5G-смартфонлар бозорида Samsung бирданига 4-ўринга тушди! (2021 йил 1-чорак)

  •   DiMaX
  •  644
  •  04.05.2021 12:01

5G-смартфонлар бозорида Samsung бирданига 4-ўринга тушди! (2021 йил 1-чорак)

Finbold агентлигининг рейтингига кўра, 2020 йилнинг 4-чорагида Huawei компанияси фаол 5G-қурилмалар сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Бешинчи авлод уяли алоқа тармоғида ишловчи смартфонлар сотиш бўйича яқингача Samsung етакчи эди, аммо ҳозир вазият ўзгарди.

ЎҚИНГ: Смартфон бозоридаги бешта етакчи: Huawei ўйиндан чиқди! (2021 йил 1-чорак)

Strategy Analytics компанияси таҳлилчилари 2021 йилнинг биринчи квартали ҳолатига кўра 5G-смартфонлар бозори бўйича ҳисоботни эълон қилишди. Буни қарангки, мазкур сегментга ҳаммадан кейин қўшилган Apple корпорацияси аллақачон лидерга айланиб улгурибди! Ҳолбуки, жанубий кореялик техногигант ушбу рақиби эндигина 5G-смартфон чиқарганини масхара қилган эди.

Apple жорий йилнинг илк чорагида 5G-процессорли жами 40,4 миллионта айфон сотган – булар iPhone 12, iPhone 12 Pro, 12 Pro Max ҳамда iPhone 12 mini моделларидир. Бу кўрсаткич билан у 5G-смартфонлар бозорининг 30,2 фоизини эгаллаган.

Рейтингда иккинчи поғонани Oppo банд этган – у йилнинг биринчи кварталида 21,5 миллионта 5G-смартфон сотган ва ушбу бозордан 16,1% улуш олган. Эътибор беринг: купертинолик корпорация ундан салкам икки баравар юқори кўрсаткичлар намоён этган!

ЎҚИНГ: Ўттиз тўрт долларлик 5G-смартфонга нима дейсиз?

Кучли учликни 19,4 миллионта 5G-телефон сотиб Vivo компанияси якунлаб берган – бозорда унинг ҳиссаси 14,5 фоизга тенг. Samsung эса 17 миллион дона 5G-смартфон билан атиги тўртинчи поғонадан жой олиб турибди, унинг бозордаги улуши эса 12,7 фоизни ташкил этмоқда.

Энг сермаҳсул смартфонсозга аллақачон Xiaomi етай деб қолган: 16,6 миллионта 5G-смартфон сотган «Хитойча Apple» мазкур бозорнинг ундан озгина кам – 12,4 фоиз қисмини банд этиб турибди.

Қолган барча компаниялар сотган 5G-смартфонлар жами 19 миллионта бўлиб, умумий бозорнинг 14,2 фоизини ташкил этган.

Яна бир муҳим маълумот: 2020 йилнинг биринчи чорагида дунё бўйлаб атиги 24 миллионта 5G-телефон сотилган бўлса, бир йил ўтиб мазкур кўрсаткич салкам беш ярим бараварга ўсиб, 133,9 миллион донага етган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда илк 5G тижорий тармоғи ишга тушди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!