«5G-смартфонлар жуда арзон бўлиши керак!» – Qualcomm янги процессор чиқарди

  •   DiMaX
  •  467
  •  06.01.2021 12:02

«5G-смартфонлар жуда арзон бўлиши керак!» – Qualcomm янги процессор чиқарди

Qualcomm компанияси 2020 йилнинг декабрида навбатдаги флагмани – Snapdragon 888 чипсетини тақдим этган. Унинг базасидаги ҳозирча ягона бўлиб турган Xiaomi Mi 11 смартфони эса AnTuTu бенчмаркининг сўнгги рейтингида ғолибликка эришган.

ЎҚИНГ: «Тахтни бўшат, Xiaomi Mi 11» – AnTuTu рекордчиси январда чиқяпти

Америкалик чипсоз энди Snapdragon 480 русумли янги мобил процессорини намойиш этди. Гарчи компаниянинг Snapdragon 400 туркумидаги маҳсулотлари бошланғич ва ўрта тоифали смартфонларга мўлжалланган бўлса-да, буниси янги босқичга кўтарилган.

Аввало, бу чипсет 400-сериянинг 8 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган илк вакилидир. Қолаверса, Snapdragon 480 модели бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлловчи энг арзон Qualcomm процессори бўлди.

Шунингдек, янги чипсет олдин фақат бирмунча қиммат смартфонларга хос бўлган айрим имкониятларни энди арзон телефонларга ҳам татбиқ этиш имконини беради. Жумладан, Quick Charge 4 Plus тезкор қувватлаш технологияси, Full HD+ аниқлигидаги ва 120 герцлик частотадаги дисплейлар, 64 мегапикселлик ва уч модулли камералар ва ҳоказо.

ЎҚИНГ: AnTuTu’да тахт талашаётган Mi 11 ва iQOO 7 флагманларини битта зарбада ағдарган янги рекордчини қарши олинг!

Булардан ташқари, Snapdragon 480 чипсетида марказий процессор (CPU) ҳамда график тезлатгич (GPU) самарадорлиги олдинги – Snapdragon 460 моделидагига нисбатан икки карра оширилган. Сунъий идрок билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш жараёни эса 70 фоизга тезлаштирилган. Буларнинг барига Kryo 460 ядролари, Adreno 619 график процессори ҳамда Qualcomm Hexagon 686 блоги ёрдамида эришилган.

Snapdragon 480 базасидаги илк арзон 5G-смартфонлар шу йилнинг биринчи чорагидаёқ бозорга чиқади. Qualcomm берган маълумотга кўра, уларни дастлаб Nokia, OPPO ҳамда Vivo тақдим этади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 туркумида 300 доллардан арзон 5G-смартфон чиқди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!