5G-смартфонлар учун Samsung янгича OLED-дисплей тақдим этди ва уни Galaxy Note 20 Ultra’да қўллайди

  •   DiMaX
  •  671
  •  05.06.2020 12:41

5G-смартфонлар учун Samsung янгича OLED-дисплей тақдим этди ва уни Galaxy Note 20 Ultra’да қўллайди

Samsung Display компанияси 5G-смартфонлар учун махсус ишлаб чиқилган янгича OLED-дисплей намойиш қилди. SGS компанияси аллақачон унга Eye Care Display сертификациясини топширди.

ЎҚИНГ: Келажак мобил дисплейлари қандай бўлиши кўрсатилди

Янги OLED-экран LTPO технологиясига эга; мазкур қисқартма паст ҳароратли поликристаллик оксидларни англатади. Бунгача эса одатда LCD ва OLED-дисплейларда паст ҳароратли поликристаллик кремний қўлланиб келган.

Янгича дисплей 4K ҳамда 8K сифатидаги тасвирларни узатишга, кадрнинг юқори частоталарда янгиланишига қодир ва AMOLED-панеллардан арзонроққа тушади. Унинг ижобий жиҳатларидан яна бири ўта кам қувват сарфлашидир – смартфонларда батарея зарядининг кўп қисми айнан дисплейга харж этилади. UL мустақил агентлиги тестларида аниқланишича, янгича экранларнинг қувват сарфи ҳозирги Infinity экранларникига нисбатан 15 фоизга камайган.

Бундан ташқари, янги OLED-дисплей кўзлар учун зарарли бўлган мовий нурни 6,5% таратади. Таққослаш учун, ҳозирда қўлланаётган Samsung Infinity дисплейларида бу кўрсаткич 7,5% га тенг.

ЎҚИНГ: ВИДЕО: Смартфон қуввати тез тугаяптими? «Ҳаётнинг зулмат тарафига ўтинг!»

XDA Developers ресурси бош муҳаррири Макс Вайнбах (Max Weinbach) ўзининг Twitter-аккаунти орқали маълум қилишича, Galaxy Note 20 Ultra смартфонида айни шу янги дисплей илк бора қўлланади. Фаблетнинг LTPO технологияли экрани диагоналига 6,9 дюймлик, тасвир аниқлиги 3040х1440 пикселлик бўлиб, кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик.

Макс Вайнбах ушбу смартфоннинг бошқа хусусиятларини ҳам ошкор этган. Жумладан, Galaxy Note 20 Ultra мослашувчан режимга эга, яъни смартфон турли ишлаш сценарийларида дисплейда кадр янгиланишининг керакли частотасига автоматик равишда ўтади ва бу билан қувват сарфини камайтиради. Бунақа хусусият ҳали келаси йил чиқадиган iPhone’лардагина бўлиши маълум.

Ушбу смартфон Qualcomm компаниясининг амалдаги флагмани – Snapdragon 865 чипсети ёки ҳали расман тақдим этилмаган Snapdragon 865+ процессори базасида ишлайди, айрим ҳудудлар учун эса фаблет Exynos 992 чипсети билан тақдим этилади. Samsung мазкур қурилмасини 12/16 гигабайтлик тезкор ва 128 дан 512 гигабайтгача доимий хотира билан чиқаради.

ЎҚИНГ: Galaxy Note 20 Ultra бўлмайди, дейишганди. Лекин у илк бор интернетга чиқди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!