5G стандартидаги рақамли келажакка тайёрмисиз?

  •   DiMaX
  •  810
  •  03.02.2017 20:10

5G стандартидаги рақамли келажакка тайёрмисиз?

Атрофимиздаги олам шиддат билан ўзгариб, фан-техника тараққий этиб бораётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Хусусан, ахборот технологияларининг такомиллашуви ҳаётимизга катта ўзгаришлар киритаётир. Масалан, ўзини-ўзи бошқарадиган автомобиллар, уй роботлари, ақлли шаҳарлар… – буларнинг бари инсониятнинг турмуш тарзига кириб келишига оз қолди. Аммо ҳозирча улар кам сонли бўлгани учун ҳам ривожланиши секин бўлмоқда. Дунё бўйлаб миллионлаб шунақа ақлли қурилмалар ишлаши учун эса янгича алоқа стандарти зарур. Бу – 2010 йилдан бери амалиётга татбиқ этишга ҳозирлик кўрилаётган 5G стандартидаги алоқа тармоғидир.

Қисмлардан бутунлик сари

Рақамли келажакнинг айрим «вакил»лари ҳозиргача яратиб бўлинган ҳам: ўзи бошқариладиган автомобиллар йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро ахборот алмашган ҳолда ҳаракатда бўлади ва натижада йўл-транспорт ҳодисаси юз бермайди, улар ҳатто ҳайдаш услубини таҳлил қилиб, суғурталаш нархини ҳисоблаб беради; дронлар узоқ масофаларга учиб, камерадаги видеотасвирни масофага бевосита узатиб туришяпти, улар айрим маҳсулотларни ташишда ҳам қўлланяпти; ақлли розеткалар бор – эсдан чиқариб қолдирилган дазмолни тармоқдан узиб қўяди…

Ҳозирда бунақа гаджетлардан фойдаланиш мантиқсизликдек туюлади: интернетга уланадиган мультиварка, ўз ичидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдори ва калориясини ҳисоблаб чиқиб, маълумотларни смартфонга узатувчи музлаткич кабилар ҳозир нимага керак, тўғрими? Бунақа ақлли қурилмаларнинг функциялари чекланган, улардан амалий фойда кам, тағин нархи ҳам осмонда…

Лекин муаммо шундаки, улар катта бир тизимнинг майда бўлаклари, холос – қолган қисмлар ҳам амалиётга жорий этилмагунича булардан наф йўқ ҳисоби. Ақлли автомобиллардаги, ишлаб чиқариш ва уй роботларидаги, смартфон ва компьютерлар, ҳатто ақлли қўл соатларидаги юз миллионлаб датчиклар ўзаро боғланиб, уйғунликда ишлаши учун эса ҳозирги алоқа стандартлари тўғри келмайди. Бу гаджетлар ахборотни тўплаши, қайта ишлаши, бошқасига узатиши, қабул қилиши учун юқори тезликда ва узилишларсиз ишлайдиган интернет керак-да, ахир! Биттагина ақлли розетка билан «ақлли шаҳар»га асос солиб бўлмайди-ку.

Ақлли рақамли қурилмалар тармоғи – гўёки улкан бир паззл: бирорта кичкина бўлакчаси тушиб кетса, картинанинг бутунлигига путур етади. Шу бўлакча эса исталган бир қурилмадаги датчик бўлиши мумкин: ақлли соат, автомобиль автопилоти, эшикларни автоматик очиб-ёпиш мосламаси…

Ҳозирда автопилот – бор-йўғи ҳайдовчига айрим вазиятларда кўмакка келувчи бир ёрдамчидир. Унда ҳам алоқада кичик бир узилиш юзага келса, қайта уланиши, йўлдаги вазиятни қайта таҳлил қилиши, светофорлар сигналларини қайтадан кўздан кечириши, йўлдаги бошқа автопилотлар билан ахборот алмашиниши учун озгина бўлсаям вақт талаб этилади. Мана шу сониялар йўқотилиши оқибатида автоҳалокат юзага келиши ҳеч гап эмас.

Бошқа мисолга назар солсак: айтайлик, сизда ақлли лампочка бўлиши мумкин. Аммо ҳақиқий «ақлли уй»да ундан ташқари розеткалар, уй иқлимини созлаш мосламалари, эшик-деразалар, бошқа маиший жиҳозлар – ҳамма-ҳаммасини битта қурилма орқали бошқариш имкони бўлиши лозим. Масалан, Sony Xperia Agent сингари бирор қурилма.

5G тармоғи – бутунлай янгича алоқа стандарти

5G тармоқларида ҳар бир автомобиль ўзининг ҳаракат тезлигини, борадиган манзили ва йўлини, йўлда бошқа ҳаракат иштирокчиларининг қандай ҳаракат қилишини «билиб туради», чунки тармоқ тезлиги ва сиғими борасида муаммолар бўлмайди. Худди аэропортдаги диспетчер сингари, ҳаммаси унинг «кўзи ўнгида» бўлади. Йўллардаги барча автомобиллар синхронлашгач, кейингина ҳақиқий автопилотлар, ўзини-ўзи бошқарадиган автомобиллар пайдо бўлади. Масалан, Toyota компанияси 2025 йилга бориб ўз ақлли автомобиллари умумий маҳсулотнинг 68 фоизини ташкил этишини башорат қилмоқда. Бу эса жуда катта кўрсаткич, уларнинг барчаси у ёки бу даражада интернетга уланиши лозим бўлади.

Олимларнинг прогнозларига кўра, 5G тармоғи истеъмолга киритилганидан сўнг бир ярим йил ўтиб, дронлар ва уларни бошқарувчи қурилмалар орасидаги масофа бир неча мартагача узайиши мумкин бўлади. Ҳар бир дрон бошқаларининг ҳаракат йўналишини билиб туради ва улар йўлда ўзаро тўқнашиб кетишмайди. Дронлардаги датчиклар 5G тармоқларида ҳеч қийинчиликсиз ўзаро маълумот алмашиб боради, тармоқ сиғими ҳам юз минглаб дронларнинг фаолияти учун етарли даражада кенгаяди.

2018 йилларга бориб дронлардаги камераларнинг имкониятлари ва хотира ҳажмлари буткул кенгаяди: 5G тармоқларидаги юқори тезлик шарофати билан дронлар юқори сифатли, 360 даражали видеони тўғридан-тўғри узатадиган бўлади. Ҳууув чекка қишлоқдаги буваю бувилар билан видеомулоқот оддий ҳолга айланиб қолади.

Уйдаги маиший техника жиҳозлари эса хоналардаги ҳароратни, ҳавонинг намлигини ўзи ўлчаб, керак бўлса меъёрга солиб туради. Ақлли жиҳозлар уйда одам бор-йўқлигини ўзлари кузатиб, унинг уйқудан уйғониш вақтига қаҳва тайёрлашади;  интернетдан унга қизиқарли янгиликларни тўплаб олиб, нонушта пайти ўқиб беришади; йўлга чиқадиган вақтигача йўллардаги тиқилинчлар ва бошқа ҳолатлар хусусида маълумотларни тўплаб, смартфонига юборишади; истеъмол қилинган газ, электр, сув ва бошқалар тўғрисидаги маълумотларни тўплаб, марказга жўнатишади…

Булар эртак эмас!

Ҳа, бир қарашда буларнинг барчаси фантастикага ўхшаб кетади, лекин ўйлаб кўринг – яқин-яқинларгача экранидан бошқариладиган телефон ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас эдик-ку, тўғрими? Оддий бир инсон ўз уйида ўтириб олганича, дунёнинг нариги чеккасидаги киши билан реал вақт режимида, худди юзма-юз ўтиргандек кўришиб гаплашиши мумкинлиги кимнинг хаёлига келганди?

Хулласи калом, бизда уяли алоқа операторлари 3G тармоғини кенгайтириб, 4G тармоғини энди ишлата бошлаган бугунги кунда, дунёнинг тараққий этган мамлакатларида 5G стандартини такомиллаштириш устида қизғин ишлар кетаётир. Унда узилишлар деярли бўлмайди, бўлганда ҳам наносониялар ичида қайта уланади. Миллионлаб ақлли қурилмаларнинг датчиклари чекланмаган ҳажмда ва мислсиз юқори тезликда ўзаро ахборот алмашишларига айнан 5G тармоғи имкон яратиб беради.

Қуйидаги суратда уяли алоқа стандартларининг ривожланиши йилларни шкала тарзида акс эттириб кўрсатилган:

Демак, 5G тармоғининг ҳаётимизга кириб келишига унчалик ҳам кўп вақт қолгани йўқ. Бу тараққиётдан энг кўп уяли алоқа операторлари фойда кўради: уларнинг «мижоз»лари қаторига смартфон, планшет ва ҳоказолардан ташқари, минглаб турдаги «ақлли уй» жиҳозлари ҳам қўшилади. Табиийки, шунга мос тарзда улар ҳам ўз техник воситаларини ва хизмат кўрсатиш стандартларини такомиллаштириб боришади. Ахир, 5G тармоғида миллионлаб қурилмаларнинг йирик ҳажмда маълумот алмашишларини узлуксиз таъминлаб туриш учун озмунча ҳаракат ва харажат керакми!?

5G тармоқлари учун қурилмалар

Qualcomm компанияси келажак гаджетлари учун дунёдаги илк ускунани тақди этди, бу – Snapdragon X50 модемидир. Мазкур чип исталган қурилмага ўрнатилиши мумкин: мобил роутерми, смартфонми, ё энди ишлаб чиқариладиган бошқа ақлли жиҳозларми… Айнан шу каби чиплар келажакда 5G тармоқларида ўта юқори тезликдаги йирик ҳажмли ахборотлар узатишни таъминлаб беради. Улар қўлланадиган ва сониясига 5 гигабит тезлигида маълумот узата оладиган аниқ қурилмаларнинг яратилишига ҳам бир-икки йил қолди, демоқда кузатувчилар.

Дарвоқе, Snapdragon X50 чипини яратиш устида иш ҳам бир неча йил давом этган. Операторлар тармоқларни тестдан ўтказишлари жараёнларида Qualcomm мунтазам тарзда тезликни ошириб борди. Бир ярим йиллар аввал Snapdragon X16 чипи тақдим этилган эди, у аллақачон гаджетга ўрнатиб, фойдаланишга топширилди. Энди X50 ҳам бир йиллар ичида истеъмолга киритилиши мумкин.

2018 йилларга бориб, илк мобил 5G роутерлар пайдо бўлгач, бу чип смартфонларга ҳам ўрнатилиб, тестдан ўтказила бошлайди. Ким билади, балки Samsung Galaxy S10 ёки iPhone 8 қурилмалари 5G тармоқларида ишлайдиган қилиб чиқарилар ҳали? Бу эса технологиялар бозорида ҳам инқилоб бўлиши мумкин.

Тахминларга кўра, тестлар бир-икки йилда тугатилса, кейин бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам нафақат ўз смартфонларига, балки дрон, автомобиль, телевизор, музлаткич, мультиварка, қўл соати ва бошқаларига шу сингари чиплар ўрнатиб чиқара бошлаши эҳтимоли бор. Уй учун ақлли жиҳозларнинг сони ва ассортименти ҳам ошса, шунинг баробарида нархлари пасайса – ана кейин кўрасиз рақамли келажакни…

Тайёр туринг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!