5G-пойга: OnePlus 7 тақдимот санаси расман айтилди

  •   DiMaX
  •  1203
  •  03.09.2018 17:23

5G-пойга: OnePlus 7 тақдимот санаси расман айтилди

Бугун – 3 сентябрда OnePlus компанияси Weibo тармоғи орқали маълум қилишича, 2019 йилнинг 15 январида у расмий тақдимот маросими ўтказади. Эълон қилинган тасвирда фақатгина сана акс эттирилган OnePlus қурилмаси бор, холос.

ЎҚИНГ: OnePlus 7 5G-смартфонларининг бири бўлади

Тақдимот тадбирини деярли тўрт ярим ой аввал эълон қилганига яраша, OnePlus унда қанақадир ажойиб гаджет намойиш этмоқчи. Афтидан, бу 5G тармоғини қўллаб-қувватловчи OnePlus 7 флагмани бўлади.

Ўтган ҳафтада OPPO вакили ҳам, Snapdragon X50 LTE модеми базасидаги илк 5G-смартфонни ўзлари чиқаришларини таъкидлаган эди. Айтиш керакки, OnePlus ҳам, OPPO ҳам BBK компаниясига қарашлидир. Эҳтимол, OPPO бу борада ишлар олиб бораётган ва уларнинг натижасини OnePlus ўз флагманига татбиқ этаётган бўлиши ҳам мумкин.

Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор: мазкур хитойлик компания ўзининг «еттилик» флагманидан аввал ҳали OnePlus 6T моделини ҳам тақдим этиши керак. Балки, 15 январда у мана шу смартфонини намойиш этар, OnePlus 7 тақдимоти эса кейинроққа қолдирилар.

Таъкидлаб ўтиш керакки, 5G-пойгада рақобатчилар кўп: Apple, Samsung, Oppo, Lenovo, Huawei, Motorola... Айрим компаниялар ҳаттоки телевизорларни ҳам 5G-модем билан таъминлай бошлаган. Воқеалар ривожини бирга кузатамиз – биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Бунақаси бўлмаган: 5G модемли илк 8К-телевизор чиқяпти!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!