар ишлаб чиқара бошлайдилар.

Рақамли ривожланишми ёки инқилоб?

Жорий йилнинг 11 февраль куни процессор ишлаб чиқарувчи Qualcomm компанияси жаҳондаги илк 4G процессорини намойиш қилди. У секундига 1 гигабит ҳажмдаги маълумотни ўтказиш имкониятига эга. Қурилма бир вақтнинг ўзида 10 та симсиз маълумотлар оқимини жамлаштириб, уларнинг ҳар бирида 100 Мб маълумот алмашади.

Аммо радиочастота спектри ёки симсиз технологияни ўрнатган билан 5G ўз имкониятини намоён қилмайди. Бунинг учун электрон қурилмалар ҳам бу технологияга тайёр бўлиши керак. 2025 йилга келиб 5G-аппаратлар сони 300 млн донага етади ва 7% мобиль уланиш 5G-тармоғи ҳиссасига тўғри келади.

5G қанчага тушади?

Мазкур хизматни йўлга қўйиш эса операторлардан 100 млрд. АҚШ долларигача бўлган маблағни талаб этар эди. 90-йилларда интернет хизматлари нархи  килобайтда ўлчанган бўлса, 2000-йилларга келиб уни мегабайтларда ўлсай бошладик. Бугун эса мобиль алоқанинг интернет хизматлари нархи гигабайтда баҳоланмоқда. 5G тармоғи маълумотни тез ва арзон нархда алмашишни ваъда қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тармоқдан фойдаланиш нархи ҳозиргидан бир неча баробар арзонга тушади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!